Олиму уламоларнинг руҳонияти биз, ёшларга ҳамроҳдек эди...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Инсонни хотиралар улғайтиради ва қайсидир маънода яшашга ундайди ҳам. Ҳар гал талабалик давримизни хотирлаганимизда ёшлигимизнинг энг жўшқин пайтлари ўтган ўша шиддатли ва мазмунли даврлар умримизнинг энг беғубор ва бахтли палласидек кўз олдимиздан ўтади. Бугун эришаётган ютуқларимизга, жамият равнақи, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишларда бизга таълим берган, тарбия мактаби вазифасини ўтаган жонажон университетимизнинг аҳамиятини эътироф этгимиз келади.

Самарқанд давлат университети ўзининг нуфузи, ундаги таълим сифати даражаси боис ҳар доим орзуларимизнинг энг юқори марраларида саналарди ўша пайтларда ҳам. Самарқанд заминида етишиб чиққан олиму уламоларнинг руҳонияти ҳар доим чин қалбдан илм истаб университет даргоҳига келган ёшларга ҳамроҳдек эди, назаримда.

Ушбу илм даргоҳининг илдизлари Марказий Осиё Ренессанси иккинчи тўлқини даврларига бориб тақалади. Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги йилларида ташкил этилган мадрасаи олия фаолиятини Самарқанд давлат университети бугун чин маънода давом эттираётир. Самарқанд Давлат университети ректори, профессор Р.И.Холмуродовнинг яқинда ЎзАда эълон қилинган мақоласида ёзилганидек, тарихийлик ва мантиқийлик тамойили негизида асослаб берилган Самарқанд давлат университетининг ҳайратланарли тарихи мазкур даргоҳда таҳсил олган ҳар инсонни қизиқтириши ва албатта, ғурур-ифтихор бағишлаши табиий. Демак, университетда таълим жараёни изчил йўлга қўйилганлигини, республика таълим муассасалари тизимида юқори нуфуз, катта тажриба ва улкан салоҳиятга эгалигини унинг узоқ тарихга дахлдор эканлиги билан асослаш мумкин экан.

Сўнгги йилларда юртимизда таълим соҳасига бўлган эътибор бутунлай янгича тус олди. Мактабгача таълимдан бошлаб олий таълимгача – барчаси замон талабларига мослаштирилиб борилмоқда. Бу ислоҳотларнинг кўплаб ижобий натижаларини ҳали узоқ йиллар эътироф этамиз. Зеро, таълимда “сифат кафолати”га эришилса, бу ўша жамият ва давлатнинг ҳар бир соҳасидаги ўсиш, юксалиш ва ривожланишни таъминланиши демакдир.

Айниқса ҳокимият тизимида ишлаётган ходимларнинг жуда кўп соҳада билим ва тажрибага эга бўлиши лозимлиги – давр талаби бўлиб қолмоқда. Чунки ҳокимият вакилларининг аҳоли орасида бўлиб, фуқароларнинг муаммолари, мурожаатлари билан юзма-юз келар экан, улардан оқилона ечим, тўғри тадбир ва ҳозиржавоблик талаб қилинади. Бунинг учун эса улар етарлича билимга эга бўлишлари зарур.

Ўзим таҳсил олган даргоҳ – Самарқанд давлат университетида ўтган талабалик йилларимизни эслаб, таълим беришнинг жуда тўғри методологик асослари мавжуд бўлганлигига амин бўламан. Жорий йилда университетнинг 600 йиллиги нишонланаётгани менга улкан фахр-ифтихор бағишлади.

Бугун анъанавийлик, қадриятларга содиқликнинг улкан ибратини намоён этиш билан бир қаторда, университетда замонавий таълим ютуқларининг жорий этилаётгани қувонарли ҳол. Тарих гувоҳ бўлган тамаддун дарёсининг бундан кейин ҳам равон оқишига ишонган ҳолда, Самарқанд давлат университетининг жаҳон университетлари рейтингида юқори ўринларни эгаллашига тилакдошман.

Шуҳрат НЕГМАТОВ,

Самарқанд вилояти Иштихон тумани ҳокими

ЎзА.uz

2015-2024 © Ishtixon tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM