“Олтин бош”лар нега хорижга кетяпти?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз баъзи “олтин бош”ларнинг хорижда меҳнат қилаётгани, ўз иқтидорини ўзга юрт учун сарфлаётганига гувоҳ бўласиз. Ёшлар билан суҳбатлашсангиз, айримлари тезроқ хорижга чиқиб кетишни истаётгани, Ўзбекистонда муаммолар кўплиги, ишлари юришса, чет эл фуқаролигини олиб, ўзга юртда қолиб кетишни режалаштираётганини айтади.

Кексалар эса иқтидорли мутахассислар камайиб кетгани, шунинг учун соҳа мутахассислари ўз ишини пухта бажара олмаётганидан нолишади.

Тўғри, бугун ривожланган давлатлар биздан анча илгарилаб кетган. Аммо бу тараққиётни уларга четдан биров келиб қуриб бермаган, ўша юртнинг фуқаролари виждонан меҳнат қилган ва ҳар бир соҳада етукликка эришиб, ривожланган давлатлар қаторидан жой олган. Хўш, нега фарзандларимиз ўз билим ва иқтидорини Ватанга сарфлашдан кўра, чет элни орзу қилмоқда? Сабаби, айрим ёшларимиз тарихини, ота-боболаримиз қолдириб кетган улкан меросни билмайди. Тарихини билган халқ эса ҳеч қачон ўзга юртда муҳожирликка рози бўлмайди. Хўш, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббатни қандай пайдо қилиш мумкин?  

Қуролли Кучларнинг 30 йиллиги муносабати билан яқинда Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмда очилган тарих ўқув биносида бўлдик. Ўқув биносининг ҳар бир хонаси тарихдан сўзлайди, каттаю кичикни ўзига оҳанрабодек тортади. Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётига бағишланган хона деворида шоҳ ва шоирнинг ҳарбий фаолияти, олиб борган жанглари, Ҳиндистонда озгина аскар билан катта қўшинга қарши юриши, жангда душманни қандай қуршаб олгани ва ғалабаси, Бобурийлар шажараси, Тож Маҳал тасвирланган. Хонани бир кўздан кечирган киши Бобурнинг шонли ва машаққатли ҳаёт йўли билан танишади. Хонадан ўша даврда фойдаланилган қурол-аслаҳалар макети ҳам жой олган.

Шунингдек, ибтидоий давр акс эттирилган хонада зардўштийларнинг “Авесто” китоби, Широқнинг жасорати, Тўмариснинг мардлиги, Муқанна қўзғолони билан танишасиз. Қадимги давр тарихи шундоқ кўз олдингизда намоён бўлади. Китоб ўқиса зерикадиган ёшлар бу хонада, албатта тарихга қизиқиб қолиши ва ўзлари истаб тарих китобларини ўқиши шубҳасиз.

Жалолиддин Мангуберди ҳаётига бағишланган хонадан унинг жасорати, шиддатли жанглари акс этган лавҳа ва маълумотлар, Хоразмшоҳлар давлати харитаси жой олган бўлиб, бу ҳар бир ўғлон қалбида ватанпарварлик ҳиссини янада оширади.

- Жалолиддин Мангуберди ҳақида илмий иш қиляпман, - дейди тарих фани ўқитувчиси Миржалол Акобиров. – Шу билан бирга ушбу ҳарбий қисмда ишлаяпман, ҳарбийларга тарих фанидан сабоқ бераман. Тарихини билган инсон Ватанини меҳр-муҳаббат билан қўриқлайди, асрайди ва бунинг учун бор куч-ғайратини сарфлайди. 

Бинода Соҳибқирон Амир Темурга бағишланган хона, иккинчи жаҳон урушига оид хона, 1925 йилдан шу пайтгача давлат раҳбарлари фаолияти акс эттирилган бўлим,  Регистон мажмуаси ва Буюк Ипак йўли макети ҳам мавжудки, уларни шунчаки сўз билан таърифлаб бўлмайди. Ҳар бир бўлимда ўша давр руҳи акс эттирилган, ҳатто дераза пардаларига ҳам жанглар, хариталар тасвири туширилган.

Ёшлар ҳарбий қисмдаги тарих ўқув биносини бир айланса, нафақат тарихимизни ўрганади, балки Ватанга муҳаббати ошади, ўзлигимиз, миллий қадриятларимизга меҳр қўяди. Мана шундай тарихдан сўзловчи ўқув хоналари ҳар бир мактабда ташкил этилса, ёшларимиз келажакда ўз билимларини Ватан равнақи йўлида сарфлайди. “Мен хорижга чиқиб кетишим керак”, деб эмас, “Мен Ватаним ривожига ҳисса қўшишим керак”, деб ҳаракат қилади. Ватанпарварлик тарихни ўрганишдан бошланади.

Хуршида Эрназарова.

2015-2022 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM