Қамчиқ довонидан Қозоғистонгача: Қурут тайёрлаш билан шуғулланувчи самарқандлик тадбиркор ҳикояси

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ўзбекистонда «темир дафтар» атамаси пайдо бўлгач, республиканинг барча ҳудудларида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига иссиқхоналар қуриб бериш, парранда ва чорва моллари тарқатиш ҳамда янги ишчи ўринлари яратиш орқали камбағалликка қарши курашилмоқда. Самарқанд вилояти Иштихон тумани 3-сектор раҳбари — туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Сирожиддин Шарипов ҳам ўз ҳудудидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, «темир дафтар»даги оилалар бандлигини таъминламоқда. «Дарё» мухбири вилоятга қилган ташрифи чоғида қурут тайёрлаш билан шуғулланиб келаётган «Нодирхон агро люкс нур» МЧЖ раҳбари Нодир Исломов корхонасида бўлди.

«Оилавий тадбиркорга айланишни ният қилардик»

«Фаолиятимиз дастлаб 1993 йилда бошланган. Волидам ва бизнесдаги устозим Маҳбуба ҳожи Исломова оила бюджетига ҳисса қўшиш мақсадида уй юмушларидан ортиб, қурут тайёрларди ва уни Каттақўрғон тумани деҳқон бозорида сотарди.

1995 йил акам мактабни битирди ва онамнинг дастёрига айланди. У қурутларни Тошкент шаҳридаги Чорсу бозорига олиб бориб, пуллаб келарди. Бошида дадам бироз қаршилик кўрсатиб, ёш болани ёлғиз бегона жойга жўнатмаганимиз маъқул. Нотаниш одамлардан калтак еб, ҳам қурутни, ҳам пулини олдириб қўймасин, деган гапни кўп такрорлади. Аммо волидам акамни меҳнаткаш бўлиб улғайишини истарди. Орадан бир неча йил ўтиб, Хуршид акам Навоий вилоятига ҳарбий хизматга кетди. Унинг ўрнига мен уйдагиларнинг қаноти остига кирдим.

2012 йили оилавий тадбиркорлигимизни кенгайтиришга қарор қилиб, «Нодирхон агро люкс нур» МЧЖни ташкил этдик. 30 сотих ер майдонида цех бунёд бўлгач, кўплаб иш ўринлари яратишга эришдик. Шундан сўнг аста-секин фаолиятимиз ҳажми ортиб борди.

Бундан йигирма йил аввал кун келиб катта тадбиркорга айланишимизни ният қилганимиз рост. Сабаби бошида жуда қийналганмиз: фойда олиш, ўз харидорларимизни топиш осон кечмаган. Шу ишимиз туфайли ота-онамга Ҳаж зиёратига бориш насиб қилди. Биз фарзандлар уйли-жойли бўлдик, замонавий автомашиналар олдик. Ҳаммаси учун беҳисоб шукр!».

«Юзлаб маҳалладошларни иш билан таъминладик»

«Қишлоқда истиқомат қилганим учунми, маҳалла-кўйдаги ишсизларга ёрдам қўлини чўзгим келади, улар ҳам фаровон ҳаётда яшашини истайман.

Айни пайтда оилавий корхонамизда 34 нафар хотин-қиз ва ёшлардан иборат ишчимиз бор. Улар кунига ўртача 60-70 минг сўм, бир ойда эса 2 миллион сўмга яқин даромад топишади. Карантин вақтида ҳам ишимизни тўхтатмадик. Ишчилар орасида аввал Россияга бориб, оғир меҳнат қилганлар ҳам йўқ эмас.

Бундан ташқари, қўшни қишлоқлардаги ишсиз ўнлаб фуқароларни ҳам иш билан таъминлаганмиз. 30 та оилавий хўжалик биз тарқатган сузма (чакки)дан хонадонларида қурут тайёрлайди ва ўзимиз тайёр маҳсулотнинг бир килосини минг сўмдан сотиб оламиз. Ойига 3 миллион сўмгача, яъни ҳаммага ҳаракати ва қилган ишига яраша маош берилади.

Шу ўринда айтишим керакки, фаолиятимизни туман давлат санитария ва эпидемиология осойишталиги маркази ходимлари кучли назорат қилиб боради. Санитария ва гигиена талабларига қатъий амал қилиб, иш юритамиз».

«Маҳсулотларимиз Қозоғистонга ҳам кириб бормоқда»

«Асосий хом ашёмиз ҳисобланган сузмани республикамизнинг барча вилоятларидан ишончли одамларимиз орқали харид қиламиз. Ойига 30-40 тонна сузма йиғамиз. Дашт ҳудудларда боқиладиган сигир сутидан олинадиган сузмадан тайёрланган қурутларга эҳтиёж катта. Одатда барча туманлардан келтирилган сузмаларни аралаштириб, сўнгра қурут ишлаб чиқарамиз. Чунки қурут таъми меъёрида бўлади: нордон ёки ўта ёғли бўлиб кетмайди.

Ҳозирги пандемия даврида ойига 4-5 тонна қурут тайёрлаб, харидорларга етказяпмиз. Қурутларимизга нафақат воҳа вилоятлари, балки водийда ҳам талаб кучли. Қамчиқ довонида патир нонлар билан бирга бизнинг қурутларимиз ҳам сотилади. Маҳсулотларимиз Қозоғистонгача кириб бораётгани қувонарли, албатта».

«Иштихон қурути брендга айланади»

Қурут тайёрлашдан ташқари, беш йилдан буён писта қовуриб, қадоқлаш бизнеси билан ҳам шуғулланаман. Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида цехимиз мавжуд. Чуст туманининг Олмос қишлоғи ва Тошкент вилоятининг бир қанча туманларидан хом пистани харид қиламиз. Ойига 8-9 тонна писта қовурилиб, қадоқланади ва маҳаллий бозорда сотилади. Бир ойда ўртача 4-5 миллион сўм соф фойда топамиз.

Келгусида ҳар иккала фаолиятимни ҳам кенгайтириш ниятидаман. Айниқса, қурут экспортига катта аҳамият қаратмоқчиман. Афғонистон, Қирғизистон каби Ўрта Осиё давлатларидан ташқари, ўнлаб Осиё мамлакатларидан ҳам бизнес ҳамкорлар топиб, Иштихон қурутларини бренд даражасига олиб чиқишни мақсад қилганман».

Тадбиркорга трансформатор ўрнатиб берилди

Сирожиддин Шарипов, Иштихон тумани ИИБ бошлиғи, подполковник:

«Тумандаги фаолиятимни бошлаганимга тўрт ой бўлди. Май ойида сектор ҳудудимга қарашли ‘Чинортепа’ маҳалласи фуқаролари билан учрашиб, уларнинг фикр ва таклифларини эшитдим. Бошида маҳалладаги ‘темир дафтар’га кирган оилаларга жўжалар тарқатиб, кўмаклашмоқчи эдим. Кейин билсам, ‘Чинортепа’даги аксарият хонадон эгалари узоқ йиллардан бери қурут тайёрлаб, тадбиркорлик қилишаркан. Ишбилармонлар ўзини қийнаётган бир қанча муаммоларга ечим топишда кўмаклашишимни таъкидлашди.

Хусусан, «Нодирхон агро люкс нур» МЧЖ раҳбари Нодир Исломов ишлаб чиқариш цехи олдига трансформатор ўрнатиш мақсадида бир йилдан буён турли ташкилотларга ёрдам беришларини сўраб, сарсон юрганини айтди. Унинг мурожаатини қисқа вақт ичида ҳал этдик».

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликка қарши курашда ўзига хос режа асосида иш юритаётган тумандаги тўртала сектор раҳбарияти Иштихонни қурутчилар ҳудудига айлантиришни мақсад қилган. Бу борада, асосан, аёллар ва ёшларни доимий иш билан таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.

Миролим Исажонов.

Daryo.uz

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM