Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакили Камолиддин БЕДИЕВ: “Ватан равнақи учун озгина ҳисса қўшсам, ўзимни бахтли ҳис қиламан”

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакили Камолиддин Бедиев билан бўлган суҳбатимиз ўзбекистонлик ёшларнинг Германиядаги ўқиш ва иш фаолияти ҳақида кечди. Суҳбат давомида Камолиддин ака ассоциациянинг мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам сўзлаб берди.

– Ассалому алайкум, Камолиддин ака. Аввало суҳбат учун вақт ажратганингиз учун раҳмат. Қайси олий ўқув юртларида таҳсил олгансиз ва ҳозир Германияда қандай вазифаларда ишлайсиз?

– 1998-2002 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг немис филологияси факультетининг бакалавр босқичини тамомлаб, Германияга келганман. Бу ерда Берлин техника университетининг коммуникация ва тил, яъни педагогика йўналиши бўйича ўқишни тугатиб, айни пайтда Берлин шаҳридаги ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Шунингдек, 2018 йил январь ойидан бошлаб Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакилиман.

– Камолиддин ака, ассоциациянинг асосий вазифалари нималардан иборат?

– Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг асосий вазифаларидан бири айни пайтда хорижда ўқиётган ва ишлаётган ёшларимиз билан алоқа ўрнатиш, барча ўзбекистонлик ёшлар билан биргаликда ҳар хил лойиҳаларни амалга ошириш, уларга турли ёрдамлар кўрсатишдан иборат. Масалан, виза, ўқиш ва иш жараёнида дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш борасида ҳуқуқий томондан ёрдам кўрсатиш кабиларни айтиш мумкин. Шунингдек, ўзбек ёшларининг қалбида миллий ўзлигимизни сақлаш мақсадида халқона байрамларимизни биргаликда нишоллаш, мазкур жараёнда турли спорт мусобақаларини ташкил этиш ҳам ассоциациянинг асосий вазифаларига киради.

– 2019 йил январь ойида Президентимизнинг Германияга расмий ташрифи чоғида ўзбекистонлик ёшлар билан учрашув ҳам ташкил қилинган эди. Ўша учрашув, ундан олган таассуротларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Албатта, ташриф чоғида Германиянинг турли ўқув юртларида таҳсил олаётган ва илмий тадқиқотлар олиб бораётган ёшлар қаторида Президентимиз билан учрашиш бизга ҳам насиб этди. Учрашувда бизни энг кўп руҳлантирган нарса шу бўлдики, куннинг жуда совуқ бўлишига қарамай Шавкат Мирзиёев Германияга келибоқ ёшлар билан учрашди. Учрашув жуда самимий бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари ёшларнинг ҳар бир таклиф ва мулоҳазаларига бир-бир қулоқ тутди ва ўз маслаҳатларини берди. Жумладан, дунёнинг ривожланган давлатларидан бири бўлган Германияда энг замонавий билим ва касбларни эгаллаб, уларни она Ватанимизда жорий этишни истовчи ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ваъда бердилар. Бу ўзбекистонлик ёшлар учун жуда яхши мотивация бўлди, дейиш мумкин.

– Шу ўринда ўз фаолиятингиздан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ёшларнинг Германиядаги ҳаёти ҳақида нималарни айтиб бера оласиз?

– Мен бу вазифада 2018 йилдан буён фаолият юритиб келяпман. Нокамтарлик бўлса ҳам айтай, ўтган вақт давомида анчагина ишлар қилинди. Жумладан, халқаро илмий конференциялар уюштирилди, ўзбек тили форумини муваффақиятли ўтказдик, ўзбекистонликларнинг фарзандлари учун ташкил қилинган ўзбек тили курслари билан ҳамкорликда турли тадбирлар ташкил этдик. Бу тадбирлар давомида Ўзбекистондан уларга китоблар етказиб беришни ҳам йўлга қўйдик. Ҳозирги пандемия даврида она Ватанимиздаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда вебинарлар ташкил қиляпмиз. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент давлат аграр институтининг Нукус филиали, Ўзбекистон миллий университетлари билан вебинарлар ташкил қилинди. Яқин кунларда Андижон давлат тиббиёт институти билан куннинг долзарб мавзуси бўлмиш коронавирус инфекцияси билан боғлиқ халқаро онлайн конференция ташкил этишни режалаштирганмиз. Мазкур конференция АҚШнинг Калифорния университети ва германиялик олимлар билан ташкил этилади.

– Камолиддин ака, келажакдаги режаларингиз қандай? Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз борми ёки шу ерда туриб, ўзбекистонлик ёшларга ёрдам кўрсатишда давом этасизми?

– Ватаним равнақига оз бўлсада ҳисса қўшсам, ўзимни бахтли ҳис қиламан. Бу учун қаерда бўлишимнинг аҳамияти йўқ. Тўғри, Ўзбекистонга боғлиқ бўлган ишларимизда она юртга бориб ҳам ишлайман. Айни пайтда Ўзбекистонга боғлиқ лойиҳаларимиз бор, бу бўйича Ватанга қайтиб фаолиятимизни давом эттирамиз.

Отабек ШАРАФОВ суҳбатлашди.

2015-2024 © GOVERNMENT OF ISHTIKHON DISTRICT. Maked by: SAKTRM