Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан сақланинг!

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Қрим-Конго геморрагик иситмаси ўта хавфли ўткир вирусли юқумли касаллик бўлиб, уни асосан иксод каналари келтириб чиқаради.

Маълумотларга кўра, 30 га яқин кана турлари Қрим-Конго геморрагик иситма вируси билан зарарланган. Булар орасида кананинг иксод турлари ниҳоятда хавфли ҳисобланади.

Касаллик иксод каналарининг чақиши ёки каналарни қўл билан эзиб ўлдириш чоғида ҳамда беморларга тиббий ёрдам кўрсатилаётган шахсларга бемор қони билан юқади.

Касаллик асосан йилнинг май-август ойларида учрайди.

Касаллик бир неча босқичда кечади, яъни унинг яширин даври бир неча соатдан 2-3 кунгача, бошланғич даври бир неча соатдан 3 кунгача ва соғайиш даври касалликнинг қанчалик оғир кечиши ва асоратларга боғлиқ бўлиб, ўртача 2-3 ҳафта ва ундан ортиқ вақт давом этади. Кана чаққандан кейин 2-3 кун ўтиб одамда умумий аҳволининг ёмонлашуви кузатилади. Тана ҳароратининг кўтарилиши, бош ва бутун танада мушаклар оғриғи, кўзига қон қуйилиши - қизариши, тиш милкларидан, бурундан, бачадондан ва ички аъзолардан қон кетиш, терида геморрагик тошмаларнинг тошиши, тўхтовсиз қайд қилиш (баъзи ҳолларда қон аралаш) касалликнинг асосий белгилари саналади. 

Айрим ҳолларда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги геморрагик белгиларсиз кечиши, тана ҳароратининг кўтарилиши ва умумий интоксикация белгилари намоён бўлиши билан характерланади. Касалликнинг бу шаклини фақат махсус лаборатория текшириш натижалари ва эпидемиологик маълумотларга асосланиб аниқлаш мумкин. 

 

Қрим-Конго геморрагик иситмаси ёки шунга ўхшаш клиник белгилар кузатилса, зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилишни унутманг!

Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигининг махсус профилактикаси (вакцинаси) йўқлиги сабабли асосий эътибор шахсий ҳимояга қаратилиши керак. Бунда уй ҳайвонлари сақланадиган жойларда каналарнинг кўпайиши ва чақишига йўл қўймаслик, ҳудудий ветеринария хизмати томонидан зарарсизлантириш (дезинфекция ва дезинсекция) ишларини олиб бориш, каналарни қўл билан эзиб ўлдирмаслик, касалликнинг клиник белгилари кузатилган беморга тиббий ёрдам бериш пайтида шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Қилич ҚЎЛДОШЕВ,

вилоят ДСЭНМ иммунология бўлими мудири.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM