Ўзбекистонда хавфсиз туризм стандартлари жорий қилинади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Сайёҳларга хизмат кўрсатиш объектларидаги санитар шароитларни ўрганиш ва уларнинг хавфсиз фаолият юритишга тайёргарлигини текшириш мақсадларида Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига мувофиқ ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унинг таркибига Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа вазирлик, идора, жамоат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) киритилди. 11-16 май кунлари ишчи гуруҳ томонидан меҳмонхоналар, марказий автовокзал, марказий темир йўл вокзали ҳамда Тошкент халқаро аэропорти каби инфратузилмалар ҳолатининг дастлабки мониторинги ўтказилди.

Объектлар ишчи гуруҳ вакиллари томонидан кўздан кечирилиб, персонал билан сайёҳлар ташрифи, вақтинча мамлакатимизда бўлиши ва уларнинг жўнаб кетиши билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама қилинди.

Ўрганиш натижаларига кўра, меҳмонлар хавфсизлигига оид баъзи камчиликлар аниқланди. Ишчи гуруҳ мутахассислари томонидан уларни бартараф қилиш ва турли объектларда санитар хавфсизлик нормаларини ишлаб чиқишда жамоавий фаолиятни йўлга қўйиш билан боғлиқ тегишли кўрсатмалар ва тавсиялар берилди.

Ишчи гуруҳ томонидан жойлаштириш воситалари учун янги санитар нормалар лойиҳаси тайёрланмоқда. Барча туристик объектларни санитар хавфсизлик воситалари билан таъминлаш бўйича халқаро компаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги санитар хавфсизлигини апробация қилиш учун синов тизимини жорий этиш мақсадида ҳар бир ҳудуддаги объектлар рўйхати шакллантирилмоқда.

Бундан ташқари, Ecolab (АҚШ), Dıversey (Туркия), Saraya (Япония) ва бошқа йирик санитар-гигиеник воситалар етказиб берувчилар, иншоотларни хавфсизлантирувчи протоколлар ва турли даражадаги мезонлар ишлаб чиқувчилари билан музокаралар ўтказиш кутилмоқда.

Мақсад санитар ишлов бериш ва гигиенага доир халқаро мезонларни татбиқ қилиш, шунингдек, сайёҳлар ҳаракатланишининг барча босқичларида тегишли воситаларни етказиб бериш имкониятларини ўрганишдан иборатдир. Шу билан бирга, маҳсулотларни Ўзбекистонга келтириш жараёнлари билан боғлиқ масалалар ва уларнинг муддатлари, туристик бизнес вакиллари учун чегирмалар тақдим этиш, мавжуд мезонлар бўйича ҳудудлар кесимида ҳам сертификация ўтказиш масалалари муҳокама қилинади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарига кўра, айни дамда Ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистонда хавфсиз туризм стандартларини жорий қилиш ва сертификатлашга оид зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Zarnews.uz

2015-2024 © GOVERNMENT OF ISHTIKHON DISTRICT. Maked by: SAKTRM