«Жонажон Ватанимиз бугуни ва эртаси учун ҳар биримиз масъулмиз» — Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан суҳбат

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!

– Эркинжон Оқбўтаевич, яқинда Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Шу юртда яшаётган ҳар бир инсон ана шу давр ўз ҳаётида қандай из қолдирганини сарҳисоб қилади. Раҳбарларда эса бу борада масъулият юки яна ҳам оғирроқ. Самарқанд вилояти ҳокими сифатда Сизнинг ҳам бу жиҳатдан кўнглингиздан турли ўйлар кечаётгандир?

– Албатта, Ватан мустақиллиги, эркинлиги қадрини аввалги тузум даврида яшаганлар ёки истиқлолни орзу қилганлар, бунинг учун курашганларчалик ҳеч ким яхши билмаса керак. Бизнинг авлод ҳам Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибида бўлган даврда туғилиб, ўсган, илм эгаллаб меҳнат фаолиятимизни бошлаганимиз. Ўтган аср 90 йилларининг қанчалик оғир ва таҳликали бўлганини яхши эслайман. Одамларда нафақат эртанги куни, фарзандлари келажагига, балки бугунги кунига ҳам ишонч қолмаганди. Иқтисодий, сиёсий вазиятнинг оғирлиги, ижтимоий муаммоларнинг тўпланиб қолгани одамларда умидсизлик, жамиятдан норозилик кайфиятини уйғотганди. Ана шундай вазиятда мамлакат мустақиллиги эълон қилиниб, янги давлат қуришга, ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келди.

Давлатимиз мустақилликка эришган пайтда банк соҳасида ишлардим. Кейин ҳокимият тизимига ўтказишди, бошқарув тизимида ишладим. Бу даврда ҳамма соҳада ишлаш оғир эди, айниқса, иқтисодий қийинчилик, тақчиллик шароитида умидсизликка тушиб қолган, аввалги даврни қўмсайдиган одамларнинг фикрини ўзгартириб, уларга бош бўлиш осон эмасди. Бир томонда эса иқтисодиётни йўлга қўйиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш – барча-барчаси бир вақтда ечимини кутиб турган масалалар эди.

Бу фақат Ўзбекистонинг ва ўзбекистонликларнинг эмас, собиқ иттифоқдаги барча республикалар ва халқларнинг ўша пайтдаги дарди, оғриқ нуқтаси эди.

Шукрки, бағрикенг ва меҳнатсевар, қаноатли халқимиз ана шу синовларни енгиб ўтди. Айрим давлатларга ўхшаб саросимага тушиб қолмадик, кўп миллатли халқимизнинг бирдамлиги йўқолмади, муҳими, ўз танлаган йўлимиздан қайтмадик. Бугун эса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатимиздаги ислоҳотлар жадал тус олди, бу ислоҳотлар энди ортга қайтмайди. Ана шу ислоҳотларда давлат раҳбарининг, Самарқанд халқининг ишончини оқлашга интилиб меҳнат қилаётганимдан, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш ва унинг тараққиётига озми-кўпми ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман.

 – Яқинда матбуотда каттагина мақолангиз чоп этилди. Унда ҳам мустақиллик туфайли, кейинги йилларда мамлакатимизда шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли эришилган натижаларни қайд этгансиз. Буни бирор таҳририят буюртма қилдими ёки...

– Йўқ, буюртма эмас. Буни мақолада ҳам қайд этганман. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз турмуш тарзидаги, одамлар онгу тафаккуридаги ўзгаришлар, ҳар куни ўзимиз гувоҳ бўлаётган янгиланиш жараёнлари ва зиммамиздаги масъулият ҳисси туфайли қоғозга тушган фикрлар улар. Ўзингиз ҳам юқорида айтдингизку, ҳар бир инсон ўйлаб кўриши, сарҳисоб қилиши керак бўлган гаплар. Лекин, афсуски, кўпчилигимиз кечаги кунни унутиб қўямиз. Бугунги янгиланишлар, ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлмаётганини англамаймиз.

Бугун инсоният мураккаб бир даврда яшамоқда. Фан-техника тараққиёти, ахборот технологияларининг жадал ривожи, дунёнинг бир бурчагида юзага келган ҳолатнинг айни вақтда бошқа бир минтақада акс-садо бериши ҳар бир халқ, ҳар бир давлатдан ўз тараққиёт йўли, сиёсатида собит бўлишни талаб этади. Глобаллашув жараёнларидан келиб чиқиб, дунё давлатлари билан интеграцияга киришиш, шу билан бирга ўз давлатчилик анъаналарини сақлаб қолиш жуда муҳим саналади. Мана шундай мураккаб шароитда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида юритилаётган сиёсат халқ манфаатларига қаратилган, аҳолини рози қилиш бош мақсад ҳисоблангани билан ажралиб туради ва буни ҳар бир юртдошимиз ҳис қилса керак.

Давлатимиз раҳбарининг фақат бугунни ёки бир-икки йилни эмас, яқин беш, ўн, йигирма йилни кўзлаб қабул қилаётган дастурлари, фармон ва қарорлари қанчалик аҳамиятли эканлигини мамлакатимиз ва халқаро майдондаги ижтимоий-сиёсий вазият яққол кўрсатмоқда.

Бу ҳақда гапирганда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини алоҳида қайд этиш лозим.

Мазкур дастур асосида беш йил давомида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳага эътиборни кучайтириш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Стратегияни амалга ошириш мақсадида ҳар бир йилга муайян ном берилиб, давлат дастурлари ишлаб чиқилди ва уларнинг ижроси таъминланди.

– Тўғри айтасиз, Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда ислоҳотларни янги ўзанда ва кенг кўламда давом эттириш учун асос бўлди. Бу йил стратегияда белгиланган вазифаларни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга доир давлат дастури асосида иш олиб борилмоқда. Дастур ижроси юзасидан вилоятда қандай ишлар амалга оширилмоқда. Умуман, ўтган тўрт йилда давлат дастурлари ижросидан кўнглингиз тўлдими?

– Яхши биласиз, давлат дастурини амалга ошириш бўйича ҳар йили Президент фармони қабул қилинади ва унинг ижроси таъминланади. Бунга ҳеч шубҳа йўқ. Дастурнинг ҳар бир бандига масъуллар, вазифани амалга оширишнинг молиявий манбалари, муддати белгилаб берилади. Бу ҳам қатъий назоратда. Бундан ташқари, дастур ижросини таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда “Йўл харитаси” тасдиқланади, унинг бажарилишига ҳокимлик ва бошқа ташкилотлар масъул бўлса, маҳаллий кенгашлар ҳар чоракда мутасаддиларнинг ҳисоботини эшитиб боради.

Демоқчиманки, давлат дастури аввало халқ фикри инобатга олинган ҳолда (бу йил ҳам дастур лойиҳаси муҳокамаси чоғида юзлаб таклифлар билдирилди), ҳудудлар манфаатларидан келиб чиқиб, одамларнинг давлатдан рози бўлишига қаратилган ҳолда ва албатта, мамлакатнинг бугуни ва эртанги келажаги ҳисобга олиниб ишлаб чиқилади. Бу дастур ижросини таъминлашга эса барча давлат органлари, жамоат ташкилотлари, масъуллар жалб этилади. Айтингчи, ким бундай дастурни ижро этмаслиги, бундан ўзини олиб қочиши мумкин? Ҳеч ким.

273 банддан иборат “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури ижросига ҳам ана шундай ёндашилмоқда.

Жумладан, вилоятимизда давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича 65 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланган. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи томонидан давлат дастурининг ижроси доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Мониторинг натижаларига кўра, йилнинг биринчи ярмида давлат дастуридаги 21 та банд бажарилган, 40 таси ижро жараёнида, қолганлари йил якунига қадар амалга оширилади.

Бугунги кунда вилоятимиз аҳолсининг 711 минг нафардан ортиғини 18 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Маҳаллаларда “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш жараёнида 108 минг нафар ёшларнинг муаммолари борлиги қайд этилди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш, ёшлар билан ишлаш мақсадида ҳокимликлар, секторлар кесимида вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, вилоят бўйича ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича 123 бандни ўз ичига олган чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Мазкур дастур бўйича ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида тижорат банклари томонидан 185 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шунинг ҳисобидан Пастдарғом туманида анорчилик, Самарқанд туманида туризмни янада ривожлантириш орқали ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади. Ёшларни мусиқа, рассомчилик, театр ва санъатнинг бошқа турларига бўлган қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида вилоятдаги маданият марказларини 858 та миллий мусиқа асбоблари ва амалий санъат дастгоҳлари билан таъминланиш кўзда тутилган. Умумтаълим мактабларида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг 90 та тармоқ тўгараклари ташкил этилади. Ёшларни жисмоний чиниқтириш ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида барча туман ва шаҳарлар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади, 6 та спорт объекти фойдаланишга топширилади, 21 та спорт мактаби спорт анжомлари билан таъминланади. Ёшлар ўртасида компютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, медиа саводхонликни ривожлантириш юзасидан Булунғур, Каттақўрғон, Қўшработ, Пайариқ, Нуробод, Нарпай ва Пахтачи туманларида рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Шунингдек, мазкур дастурда вилоят бўйича 46 та “Ёшлар меҳнат гузари”, 17 та “Ёшлар кичик саноат зонаси”, 2 та мактаб, Пайариқ туманида “Ёшлар кутубхонаси”, Булунғурда замонавий ахборот-кутубхона маркази қуриш белгиланган. Ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш мақсадида барча туман ва шаҳарларда кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 19 та мактаб ташкил этилади. Нуробод, Пахтачи ва Қўшработ туманларида “Ёшлар марказ”лари фойдаланишга топширилади.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳам жуда катта режа ва мақсадларни белгилаб олганмиз ва улар ижроси таъминланмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда Самарқандда илк бор буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Ушбу мақсад учун Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг ангиохирургия ва трансплантация бўлими ва унинг операцион блоклари капитал таъмирланди, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. 2021 йил 10-12 июнь кунлари 3 нафар беморда илк маротаба буйрак трансплантацияси мувафаққиятли амалга оширилди.

Ўтган йил Самарқанд вилояти кардиология диспансерида инвестиция дастури асосида 12 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилиб, кардиореанимация, кардиохирургия, оритмология, ортериал потология каби олтита янги бўлим очилганди. Хорижда ишлаб юрган 15 нафар юқори малакали юртдошларимизни шу ерга таклиф этиб, чет элдагидан кам бўлмаган шароит яратиб бердик. Улар 2020 йил декабрь ойидан шу пайтгача хорижда амалга оширилган юрак қон-томир хасталиклари билан боғлиқ мураккаб жарроҳлик амалиётларини Самарқандда бажаришни йўлга қўйди. Бу йил ҳам ушбу муассасага бир қатор янги ускуналар олиб бердик ва марказ фаолияти такомиллашмоқда.

Бундан ташқари, жорий йилда вилоятда онкологик ва эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш мақсадида мазкур хасталикларни даволовчи тиббий муассасаларимиз моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратганмиз. Бунинг учун республика бюджети билан бирга маҳаллий бюджетдан ҳам каттагина маблағ ажратилмоқда.

Биз дастурлар ижросига масъулмиз ва уни таъминлаш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Бундан бизнинг эмас, халқимизнинг кўнгли тўлиши керак. Ана шунда улар бизнинг фаолиятимизга тўғри баҳо беради.

– Суҳбатимиз мавзуси ўз-ўзидан иқтисодиётга бориб тақалмоқда. Сиз айтаётган катта-катта режалар, маблағлар вилоят иқтисодининг мустаҳкам бўлишини тақозо этади. Бу борада Самарқанднинг ҳозирги имкониятлари қандай?

– Албатта, ҳар бир ҳаракат, мақсад ва режалар биринчи навбатда иқтисодий имкониятга боғлиқ. 2020 йил якуни билан Самарқанд вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 42,4 триллион сўмни ташкил этди. Буни 2017 йил билан қиёслаганимизда 10,4 фоиз ўсишга эришилганини кўришимиз мумкин. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,8 миллион сўмга тенг бўлди. Бу 2017 йилга нисбатан 3,9 миллион сўмга кўп, демакдир.

Худди шундай ўсиш кўрсаткичларини тармоқлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми бундан тўрт йил аввалгига нисбатан 27 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 0,5 фоизга, асосий капиталга инвестициялар 20 фоизга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар қарийб 3 мартага, қурилиш-пудрат ишлари 58 фоизга, чакана савдо айланмаси қарийб 23 фоизга ўсган. Кичик бизнес субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қуватлашга қаратилган эътибор ва яратилган шарт-шароитлар натижасида уларнинг сони 2017 йилдаги 17 минг 261 тадан 2020 йилда 35 мингтага, яъни икки баробар кўпайди.

Жорий йил биринчи ярмида эса вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 19 триллион 320 миллиард (аҳоли жон бошига 4 миллион 875 минг) сўмни ташкил этмоқда ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,9 фоиз ўсишга эришилди.

Йил бошидан буён 188,5 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Экспортнинг асосий қисми (144,5 миллион доллар) саноат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди. Шунингдек, 44 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари хорижга сотилди. 385 та корхона томонидан 46 мамлакатга 471 турдаги маҳсулот экспорти амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йилда “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши ҳам вилоятимизнинг иқтисодий имкониятларини янада кенгайтирди.

Бугунги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 миллион долларлик 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 313 миллион долларлик 55 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, ҳудудда бир қатор саноат корхоналари иш бошлади ва уларда 4300 нафардан ортиқ киши меҳнат қиляпти. Ушбу корхоналар томонидан газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси буюмлари каби 220 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг апрель ойида вилоятга ташрифи чоғида “Ургут” эркин иқтисодий зонасини кенгайтириш ва вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам унинг корхоналарини ташкил этиш бўйича топшириқ бердилар. Ҳозирда бу иш ҳам жадал суратда амалга оширилмоқда.

Қурилиш материаллари саноатида мавжуд табиий ресурслар захирасидан самарали фойдаланиш ҳисобига вилоятда цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бугунги кунда йилига 660 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 4 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда улар сафига яна иккита шундай корхона қўшилади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги туб ислоҳотларни ҳам бугун нафақат иқтисодчилар, балки халқимиз ҳам ўз турмуш тарзи мисолида кўриб турибди. Янгича ёндошув асосида пахта-тўқимачилик йўналишида 10 та, мева-сабзавотчилик бўйича 13 та ва бошқа йўналишларда 21 та кластерлар ташкил этилиб, уларга 164,4 минг гектар ер майдони бириктириб берилди.

Бу ишлар самарасида ўтган йил аҳоли жон бошига тўғри келган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 8,9 миллион сўмни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 2,7 миллион сўмга кўпайди. Яъни, 2020 йилда 33,6 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

– Самарқанд иқтисодиёти ҳақида гапирганда туризмга эътибор қаратмаслик мумкин эмас. Айниқса, кейинги йилларда юртимизда мазкур соҳани ривожлантириш борасидаги ишлар туфайли туризм Самарқанднинг ҳам асосий драйверларидан бири сифатида қаралмоқда...

– Тўғри, бугун иқтисодиётимизда туризмни улуши секин-аста бўлса-да ошиб бормоқда. Аслида, бизда мавжуд имконият ва ресусрлар туфайли бу тармоқ асосий йўналишлардан бири бўлиши керак. Икки йилдан буён коронавирус пандемияси туризмга салбий таъсир кўрсатмоқда. Лекин амалга оширилиши керак бўлган лойиҳалар тўхтаб қолган эмас.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йил Самарқанд эшкак эшиш канали атрофида 212 гектар майдонда туристик марказ қурилиши бошланган эди. Айни пайтда бу ерда муҳташам конгресс холл, “Абадий шаҳар” карвонсаройи ва 8 та замонавий меҳмонхона бунёд этилмоқда. Меҳмонхоналарнинг иккитаси 22 қаватли, беш юлдузли, қолганлари тўрт юлдузли бўлади. Мазкур марказни 2022 йилда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Самарқанд халқаро аэропортининг реконструкция қилиниши ҳам вилоятимизда туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. Жорий йилда янгидан фойдаланишга топшириладиган мазкур аэропорт орқали кунига 40 тагача қатновни амалга ошириш имконияти яратилади.

2019 йилда вилоятимизда сайёҳларга хизмат кўрсатадиган жойлаштириш воситалари 296 тани ташкил этган бўлса, бугунги келиб улар 412 тага етди. Бу объектларда бир вақтнинг ўзида 11 минг 500 нафардан ортиқ меҳмонни қабул қилиш мумкин. Вилоятдаги меҳмонхоналарнинг ўзи ҳозирда 171 тани, оилавий меҳмон уйлари эса 217 тани ташкил этмоқда. Сайёҳларга 136 та туристик синфга мансуб автобус, 126 та микроавтобус ва 20 та электромобиль, 181 та туроператорлар ҳамда 336 нафар гид-таржимон хизмат кўрсатмоқда.

2021 йил 6 ойи давомида 84 та туристик лойиҳа ишга туширилди. Жумладан, 12 та меҳмонхона фойдаланишга топширилди, 45 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди. Сайёҳлар учун шаҳар ташқарисида 15 та янги туристик маршрут йўлга қўйилди.

Самарқанд шаҳрида илк бор гастрономик кўча, Самарқанд тумани “Конигил” маҳалла фуқаролар йиғинида юртимиздаги биринчи туризм қишлоғи ташкил этилди. Бу йил бундай масканлар Ургут туманининг Терсак ва Пайариқнинг Чоштепа қишлоғида ташкил этилмоқда.

Зиёрат туризмни ривожлантириш, хориждан келадиган сайёлар оқимини кўпайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун эса саёҳларга халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш, туристнинг бир неча кун юртимизда, хусусан Самарқандда қолиши учун имконият яратиш лозим.

Шу мақсадда Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий мажмуасида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Зиёратгоҳ атрофида 7 та меҳмонхона, 3 та автотурургоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилмоқда.

Шунингдек, бу йил Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий, Тойлоқ туманидаги Имом Доромий зиёратгоҳларини ҳам кенгайтириш ва обод қилиш, бу масканларда сайёҳлар учун зарур шарт-шароит яратиш чоралари кўрилмоқда.

Умуман, бугун Самарқандга келган хорижлик меҳмонлар фақатгина шаҳардаги тарихий обидалар ва маданий мерос объектларини томоша қилиш билан чекланмай, вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги туристик объектлар, муқаддас қадамжоларни ҳам зиёрат қилишлари учун кенг имкониятлар яратилади.

Пандемия сабабли ўтган йил Самарқандга келган сайёҳлар 633 минг нафарни ташкил этган. Бу йил эса карантин чекловларнинг юмшатилиши, бир қатор давлатлар фуқароларлари учун виза тартибларининг соддалаштирилиши, халқаро авиарейсларнинг тикланиши ҳамда юртимиз бўйлаб ички туризм фаол қўллаб-қувватланиши натижасида йилнинг биринчи ярмида Самарқандга 1 миллион 86 минг нафар сайёҳ келди. Уларнинг 54 минг нафардан ортиғи хорижлик туристлардир.

– Эркинжон Оқбўтаевич, энг улуғ, энг азиз байрамимизга ҳам оз фурсат қолди. Бир томондан коронавирус пандемияси сабабли карантин тартиблари кучайтирилмоқда. Мана шундай шароитда байрамни қандай тасаввур қиласиз?

– Барчамиз учун муҳими, аввало, саломатлик. Ҳар бир инсон ўзи, яқинлари соғ-омон бўлса, ўша хонадонда байрам ҳам, тўй ҳам татийди. Шунинг учун ҳозир биринчи навбатда халқимизнинг саломатлигини ўйлашимиз, республика комиссияси қоида ва тавсияларига қатъий амал қилишимиз керак. Қолаверса, юртимиздаги, ҳар бир хонадондаги тинчлик-хотиржамлик, халқимизнинг эртанги кунга мустаҳкам ишончи – байрам кайфияти, Мустақиллик берган бахт. Буни ҳар куни, ҳар бир хонадонда нишонлаш, байрам қилиш мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, халқимизни Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

ЎзА мухбири

Ғолиб ҲАСАНОВ

суҳбатлашди

2015-2024 © Ishtixon tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM