5-илова

Туман ҳокимининг

2018 йил «___» сентябрдаги

_________-Қ сонли қарорига

5-илова

 

 

 

Туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари хамда туризмни ривожлантириш масалалари масалалари мажмуаси тўғрисида НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил
22 декабрдаги “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”
ги ПҚ-2691-сон ҳамда 2017 йил 28 ноябрдаги “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг инвестицияларни кенг жалб қилиш ва инновацияларни жорий этиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-3407-сон қарорларига мувофиқ Самарқанд тумани ҳокимлиги инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари хамда туризм масалалари мажмуасининг (кейинги ўринларда Мажмуа деб аталади) вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Мажмуа ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишларига, халқ депутатлари туман ва туман Кенгашининг, ҳоким ва ўринбосарининг ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.

3. Мажмуа ўз фаолиятини туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари хамда туризм масалалари бўйича ўринбосари раҳбарлигида амалга оширади.

4. Мажмуа ўз фаолиятини туман Инвестициялар бошқармаси, туриз бошкармаси ва ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, туман ҳокими ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

 

II. Мажмуанинг вазифалари ва функциялари

5. Қуйидагилар Мажмуанинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

Туман иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига йирик ва ўрта миқдорда инвестициялар киритиш ҳажмини кенгайтиришни рағбатлантириш, туманда инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ягона инвестиция, жумладан, хорижий инвестициялар жалб қилиш хамда туризмни ривожлантириш сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва туман ҳудудида инвестиция фаолиятини кенгайтириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича доимий равишда таклифлар ишлаб чиқиш ва юқори турувчи ташкилотларга киритиш;

туманнинг йиллик Инвестиция дастурлари ва ҳудудий инвестиция дастурларини, жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилишда иштирок этиш, хорижий инвестициялар, кредитлар ва молиявий-техник кўмаклашишга қаратилган маблағларни жалб этиш учун инвестиция таклифлари бўйича ягона базасини юритиш;

туманнинг хорижий давлатлар, халқаро иқтисодий ва молия институтлари, чет эл банклари, жамғармалари, агентликлари, компаниялари ва бошқа халқаро ҳуқуқ субъектлари билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорлигини ўзаро манфаатли асосда ривожлантириш ва ҳамкорлик йўналишларини диверсификация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

тармоқ инвестиция дастурлари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги комплекс дастурлар, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ва ижтимоий соҳалардаги инфратузилмаларни ривожлантириш дастурлари билан боғлиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий инвестициялар, авваламбор тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, кредитлар ва молиявий-техник кўмаклашишга қаратилган маблағларни жалб этишда иштирок этиш;

инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини тизимли назорат қилиш, чет эл капитали иштирокидаги корхоналар фаолиятини, шунингдек, инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятлари қандай бажарилаётганини таҳлил қилиш, хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш асосида туман иқтисодиётига жалб этилаётган хорижий инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳукуматлар молия институтларининг жалб этиладиган кредит ресурслари ва техник кўмаклашишга қаратилган маблағлар (грантлар), Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан йўналтириладиган марказлаштирилган инвестициялардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

туманнинг иқтисодий ва инвестиция салоҳияти тўғрисида хорижий инвесторларни кенг хабардор қилиш бўйича Республика миқёсида ва чет элларда ўтказилган халқаро конференциялар, семинарлар, инвестиция форумларда иштирок этиш;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида технологик ускуналар, бутловчи буюмлар ва материалларни харид қилиш амалиётида иштирок этиш;

ишлаб чиқариш самарадорлиги, маҳсулот сифати ва рақобатдошлиги, энергия ва ресурс тежамкорлиги бўйича замонавий талабларга, экологик стандартларга жавоб берадиган илғор технология ҳамда ускуналар бўйича жаҳон бозоридаги вазиятнинг чуқур таҳлилидан, таклиф этилган нархларнинг дунё бозоридаги ўртача баҳо ва юзага келган бозор конъюнктурасига мос келиши, шунингдек, тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳалар қиймати таклиф этиладиган технологияга қанчалик мувофиқ эканидан келиб чиққан ҳолда тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

экспертизадан ўтказиш ва тендер таклифларини баҳолашда қатнашиш, зарурат туғилганда, ўтказилган тендер (танлов) савдолари натижаларини рад этиш, тендер натижаларига кўра тузилган импорт шартномаларини бекор қилиш бўйича таклифлар киритиш;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида сотиб олинадиган ускуналар, техника ва технологиялар, бутловчи буюмларнинг нарх кўрсаткичлари, шунингдек, тайёр ҳолда топшириладиган лойиҳаларнинг қиймат кўрсаткичларига доир импорт шартномаларини тизимли асосда пухта экспертизадан ўтказиш;

давлат-хусусий шериклик механизмларини, энг аввало, инфратузилма объектлари ва ресурслар энг кўп сарф қилинадиган тармоқларда кенг жорий этишга кўмаклашиш;

долзарб муаммоларни, энг аввало, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари ва аҳоли билан ўзаро ҳамкорлигининг инновацион ёндашувларини ишлаб чиқиш;

тумандаги инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни тарғиб қилиш ва улардан амалий фойдаланишнинг механизмларини шакллантириш, бозорнинг тез ўзгарувчан жаҳон конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда туман иқтисодиётни жадал ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказиш;

атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини пасайтириш имконини берувчи экологик тоза технологияларни қўллаган ҳолда унумдорликни оширишни назарда тутадиган “яшил иқтисодиёт” технологияларининг принципларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

хизматлар соҳасини тубдан такомиллаштириш, энг аввало, инновацион ишланмалар ва технологияларни жорий этиш ҳисобига уларнинг сифатини ва ялпи ички маҳсулотни шакллантиришдаги ролини ошириш;

инновацион ёндашувлар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали туризм соҳасининг рақобатбардошлигини тубдан ошириш бўйича таклифлар киритиш;

инновацияларни жорий этиш ва ҳудудлар иқтисодиётини диверсификация қилиш кўламини кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан орқада қолган туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш ҳисобига ҳудудлар иқтисодий тараққиётидаги номутаносибликларнинг олдини олиш;

аграр секторда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини максимал даражада автоматлаштириш, ҳосилдорликни жиддий ошириш ва молиявий кўрсаткичларни яхшилаш, шунингдек, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини берувчи инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини, шу жумладан йирик ритейлерлар ёрдамида таъминлаш орқали савдо бозорларини ва уларни тўғридан-тўғри етказиб беришни кенгайтиришга кўмаклашиш;

таълим тизимида инновацияларни, шу жумладан ўқитишнинг замонавий, интерактив ва ижодий услубларини жорий этиш орқали тарғиб қилишга кўмаклашиш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланишни назарда тутувчи инновацион ўқув дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

соғлиқни сақлаш тизимини, шу жумладан касалликларни барвақт аниқлаш ва профилактика қилишни таъминлайдиган илғор технологияларни, “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббиёт ахборот маркази” концепцияларини жорий этиш орқали жадал ривожлантиришга, шунингдек, аҳолининг узоқ умр кўриши учун қўшимча шароитлар яратиш;

“Хавфсиз шаҳар”, “Ақлли шаҳар” концепцияларини жорий этишни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш учун зарур шароитларни таъминлайдиган маданий, спорт ва бошқа объектларни ташкил қилишни ҳам назарда тутувчи илғор стандартларни ҳисобга олган ҳолда, шаҳарсозликнинг фақат бош режалар, режалаштириш ва қурилиш лойиҳаларига мувофиқ изчил ривожланишини таъминлаш;

атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга, жумладан, атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларни, сув объектларига ташланадиган оқова сувларни камайтиришга, биологик хилма-хиллик ва экотизимни сақлашга қаратилган инновацион технологик ечимлар ишлаб чиқиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ишлаб чиқариш бўйича инновацион ғоялар ва ишланмаларнинг, жумладан, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, энергия тежамкор, экологик тоза автотранспорт ёқилғисини ишлаб чиқариш технологиялари, чанг ва газдан тозаловчи технологияларнинг амалда қўлланишига кўмаклашиш;

сувдан фойдаланиш тизимини, шу жумладан сувни тозалаш, чучуклаштириш, оқова сувлардан қайта фойдаланиш ва сув тежашнинг инновацион технологияларини жорий этиш орқали такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

маиший ва саноат чиқиндиларини қайта ишлаш, шу жумладан энергия ва биоўғитларни ишлаб чиқариш учун юқори технологияларни жорий этиш бўйича илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш;

иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сарфини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

инновацион тадқиқотлар, ғоялар, ишланмалар ва технологияларни рағбатлантиришнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, истиқболли фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда новаторлик ғояларини, шу жумладан норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

кўргазма тадбирларини ташкил этиш, етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро манфаатли яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа муассасалар, илмий-экспериментал ихтисослаштирилган лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, технопарклар ва бошқа инновацияга йўналтирилган тузилмаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш (илмий-тадқиқот ишлари қисмида), шунингдек, уларнинг моддий-техника ва илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш;

инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва тижоратлаштириш бўйича замонавий илмий-технологик комплекслар, бизнес-инкубаторлар, стартап-акселераторларни, шу жумладан етакчи жаҳон ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда ташкил этиш, IT-инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашиш;

узоқ муддатли технологик ривожланиш эҳтиёжлари ва тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда замонавий юқори технологик ишлаб чиқаришни, шу жумладан янги авлод транспорт воситалари, робот техникалари ва юқори технологик маҳсулотларнинг бошқа турларини маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан ташаббус кўрсатиш;

маҳаллий инновацион маҳсулотларни, шу жумладан расмийлаштирилган халқаро патент ва лицензиялар асосида жорий этиш, ички ва жаҳон бозорларига йўналтириш имконини берувчи самарали механизмларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритиш;

тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари бўйича муттасил янгиланиб турувчи маълумотлар базасини ҳамда хусусийлаштирилган объектлар реестрини, шунингдек давлат активлари реестрини шакллантириш;

хусусийлаштирилган корхоналар фаолиятининг молиявий-иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини солиқ, иқтисодиёт ва статистика органлари билан биргаликда доимий асосда таҳлил қилиб бориш, шу асосда фаолият кўрсатмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектлар ҳамда ер участкаларини аниқлаш;

илгари хусусийлаштирилган корхоналар самарадорлигининг пастлиги ҳамда ишламаётганлиги сабаблари ва омилларини, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватлари, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектларни аниқлаш;

янги иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш ва модернизациялаш ҳамда рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олишда, коммуникацияларга уланишда ва тижорат банкларидан кредитлар ажратилишида уларга кўмаклашиш мақсадида аниқ хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантиришнинг “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни таъминлаш;

хусусийлаштирилган объектлар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга бизнес юритиш ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш асослари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа фанларни касб-ҳунар коллежлари базасида ўтказиладиган курсларда ўқитишни ташкил қилиш, бунда тажриба алмашиш учун республикамизда ишлаётган, катта муваффақиятларга эришган тадбиркорлар ва хорижий мутахассисларни жалб этиш;

тегишли ҳудудда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, алоҳида ҳуқуқий ва иқтисодий режимга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг самарали фаолият юритишини ташкиллаштириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари дирекцияларини шакллантириш ҳамда улар фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

инвестиция лойиҳаларини танлаш ва уларни амалга ошириш учун эркин иқтисодий зоналар ҳудудида жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг иштирокчиларига ер майдонлари тақдим этиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш юзасидан мониторинг юритиш;

давлат мулки бўлган ишламаётган корхоналар ва бўш ётган
мол-мулкларни эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг иштирокчиларига инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда “нол” харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида қарор қабул қилишда иштирок этиш;

эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналарни ривожлантиришнинг бош режаларини, шунингдек, кичик саноат зоналарини ривожлантириш режаларини кўриб чиқиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида муҳандислик-коммуникация ҳамда транспорт инфратузилмасини қуриш бўйича лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини устидан мониторинг юритиш;

инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши, шунингдек инвестициялаш тўғрисида битимга киритилган мажбуриятларнинг, шу жумладан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчилари корхоналарининг бизнес-режалари параметрлари бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг иштирокчилари - тадбиркорлик субъектларига инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ва корхоналарнинг фаолият юритишида юзага келадиган масалалар комплексини ҳал этишда ёрдам кўрсатиш;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, улар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тақдим этиш;

иқтисодиётни ривожлантиришнинг ўртача ва узоқ муддатли дастурларига киритилган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

тармоқлар ва ҳудудлар даражаларида иқтисодий ислоҳотлар, иқтисодий ривожланиш дастурлари, қабул қилинган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда туман ҳокимининг қарорлари бажарилишини назорат қилиш.

ҳудудда туризм соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, соҳа бўйича қабул қилинган концепция ва дастурларнинг ижросини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга оширилишини мониторинг қилиш ҳамда умумлаштиришни таъминлаш;

чет эл мамлакатлари билан туризм соҳасида, айниқса, туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда уларни жалб қилиш бўйича ҳамкорлик ва келишувларни ваколатли органлар билан биргаликда амалга ошириш;

туризм соҳасининг иқтисодий, экологик, ижтимоий, маданий ва бошқа йўналишлардаги инфратузилмасини такомиллаштириш ва туризм йўналишидаги диққатга сазовор жойлар, уларни яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиб тасдиққа киритиш ҳамда амалга оширилишини назорат (мониторинг) қилиш;

қўшимча туризм маршрутларини ишлаб чиқиш, чет эл ёшларини кенг жалб этиш мақсадида кўнгилочар комплекслар барпо этиш, маданий мерос объектларида халқимизнинг тарихи, турмуш тарзи, урф-одатлари, анъаналарини ўзида акс эттирган экспозицияларни ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш;

туризм соҳасида туризмни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш;

масъул вазирлик, идора ва қўмиталарнинг ҳудудий бошқармаларнинг иш фаолиятини туризмни ривожлантириш масалалари бўйича мувофиқлаштириш;

туризм соҳасига замонавий ахборот-коммуникация воситаларини жалб этиш, хорижий туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш орқали республиканинг мавжуд сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ижросини мониторинг қилиш.

6. Мажмуа ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президентнинг ҳужжатлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари билан ҳокимликка юкланган вазифаларни бажариш юзасидан аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ўзи мутасаддилик қиладиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ахборотларни умумлаштиради ва таҳлил қилади, туман ҳокими, туман  ҳокимининг тегишли ўринбосари учун, шунингдек уларни туман  ҳокимлиги томонидан кўриб чиқиш учун тегишли маълумотномалар, таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлайди;

туман ҳокимлигига киритилган туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини, уларни ишлаб чиқишни ҳамда келишишни амалга оширади, улар юзасидан зарур таҳлилий ва маълумотнома материалларнинг сифатли тайёрланишини таъминлайди;

туман ҳокими, унинг ўринбосарлари томонидан соҳага оид ўтказиладиган йиғилишларга материаллар тайёрлашда ва уларда қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштиришда қатнашади;

туман ҳокими, унинг тегишли ўринбосари бошчилик қиладиган комиссиялар, ишчи гуруҳлар ишлари самарадорлигини таъминлайди, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

ўзига юкланган бошқа функцияларни белгиланган тартибда амалга оширади.

III. Мажмуанинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

7. Мажмуа ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

туман ҳокимлигида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, шаҳар, туман ҳокимликларидан ва бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ҳудудий бошқарув органлари, шаҳар, туман ҳокимликлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

зарурат бўлганда, туман ҳокимлигида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш ва тайёрлаш учун ҳудудий бошқарув органлари, шаҳар, туман ҳокимликларининг ва бошқа ташкилотларнинг, илмий муассасаларнинг раҳбарлари ва вакилларини белгиланган тартибда жалб этиш, ушбу мақсадлар учун вақтинчалик эксперт гуруҳлари ташкил этиш.

ҳудудда туризмни ривожлантириш масалаларини давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари иштирокида кўриб чиқилиши ва муҳокама қилинишини ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, бошқа ташкилотлар раҳбарларига тезкорлик билан ҳал этишни талаб қиладиган ҳамда бошқарув аппаратига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича белгиланган тартибда топшириқлар бериш;

 

8. Мажмуа:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши;

туман ҳокимлигига киритилган таклифлар ва масалаларни эксперт жиҳатидан сифатли ишлаб чиқишнинг ташкил этилиши;

тегишлилиги бўйича, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарор ва бошқа ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон, қарор ва фармойишлари, Ҳукумат ва туман ҳокимининг қарор, фармойиш ва бошқа ҳужжатларининг мутасаддилик қилинадиган ҳудудий бошқарув органлари ва шаҳар, туман ҳокимликлари томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил
12 январдаги Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сонли қарорига мувофиқ ижро интизоми таъминланиши учун жавоб беради.

Мажмуа ўз вазифалари ва функциялари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

IV. Мажмуанинг тузилмаси

9.Мажмуанинг тузилмасига 1 нафардан бош ва етакчи мутахассислар киради.

Мажмуанинг тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги
ПҚ-2691-сон қарори билан белгиланган.

10. Мажмуа ишларига бош мутахаси раҳбарлик қилади.

11. Мажмуа ўз фаолиятида туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари хамда туризм масалалари туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарига бўйсунади.

 

12. Мажмуа  бош ва етакчи мутахассислар белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

V. Мажмуа фаолиятини ташкил этиш

13. Мажмуа ишлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига,  “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Президентнинг ҳужжатлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойиш, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқларига, ҳоким ва унинг ўринбосарларининг топшириқлари, туман ҳокимлигининг иш режалари, мажмуанинг иш режалари, мутахассисларнинг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Мажмуанинг иш режалари туман ҳокими томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланади.

Мажмуанинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ҳукумат ва туман ҳокими қарорлари амалга оширилиши тизимли мониторингини таъминлаш бўйича фаолияти мутасаддилик қилинадиган ҳудудий бошқарув органлари, туман ҳокимликларида туман ҳокимлигининг иш режасига мувофиқ, комплекс ўрганишларни ўтказиш йўли билан, шунингдек туман ҳокимининг тегишли ўринбосари топшириқларига мувофиқ ҳокимлик мажлисларида ҳисоботларни эшитиш ва маълумотларнинг тегишли банкини юритиш орқали ташкил этилади.

14. Мажмуа бош мутахасиси:

мажмуага бевосита раҳбарликни амалга оширади, мутахассислар ишларини ташкил қилади ҳамда мажмуага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш бўйича туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари масалалари бўйича ўринбосари ишларини ташкил қилади;

мажмуанинг иш юритиши соҳасига кирадиган масалалар бўйича туман ҳокимлигига киритилган таклифларни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат принципларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, уларнинг эксперт жиҳатдан ишлаб чиқилишини ташкил этади ва ҳужжатларнинг тайёрланган лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

тегишли тармоқлар, соҳалар ва ҳудудларда иқтисодий ислоҳотларнинг аҳволи ва натижадорлигининг тизимли мониторинги ташкил этилиши ва маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек муаммоли масалаларни ҳал этишга доир амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифалари амалга оширилишини таъминлайди;

мажмуанинг тузилмаси ва штатлар жадвалига мувофиқ лавозимларга тавсия қилинаётган номзодлар бўйича таклифларни, мутахассисларнинг касбий даражасини ва амалий малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ҳамда уларга танбеҳ бериш чораларини пухта ишлаб чиқади ва комплекс раҳбари билан келишган ҳолда туман ҳокимининг кўриб чиқиши учун киритади;

мутахассислар ўртасида вазифаларнинг тақсимланишини, шунингдек мажмуанинг иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун комплекс раҳбарига киритади, мажмуанинг мутахассислари иш режаларини тасдиқлайди;

туман ҳокимлигининг мажлисларида, туман ҳокими, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, комиссиялар ва ишчи гуруҳлар мажлисларида мажмуанинг иш юритиш соҳасига кирадиган масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади.

15. Мажмуа бош мутахасиси вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифасини етакчи мутахассис бажаради.

16. Мажмуанинг етакчи мутахассиси ўз фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланадиган функционал вазифаларига мувофиқ амалга оширади.

 

Туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар,
хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш,
эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари хамда

туризмни ривожлантириш масалалари
бўйича бош мутахассиси

 

____________ К.Даминов

 

Туман ҳокимлиги Ташкилий-назорат
гуруҳи етакчи мутахассиси

____________ Х.Убайдуллаев

2015-2024 © GOVERNMENT OF ISHTIKHON DISTRICT. Maked by: SAKTRM