ЎҚИТУВЧИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

“Агарки, дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси – ўқитувчилик ва мураббийликдир” И.Каримов 

Ўқитувчилик – катта санъатдир. Бу санъатга педагог осонгина, ўз-ўзидан эриша олмайди. Шунинг учун, ўқитувчилик касбига, яъни соғлом авлод учун чинакам мураббий бўлишга ҳаваси, иштиёқи зўр, замон талабларини тез ва чуқур тушунадиган, ўзининг илмий, ижтимоий-сиёсий савиясини, педагогик маҳоратини изчиллик билан ошириб борувчи, мустақиллик ғояси ва мафкураси билан пухта қуроллантирилган, ҳақиқий ватанпарвар ва меҳнатсевар кишиларгина эриша оладилар. 
Ўқитувчи(педагог) – педагогик, психологик ва мутахассислик йўналишлари бўйича махсус маълумот, касбий тайёргарлик, юксак ахлоқий фазилатларга эга, таълим муассасаларида фаолият кўрсатувчи шахс. 
Буюк аждодимиз, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ўқитувчининг маънавий қиёфасига нисбатан жиддий талабларни қўяди. Хусусан, “Мударрис керакки, ғарази мансаб бўлмаса ва билмас илмни айтишга уринмаса, манманлик учун дарс беришга ҳавас кўргазмаса ва олғирлик учун гап-сўз ва ғавғо юргизмаса, нодонликдан салласи катта ва печи узун бўлмаса, гердайиш учун мадраса айвони боши унга ўрин бўлмаса. Ярамасликлардан қўрқса ва нопокликдан қочса, наинки, ўзини олим билиб, неча нодонга турли хил фисқ ишларни мумкин, балки ҳалол қилса, қилмас ишларни қилмоқ учун содир бўлса ва қилар ишларни қилмаслик унга қоида ва одат бўлиб қолса. Бу мударрис эмасдир, ёмон одатни тарқатувчидир”, дейди. 
Шу билан бирга мутафаккир ўқитувчи меҳнатининг машаққатли эканини ҳам таъкидлаб ўтади: “Унинг иши одам қўлидан келмас, одам эмас, балки дев ҳам қила билмас. Бир кучли киши бир ёш болани сақлашга ожизлик қиларди, у эса бир тўда болага илм ва адаб ўргатади, кўрким, бунга нима етсин. 
Шуниси ҳам борки, у тўдада фаҳм-фаросати озлар бўлади, ундай кишига юзларча машаққат келса, қандай бўлади. Ҳар қандай бўлса ҳам, ёш болаларга унинг ҳақи кўпдир. Агар шогирд подшоҳликка эришса ҳам, унга (муаллимга) қуллуқ қилса арзийди”. 
Машҳур педагог, ўзбек мактаби асосчиси Абдулла Авлоний ҳам ўқитувчи шахси ва унинг фаолияти борасида қарашларни ифодалашга алоҳида ўрин беради. 
Аллома, боланинг соғлом бўлиб ўсишида ота-оналар ўзига хос рол ўйнаши, унинг фикрий жиҳатдан тараққий этишида ўқитувчининг ўрни беқиёс эканини таъкидлайди. Яъни, болаларнинг ақлий қобилиятларини шакллантириш муаллимларнинг “Диққатларига суялган, виждонларига юкланган муқаддас бир вазифа”, “Фикрининг қуввати, зийнати, кенглиги, муаллимнинг тарбиясига боғлиқдур”. 
Машҳур педагог Ян Амос Коменский “Ўқитувчилик ер юзидаги ҳар қандай касбдан кўра юқорироқ турадиган жуда фахрли касб” эканлигини таъкидлайди. Ўқитувчи образини тасвирлар экан, унинг шахсида қуйидаги фазилатлар бўлиши мақсадга мувофиқлигига урғу беради: виждонли, ишчан, саботли, ахлоқли, ўз ишини севувчи, ўқувчиларга оталаридек муомала қилувчи, уларда билимга ҳавас уйғотувчи, ўқувчиларни ўз ортида эргаштирувчи ва ўз эътиқодига эга бўлган шахс. 
“Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” ғояларини амалиётга тадбиқ этиш, Республика таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар муваффақиятини таъминлаш таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган ўқитувчи, тарбиячи, ишлаб чиқариш усталарининг маънавий қиёфаси ҳамда касбий маҳоратларига боғлиқдир. 
Кўриниб турибдики, ҳар бир ўқитувчи Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида кўрсатилганидек, ўз фанлари буйича тегишли маълумот эгаси, юксак касбий тайёргарлик ва юқори ахлоқий фазилатлар соҳиби бўлиши керак. Дарс бериш санъатини мукаммал эгаллаган ўқитувчи уюштирган ўқув машғулоти чуқур билим бериш воситаси бўлиши билан бирга, мустақил Ўзбекистоннинг равнақи, эртанги кунга бўлган ишончи, халқимизнинг ақл-заковати ва меҳнатининг нималарга қодирлиги, жамиятнинг муносиб фуқароси ва содиқ қурувчиси бўлиш учун нималар қилиш зарурлигини кўрсатувчи кўзгу бўлиб хизмат қилади. 

манба: муслим.уз
2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM