Кофирқалъа - Суғд ҳукмдорларининг қароргоҳи

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Самарқанд Суғдида Афросиёб, Қулдортепа, Кофирқалъа, Иштихон, Қушония, Робинжон ва Добусия каби катта-кичик қадимги шаҳарлар мавжуд эди. Бу шаҳарларнинг ичида Кофирқалъа шаҳарчасининг алоҳида ўрни бўлган.

Кофирқалъа шаҳарчаси – Дарғом каналининг чап қирғоғида, Афросиёбнинг жанубий томонида, Самарқанд шаҳридан 18 километр жанубда жойлашган. Шаҳарчанинг умумий майдони 16 гектар бўлиб, уч қисмдан - арк, шаҳристон ва работдан иборат эди. Арк ўлчамлари 76х76 метр, баландлиги 25 метрли квадрат шаклида бўлиб, томонлари 360 метрни ташкил этган. Работнинг эса катта қисми ҳозирда экин майдонига айлантирилганлиги учун унинг аниқ ҳажми номаълум.

Ушбу ёдгорликда 1991 йилдан буён дастлаб Яҳё Ғуломов номидаги Археология институтининг археология гуруҳи, Ўзбекистон-Италия халқаро қўшма экспедицияси, ҳозирда эса Ўзбекистон-Япония халқаро қўшма экспедицияси олимлари ҳамкорликда қазишмалар олиб бормоқда. Асосий археологик қазишмалар шаҳар Аркида бажарилди. Арк унча баланд бўлмаган табиий тепалик устида жойлашган бўлиб, атрофи мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган, тўрт бурчагида тўртта айлана минораси бор. Аркнинг ичига унинг жанубий томонида барпо қилинган осма кўприк орқали кирилган. Аркнинг атрофида чуқур хандақ қазилган ва унда ҳамиша сув турган. Ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида Аркнинг ичидаги айвон, ҳашаматли зал, ҳукмдорга мўлжалланган тахтхона ва бошқа иншоотлар ўрганилди. Бу ерда сақланган маданий қатламлар асосан уч даврга мансуб бўлиб, биринчи давр VII-VIII асрларга, иккинчи давр VIII асрнинг иккинчи ярмига, учинчи давр X-XII асрларга оид.

Аркнинг биринчи қурилиш даври VII аср охири VIII асрнинг биринчи ярмига мансуб. Бу даврда Кофирқалъа Арки гумбазсимон йўлакли девор билан ўралган сарой тарзида, ўта мустаҳкам монументал иншоотга айланган. Йўғон ёғоч устунлар дарахтдан ясалган тагкурсилар устига ўрнатилган. Қазишмалар жараёнида шу нарсалар маълум бўлдики, Аркнинг ичи ниҳоятда бой ва ранг-баранг ёғоч ўймакорлиги билан безатилган. Ёғочларда инсон шакллари билан бирга, ҳар хил ўсимликсимон ҳамда нафис геометрик нақшлар ишланган.

Булла – ҳукмдор муҳри

Кофирқалъа Аркининг биринчи қурилиш даврини қазиш пайтида кўплаб ноёб осори-атиқалар қўлга киритилди. Шулардан бири лойдан ясалган буллалардир (булла – муҳр, ҳукмдор ёки амалдор муҳрининг лойдаги нусхаси). Буллалар ўта ноёб археологик топилма бўлиб, одатда ҳукмдор ёки йирик амалдорларга алоқадор ёдгорликларда учрайди.

Масалан, тери ёки қоғозга ёзилган ҳужжат рулон шаклида ўралиб, маълум жойидан тешилган. Тешикдан ип ўтказилиб, ипнинг икки учи пишитилган хом лойда бирлаштирилган. Сўнг­ра лойга муҳр босилган. Лой қуригач, ҳужжат керакли манзилга жўнатилган. Ҳар бир буллада муайян хос тасвир бўлган.

Қофирқалъадан топилган буллалардаги тасвирларни уч гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳга одамлар тасвири, иккинчи гуруҳга ҳайвонлар ва қушлар тасвири, учинчи гуруҳга тамға ёки ҳар хил геометрик тасвирлар туширилган. Одам боши тасвирланган буллаларда ёзув битилган бўлиб, тасвир анчайин аниқ ифодаланган. Ушбу буллаларни таҳлил қилган олимларнинг фикрича, бу тасвирларда ҳукмдор, вазир ва йирик амалдорларнинг асл қиёфаси акс эттирилган.

Ҳайвонлар ва қушлар тасвирланган буллаларга келсак, уларнинг сюжетлари хилма-хил бўлиб, Марказий Осиё ҳайвонот оламидаги деярли барча ҳайвонларнинг тасвири учрайди. Кофирқалъадан топилган  буллаларни ўрганиш шу нарсани кўрсатадики, VII-VIII асрларда Самарқанд Суғдида яшаган аждодларимиз дунёнинг турли томонларидаги ҳукмдорлар билан элчилик, сиёсий, маданий ва иқтисодий алоқалар ўрнатишган. Покистондаги Пешовар шаҳрида ўтказилган архео­логик қазишмалар жараёнида бир ноёб булла топилган эди. Француз археологларининг аниқлашича, ушбу булла айнан Самарқанддан, Кофирқалъадан жўнатилган экан.

Панно ёғочдан

Кофирқалъанинг биринчи қурилиш даврига оид маданий қатламдан топилган ёғоч панно ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш лозим. Бу ердан топилган ёғоч панно Суғд санъатининг ноёб намунаси ҳисобланади. Панно иккита кенг ва қалин тахтани темир михлар билан ўзаро бирлаштиришдан ҳосил бўлган. Паннонинг сиртида ҳар хил либосларда, қўлларига турли хил асбоблар, буюмлар ва совға-саломлар ушлаб олган юзлаб одамларнинг шакллари ўйиб ишланган. Ушбу композициянинг асосий сюжети – маъбудага сиғиниш, совға-саломлар эҳсон қилиш саҳнасидан иборат.

Паннонинг юқори қисмида, бемалол ётиб олган шер кўринишидаги олтин тахт устида ўтирган маъбуда Нана тасвирланган. Унинг бошида қанотли тож, бир қўлида асо, иккинчи қўлида қандайдир буюм дастасини ушлаб турибди. Шунингдек, паннода маросим пайтида муқаддас “Авесто” китобидан мадҳияларни мусиқа жўрлигида куйлаётган созандалар ва мусиқа асбоблари акс эттирилган. Созандалар қўлида ўша даврларда Суғдда кенг тарқалган чилтор, уд, қўбизча, ноғора, сибизға каби мусиқа асбоблари мавжуд. Ушбу мусиқа асбобларининг кўпчилиги Суғд созандалари билан бирга Буюк Ипак йўли бўйлаб Хитой, Япония ва Корея каби давлатларгача борган ва машҳур бўлган. Шу ўринда айтиш жоизки, Япониянинг Нара шаҳридаги қадимги ибодатхонада VII-VIII асрларда императорга келтирилган қимматбаҳо совғалар коллекциясида иккита мусиқа асбоби ҳам сақланади. Шу пайтга қадар япон олимлари ушбу мусиқа асбобларининг қаердан келтирилганлигини билишмаган.

Кофирқалъадан топилган паннода айнан Япониядаги мусиқа асбобларига ўхшаш асбоблар тасвири мавжуд. Бугун япон олимлари ўзларида сақланаётган иккита мусиқа асбоби айнан VII-VIII асрларда Самарқанддан олиб борилганлигини тан олдилар. Ушбу ноёб панно жорий йилнинг кузида Франция­даги машҳур Лувр музейида жаҳонга намойиш этилади.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, Кофирқалъа Арки VIII асрнинг бошларида ёндириб юборилган. Шу тариқа бой ва ранг-баранг деворий суратлар, ёғоч ўймакорлик намуналари билан ҳашаматли безатилган саройнинг кули кўкка совурилган, дунёнинг турли томонларидан Кофирқалъага олиб келинган ноёб ҳужжатлар, ёзишмалар йўқ қилинган.

Арк анча вақт мобайнида хароба аҳволда ётган. VIII асрнинг ўрталарига келиб, култепалик текисланиб, яна янги иншоотлар барпо қилинган. Энди бу ерга кўчиб келганлар ислом динини қабул қилган аҳоли эди. Буни аббосийлар сулоласининг биринчи халифаси Абул-Аббос ас-Саффоҳ ҳукмронлиги даврида, ҳижрий 135 йили (милодий 753 йил) зарб этилган олтин танга ҳам кўрсатиб турибди. Бундан ташқари, Кофирқалъанинг иккинчи қурилиш даврига оид аббосийларнинг 100 дан ортиқ кумуш тангалари ҳам топилган.

Бу қурилиш даври ҳам кўп фаолият кўрсатмади ва у IХ асрнинг бошларига келиб, вайрон қилинди. Орадан йиллар ўтиб, Х-ХIII асрларда Кофирқалъа Аркида яна одамлар истиқомат қилишган. Аммо бу асрларда қурилган янги иншоотлар мустаҳкам бўлмаганлиги, вақтинчалик характерга эгалиги маълум бўлди.

Очиқ осмон остидаги музей

Кофирқалъа шаҳарчаси маҳобати, меъморчилик ечимлари билан Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи - Варахша ёдгорлигига жуда ўхшайди. Х асрда Самарқандга келган араб географи Ибн Хавқалнинг ёзишича, Самарқанд ҳукмдорларининг шаҳар чеккасидаги қароргоҳи Ривдад деган манзилда бўлган. Сайёҳ бу ерга ташриф буюрганида Ривдад анчайин хароба ҳолда ётган. Хитой йилномаларида келтирилишича, Самарқанд ҳукмдорлари бу ерга келиб, Наврўз ва Меҳржон байрамларини нишонлаганлар. Бундай байрамларда ҳукмдорга қимматбаҳо совға-саломлар инъом этилган. Манбалардан маълумки, бу ерда аждодлар руҳига бағишланган йирик ибодатхона мавжуд бўлиб, йилнинг олтинчи ойида аждодлар руҳига бағишлаб қурбонликлар қилинган.

VIII асрнинг бошларигача Кофирқалъа Самарқанд ҳукмдорларининг шунчаки қароргоҳи бўлмай, балки бу ерда алоҳида умумдавлат аҳамиятига молик тантаналар, маросимлар, байрамлар ҳамда қабуллар ўтказиладиган муҳим маскан бўлган.

Шундай экан, ушбу ёдгорликни сақлаш, очиқ осмон остидаги музейга айлантириш, шу орқали илк ўрта асрлардаги Самарқанд ҳукмдорлари саройининг асл қиёфасини саёҳларга намойиш қилиш мақсадга мувофиқ.

Айни кунларда Кофирқалъада италиялик ҳамкасблар билан ҳамкорликда археологик тадқиқотлар олиб борилмоқда ва янги ноёб топилмалар устида ишланмоқда.

Амриддин Бердимуродов,

Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг етакчи илмий ходими, Кофирқалъа экспедицияси раҳбари.

2015-2024 © GOVERNMENT OF ISHTIKHON DISTRICT. Maked by: SAKTRM