ОИТСдан сақланиш мумкин...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

ОИТС сўзининг ўзи инсонни қўрқув ва даҳшатга солади. Кўпчилик бу хасталик ҳақида яхши билмаганлиги сабабли неча-неча аҳил оилалар бузилиб кетиши ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бир сўз билан айтганда ОИТС касаллиги вирусини юқтирмасликнинг асосий йўли - бу аввало, хулқ-атворнинг тозалигидир.

Касаллик юқтирган одамнинг барча биологик суюқликларида - сўлаги, кўз ёши, қони, эркакларнинг шаҳватида, аёлларнинг жинсий аъзо ажратмаларида, ҳатто она сутида ҳам вирус бґлади. Ушбу касалликни келтириб чиқарувчи вирус организмга асосан уч йўл, яъни жинсий, қон орқали ва вертикал йўллар билан тушади ҳамда одамда касалликнинг қўзғалишига сабаб бўлади.

Жинсий йґл билан касаллик ОИВ вирусини юқтирган эркак ёки аёл билан қилинган жинсий алоқадан сўнг юқади.

Қон орқали  касаллик томир орқали гиёҳванд моддалар олувчиларда умумий шприц ва игнадан фойдаланганда, турли муолижаларни амалга ошириш, қон қуйиш, стерилланмаган шприцларни ишлатиш натижасида юқади.

Парентериал йўл эса  вирус жароҳатланган тери орқали  қонга тушишидир. Вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотларини қуйиш, вирусдан зарарсизлантирилмаган тиббий асбоб-ускуналарни ва бошқа турли хил тери, шиллиқ қаватларни кесувчи буюмлар (устара, маникюр, педикюр, татуировка, хатна қилиш асбоби)ни ишлатиш жараёнида ҳам юқиши мумкин.

Касаллик вирусини ґзига юқтириб олган ҳомиладор онадан вируснинг йўлдош орқали ҳомилага ўтиши вертикал юқиш йўли дейилади.

ОИТС касаллигида даракчи белги ва аломатлари сабабсиз озиб кетиш, тана оғирлигининг 10 фоизини ва ундан ҳам ортиқроғини йўқотиш, ошқозон-ичак фаолиятининг узоқ вақт бузилиши, ойлар давомида сурункали ич кетишидир. Кейинчалик лаб, бурун, оғиз ва жинсий аъзоларнинг шиллиқ қавати ва атрофида учуқ тошиши кузатилади. Ушбу учуқлар бир-бири билан қўйилиб, катта ярага айланиб кетади. Бу яралар узоқ вақт тузалмайди. Инсон жисмидаги иммунитет тобора кучсизлана бошлайди ва турли юқумли-юқумсиз касалликларга мойиллик ошиб боради. Шу билан бирга нафас олиш йўллари, ўпка, ошқозон ва ичакларда, мия ва бошқа аъзоларда турлиўзгаришлар содир бўлади.

ОИТСнинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун ҳар бир киши, айниқса, ёшларўзлари учун соғлом турмуш тарзини ташкил қилиши, хулқ-одобини яхшилаши, юксак маънавий фазилатларни ўзида мужассамлаштириши зарур. Даволаниш чоғида бир марта ишлатиладиган шприцлардан фойдаланиш, қон ва қон маҳсулотларни қуйиш олдидан албатта ОИТС вирусининг мавжуд ёки йўқлигини текширтириш шарт. Қон қуйишни иложи борича чеклаш, буни қонўрнини босувчи маҳсулотлар билан алмаштириш керак. Беморларга тўғридан-тўғри қон қуйиш қатъиян ман қилинади.

Шифохоналарда фаолият кўрсатаётган барча ходимлар ушбу касаллик ҳақида маълумотга эга бўлиши, ўз малакаларини мунтазам ошириб боришлари зарур. Улар ОИТС касаллигининг олдини олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан чиқарилган барча буйруқ ва кўрсатмаларга қатъий амал қилишлари ҳамда аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш ишига эътибор қаратишлари лозим.

Унутманг, соғлом турмуш тарзи - саломатлик гаровидир.

                                                                    

А.ХУДОЙБЕРДИЕВ,

вилоят ОИТСга қарши курашиш

маркази врач эпидемиологи.

С. УЛУҒМУРОДОВ,

 туман тиббиёт бирлашмаси шифокори.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM