ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМНИ ОЛДИНИ ОЛИШ-МИЛЛАТЛАР ТОТУВЛИГИНИНГ КАФОЛАТИДИР

Бугун биз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар кўйиб, тинч ва осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор, ўз қуч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган жаннатмакон мамлакатда яшамоқдамиз.

Мустақиллик ривожланишнинг бир нечта жабҳалари қаторида ислом маърифатининг ривожи учун, шу билан бир қаторда, мусулмонларнинг диний ибодат ва маросимларини адо этишлари учун ҳам қулай шароит яратиб берди. Мутахассис кадрлар тайёрланиб, барча вилоятларда диний ўқув юртлари фаолият кўрсата бошлади.

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.А.Каримовнинг ташаббуси билан 1999 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети ташкил қилинди. Мустақилликкача 83 та масжид фаолияти кўрсатган бўлса, ҳозирга келиб 2500 дан зиёд масжидлар фаолият олиб бормоқда. Минг афсуски, бундай чирой очиб бораётган, ривожланган давлатлар қаторида ўзига хос нуфузга эга бўлаётган, виждон эркинлигига кенг имкониятлар яратилган мустақил юртимизни қўра олмайдиган кучлар ҳам пайдо бўла бошлади. 90-йилларнинг бошида масжидларда, ҳар хил диний ўқув юртларида махсус диний таълимга эга бўлмаган шахсларнинг раҳбарлик қилиши, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний таълим берувчилар пайдо бўлди. Тинчлигимизни кўра олмайдиган гуруҳ ва қучлар ўз ғаразли, бузғунчи ғояларини исломнинг мазмун-моҳиятини яхши тушунмайдиган ўзимизнинг мусулмонлар орқали амалга оширишга ҳаракат қилишди. Шу тариқа, диний экстремизм ва терроризм четдан бизнинг мамлакатимизга кириб келиб, Ўзбекистоннинг мустақиллигига, тинчлигига таҳдид солувчи катта муаммога айланди.

Диний экстремизм — диний фирқалар ёки айрим диндорлар томонидан жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга зид бўлган ғояларни тарғиб қилиш ва шундай ғояларга мос келмайдиган фаолият олиб боришни англатади. Терроризм эса одамларни қўрқитиб, жамиятда қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш билан хавф ва даҳшат туғдиришни англатади.

Террорчилик ҳар доим диний ва инсоний меъёрлар, умуминсоний қадриятлар ва ахлоқий фазилатларга қарши қаратилгани учун энг оғир ва ваҳшиёна жиноят ҳисобланиб келган. Шунинг учун ҳам экстремизм ва терроризм бутун жаҳон афкор оммаси, прогрессив кучлари томонидан қораланмоқда. Энг ачинарлиси, бундай ғоялар таъсирига ёшларнинг тушиши ташвишланарли ҳолдир.

Ёшлар онгига диний экстремизм, терроризм ғояларини сингдиришнинг олдини олиб, уларнинг онгини бундай зарарли иллатлардан муҳофаза қилиб, антитеррористик усуллар ишлаб чиқиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Ушбу мақсадни кўзлаган ҳолда 2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни (167-II-сон) қабул қилинди. Унинг 5-моддаси “Террорчилик фаолиятинииг олдини олиш” деб номланган ва шундай жумлалар мавжуд: “Террорчилик фаолиятининг олдини олиш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа профилактик чоралар мажмуини ўтказиш орқали амалга оширилади”. Қонуннинг 6-моддасида эса “давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашадилар ва зарур ёрдам берадилар” дея белгиланган.

Муҳтарам биринчи Президентимиз И.А.Каримов таърифи билан айтганда: “Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин”. Терроризм том маънода жаҳолатдир. Бузғунчи ғояларга асосланган халқаро терроризм ва унинг ҳар қандай кўриниши кишилик жамиятининг ўтмишида ҳам, бугунида ҳам халқлар бошига оғир кулфатлар ёғдирмоқда. Ҳар йили унинг тажовизидан 100 мингдан ортиқ бегуноҳ кишилар қурбон бўлмоқда, жамият ривожланиши, айрим давлатлар, минтақалар ва инсоният цивилизациясининг тараққиётига жиддий таҳдид солмоқда ва мудҳиш оқибатлар келтириб, чиқармоқда. Дунё бўйича қурол савдосининг ўсиши ва тарқалиши ҳам экстремизм ва терроризмнинг жаҳон миқёсида кенг кўламда авж олишига сабаб бўлмоқда.

Шуни ишонч билан айтишимиз мумкинки, миллий анъаналаримизга мутлақо ёт бўлган экстремистик ва террористик ғояларнинг жамиятимизга кириб келишини бартараф этувчи қудратли воситалардан бири бу инсонпарварлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик, бунёдкорлик ва шунингдек, миллийлик ва диний қадриятлардир.

Ислом динига эътиқод қилувчи Ўрта Осиё халқлари асрлар оша бошқа дин вакиллари билан аҳил яшаб, оламшумул қашфиётлар қилиш ва умумжахон тамаддунига беназар ҳисса қўшиш бахтига муяссар бўлдилар. Бошқача айтганда, динлараро бағрикенглик, уйғунлик бунёдкорликнинг қудратли манбаи эканлигини амалда исботлаб келдилар. Миллий-диний қадриятларимиз халқимизни, айниқса ёш авлодни Ватанга муҳаббат, аждодларга садоқат, зўравонликка нафрат руҳида тарбияловчи, уларни эзгулик ва бунёдкорликка даъват этувчи битмас-туганмас куч-кудрат манбаидир. Улар на фақат мафкуравий бўшлиқнинг юзага келишига, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари ила жаҳон тамаддунига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган халқимизнинг менталитетига тамомила зид бўлган террорчилик ғояларининг кириб келишига қарши қаратилган мустаҳкам қалқондир. Миллий ва диний қадриятларнинг тарғиботи, шубҳасиз, омма онгида ҳар қандай ғоянинг сарасини сарага, пучини пучга чиқарувчи, айниқса, экстремизм ва терроризм ғояларига қарши мустаҳкам иммунитетнинг шаклланишига хизмат қилади. Бу борада берпарволик ва лоқайидликка йўл қўйган жамият, шубҳасиз, фалокатга маҳкумдир. Зотан, “Маънавиятни мустаҳкамлаш учун меҳнат ва маблағни аяш ўз келажагига болта уриш демакдир”, деган ибратли умрбоқий ҳикмат заминида ҳам ҳар қандай ёвузликнинг, шу жумладан, террорчиликнинг олдини олишга қаратилган огоҳлик ва унга қарши курашга ҳамиша тайёр туриш лозимлиги ҳақидаги эзгу даъват ётибди.

Иштихон туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси И.Еткиров

Етакчи маслаҳатчи С.Қиличев

2015-2024 © GOVERNMENT OF ISHTIKHON DISTRICT. Maked by: SAKTRM