ЯНГИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ-иштихонликлар учун унутилмас воқеа бўлди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

 Ўтаётган ҳар бир кун тарихнинг бир унутилмас саҳифасига айланади. Сиз-у биз билан яшаётган инсонлар амалга ошираётган эзгу ишлар келажак авлод учун ибрат намуналари бўлишида эса китобнинг алоҳида ўрни ва  аҳамияти бор. Бугун Иштихон туман ҳокимлигида туман тарихидан ҳикоя қилувчи “Миёнқолнинг фидойи инсонлари” номли китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Иштихонлик журналистлар Гулчеҳра Усмонова ва Муқаддам Ҳайитовалар ҳамкорлигида яратилган мазкур китоб қатор йиллар давомида туманда яшаб, ўз меҳнати, ибратли ҳаёти билан  алоҳида ҳурмат-эътибор қозонган инсонлар ҳаёти ҳақидаги публицистик мақолаларни ўч ичига олган. Китобнинг илк саҳифасида  туман ҳокими Ш.Негматовнинг сўз боши ўрнидаги “Миришкор деҳқонлар диёри” номли мақоласи  жой олган бўлиб, унда туманда сўнгги йилларда юз берган ўзгаришлар, бугунги кунда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳамда бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳикоя қилинади.
 Китоб “Меҳнат келтирган шараф” ҳамда “Ёдга олганда юраклар титрар...” номли икки бўлимдан иборат бўлиб, унда “Иштихон овози” газетасида турли йилларда туманимизнинг фидойи инсонлари ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи публицистик мақолалар жамланган. 
Китобнинг дастлабки бўлимида ўзининг заҳматли меҳнати билан эл-юрт ҳурматини қозонган ва бугунги кунда иззат-эҳтиром билан қарилик гаштини сураётган ҳамюртларимиз ҳақидаги мақолалар ўрин олган. Улар орасида тажрибали агроном,  “Турон қавмлари”, “Шумерлар ва Турон қавмлари”, “Оталар йўли” каби китобларининг муаллифи, Зойир Зиёдов, таниқли иқтисодчи, тажрибали раҳбар Собир Муродов, шунингдек, Абдимўмин Жўраев, Зулфиқор Қиличев, Жўрақул Каримов, Тошпўлат Усмонов, Қурдош Мамасолиев, Сулаймон Ғаниев ва яна 32 нафар ҳамюртларимиз ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган.
 “Ёдга олганда юраклар титрар...” номли бўлимда эса бугун орамизда бўлмасаларда, нафақат туман тарихи, балки мамлакатимиз миқёсида номи ва ўрнига эга бўлган 21 нафар иштихонлик фидойи инсонлар ҳаёти қаламга олинган. 
 Карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда очиқ майдонда ташкил этилган тақдимот тадбирида туман ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари, китоб муаллифлари ва уни нашрга тайёрлашга ўз ҳиссаларини қўшган “Иштихон овози” газетаси ижодий жамоаси, публицистик мақолаларнинг қаҳрамонлари, уларнинг фарзанд ва набиралари иштирок этишди.
 -Бу китобнинг нашр этилиши туманимиз тарихида муҳим воқеаларидан бири бўлди,- деди тадбирда сўзга чиққан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий  ишлар бўйича ўринбосари Обид Тожихонов. – Бугун ушбу китоб ўнлаб хонадонларга кириб боради, юзлаб ҳамюртларимиз унга жамланган мақолаларни ўқиб, баҳраманд бўладилар. Туманимиз тарихи, юртдошларимиз амалга оширган ибратли ишлар шу тариқа келгуси авлодларга ҳам етиб боради.
 Тадбирда публицистиқ мақолаларнинг қаҳрамонларига китоблар тақдим этилди. Муаллифлар Гулчеҳра Усмонова, Муқаддам Ҳайитова ҳамда китобни нашрга тайёрлашда кўмакдош бўлган ижодкорлар Матлуба Раббимова ва Олимжон Қўчқоровлар туман ҳокимлигининг Фахрий Ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM