СЎФИ ОЛЛАЁР МИНГЛАРДА ТУҒИЛГАНМИ

Тарих фани ўқитувчиси Қудрат Ҳасанов, "Иштихон овози" газетасининг муҳаррир ўринбосари, истеъдодли ижодкор Ибодхон Баҳодировлар жуда кўп шу мавзуни тилга олишар, гоҳида баҳс-мунозараларга сабаб бўлар эди.

  Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин халқимизнинг асрлар, балки минг йиллар билан тенглашадиган  қадриятлари ҳам ҳаётимизга қайтди. Улуғ ватандошларимиз Амир Темур, Захириддин Муҳаммад  Бобир каби буюк саркардалар, Исмоил Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад Яссавий, Баҳоваддин Нақшбандий каби алломаларнинг ҳаёт йўли ва улар қолдирган маънавий мерос эндиликда тарихий ҳақиқат ва адолат асосида кенг ўрганилмоқда.

     Суфи Оллаёр бизнинг ватандошимиз.Чиндан хам шундай.Тарихий маълумотларга кўра у «Янгиқўрғон яқинидаги Минглар қишлоғида» тахминан 1650 йилда туғилган. Демак, ”Бухородан келишда Самарқандга етмасдан Янгиқўрғон яқинидаги Минглар отлик овул»- бу туманимизнинг собиқ “Туркистон» муқобил машина парки ҳудудидаги Минглар қишлоғидир.

   Ёзувчи Миркарим Осимнинг «Карвон йўлларида” ҳамда Тоғай Муроднинг «Ойдинда юрган одамлар» номли тарихий асарларида келтирилганидек, Суфи Оллаёр дастлабки маълумотни Минглар қишлоғига қўшни бўлган Шайхлар қишоғидаги масжидда олади. Мадрасани битиргач, Бухоро амири саройига божхона бошлиғи вазифасига тайинланади Бунга эса ўша вақтда Бухоро амири саройида юқори лавозимда бўлган акаси Фарҳоднинг кўмаги бўлганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас.

   Ўзбекистон Фанлар академияси қўлёзмалар институти ходими Рашид Зоҳиднинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасида (1991 йил,август) босилган «Тарозу борига иқроримиз бор» мақоласида қайд қилинишича, Суфи Оллаёр йигирма йил давомида божхона тураси бўлиб ишлайди. Аммо акаси бир гуноҳи сабабли қатл эттирилгач,Суфи Оллаёр ҳам саройдан кетади ва Бухоронинг ўша вақтдаги етук инсонларидан бўлган Шайх Хабибуллоҳ ҳузурига бориб, унга мурид бўлади. Шайх раҳномолигида ўн икки йил мобайнида шартит ва тариқат мақомларини эгаллайди ва кейинчалик тассаввуф тариқатининг йирик намояндаси ва тарғиботчиларидан бўлиб танилади. Суфи Оллаёр умрининг охирида Сурхандарё вилоятининг Денов туманида яшаган бўлиб, 2720 йилда тахминан 70-71 ёшида вафот қилган ва ўша ерда дафн этилган.

   Шуни алоҳида таъкидлаш керакки,Суфи Оллаёр фақатгина ватандош бўлганлиги билан эмас,балки жуда катта ижодий мероси ҳамда тасаввуф тариқатининг йирик намояндаларидан бири бўлганлиги ,

унинг асарлари мадрасаларда дарслик сифатида ўрганиб келинганлиги билан ҳам биз учун қимматли ва бу билан фахрлансак арзийди.

                                                    МАЪНАВИЙ МЕРОС- ЭНГ НОДИР ХАЗИНА

    Суфи Оллаёрдан бизга чиндан ҳам катта маънавий мерос қолган.Улар шоирнинг «Маслак –ул—мутаккийн», «Мурод ул-орифин», «Махзан ул- мутони», «Сабот—ул ожизин» каби ва бошқа кўп китобларидан иборатдир.Инсонийлик,комилликни тарғиб этувчи бу асарлар илмий-фалсафий, ижтимоий-ахлоқий мазмунларга тўла.

    Масалан, Суфи Оллаёрнинг «Сабот ул-ожизин»(«Ожизлар саботи») китоби ҳақида тўхталадиган бўлсак,бу китоб оллоҳни яна бир марта кашф этиш йўлидаги ўринишдир.Илгари ҳар бир ўзбек хонадонида мойчироқ бўлар эди.Шу мойчироқ ёруғида бобомизнинг китоблари ўқилар,ёқа ва енглар кўз ёшларидан жиққа ҳул бўлар эди.Кейин эса мойчироқлар йўқ бўлди,китоб ўқишлар ман этилди.

Бобомизнинг китоблари чиқитга чиқди,бундай китобларни ўқиш хавфли бўлиб қолди.

             «Агар бало чиқиб,кетсанг ўзингдан,

               Йиқилгайсан тойиб ерга юзингдан»

деб ёзган эканлар бобомиз.Гап ўзини унутиш, қаердан келгани ва қаерга боражагини билмаслик, яъни кибру такаббурлик ҳақида бораётир. Дунё ва коинот маърифатини англаш ва шу маърифат ичидан ўзини топиш,шу маърифатга лойиқ бўлиш ўрнини мағрурлик эгаллаганда одам ўзининг оёғи остидаги заминни кўрмай қуяди.Натижада ҳар қадамда тойиб,ҳар қадамда юз тубан йиқилиб яшашга грифтор бўлади.

   Эътибор қилинг. Орадан қанча- қанча йиллар ўтаяпти. Аммо асарнинг мазмун-моҳғияти худди бугун билан боғлиқ. Келажакни олдиндан кўра билиш қобилиятига эга эканлигига яна бир бора тан берамиз.

   Суфи Оллаёр  «Ожизларнинг саботи» китобининг бош ғояси ана шундай кибрланиш,мағрурланиб кетишга қаратилгандир.Бу китоб моҳиятига кўра ёдга солиш китобидир.У инсон боласига унинг заминда яшаётганлигини эслатади.Яратганнинг маърифатини билиш инсоний камолот йўлидаги илк зарур қадамдир,деб кўрсатади. У инсон учун яхши амалларнинг ва илм олишнинг аҳамиятини ҳар ўринда таъкидлайди.Маълумки, яхши амаллар қуръони каримда

ҳам инсоннинг бу дунё ҳаёти билан боғлиқ бош ғояларидан биридир.Худо яхши амалларни ,яхши амал қилувчиларни ёқтиради.

     Бизнинг назаримизда бу китобдаги ҳар бир байт,ҳар бир сатр ана шундай эски ердан оққан янги чашмадир.Бу чашманинг суви ғоятда тоза ,ғоятда тароватлидир. Маърифат,иймон,муҳаббат, ҳалоллик, садоқат, аҳдида собитлик ҳар бир инсоннинг кўркидир. Эшон Суфи Оллаёр ана шу маънавий гўзалликларни халққа тарғиб қилади.Маърифатни,илмни ким ўрганмаса унинг жойи дўзахдир,деб огоҳлантиради.

           Ҳаво мисдек қизир,ер ҳам темирдек,

           Ғазаб қилган киши бўлгай кўмирдек.

 Жаҳолат ва ғазаб батарий нарса, ғазабнинг ранги қора.Бировга ғазаб қилган киши ҳақиқатдан ҳам кўмирдек қорайиб кетади.Суфи Оллаёр ана шундай оддий сўзлардан одамни титратадиган манзаралар яратади.Сўзларнинг кутилмаган маъно ва қирраларини намоён қилади.

        Тилни узр айголи эй, кошифи роз,

        Тилимни минг тилим қилсам эру роз.

  Бу инсон доим узр мақомида турсин,деганидир.

         Отанг эрдур, санам эрдай қилиқ қил,

        Ёмонлик айлаганга яхшилик қил.

  Суфи Оллаёр ўз ҳикматлари, сўзларини инсонлар дилига шундай нақшлайди.Бундай азиз мевалар Суфи Оллаёрнинг адабий боғида олтиндай товланиб ётибди.Уларнинг тирик зиёси кўзингизни қамаштиради.Бу зиё юракларимизни ёритиб,кўнглимизни муҳаббат билан тўлдиради.

                   Кел,эй толиб,кўзинг ибрат билан оч,

                  Муҳаббатсиз кишидан қуш бўлиб қоч-

дейди Суфи Оллаёр. У асрлар ошиб ўз авлодининг кўзини очиш, уларни муҳаббатли қилиш устида тинимсиз қайғуради . «Мени тўғри тушунинглар наслларим» дегандай бўлди.

                                            МАСЖИДНИНГ БУГУНГИ ҲОЛАТИ

         Манбаларда ёзилишича Сўфи Оллаёр ҳақиқатдан ҳам Минглар қишлоғида дунёга келган. Тавводор шахс Аллоҳқули (Темурёр) хонадонида туғилиб, 12 ёшгача Шайхлар қишлоғидаги масжидда таҳсил олганлиги маълум. Ундан кейин Бухородаги Жуйиборий шайхлар мадрасасида ўқиб ҳақиқий ислом дини дунёвий ҳаётнинг етук адолатпарвар ва камтарлик тарғиботчиси бўлгани боис эски масжид бўзилиб кетади. Ўрнида ҳашар йўли билан кичикроқ бино тикланади.1998 йилнинг август ойида рухсатнома билан масжид яна фаолиятини бошлади.

      Шундан буён масжид яна гавжум маскангаи айланди.қишлоқ аҳли жам бўлиб ҳар куни беш вақт номоз ўқишади.Жума номозида 150 нафар кекса-ю ёш йиғилса, ҳайит номозида эса ундан ҳам кўпчилик тўпланади. Хоналар торлик қилиб номозхонлар сиғишмай қолган вақтлар бўлади.

     -Ўртақишлоқ ҚФЙ ҳудудидаги қишлоқлардан фуқаролар келишади, қарийиб шу атрофдаги 40-45 қишлоқ аҳолиси шу масжидга жам бўладилар, - дейди масжид ноиб имоми узоқ йиллар она тили ва адабиёт фанидан дарс берган Олим Маннонов. - Аммо бинонинг қурилганига жуда кўп йиллар бўлган. Бугун эса жуда таъмирталаб ҳолатга келган. Замонавий кўрк бериш, обод масканга айлантириш давр талабидир.қолаверса Сўфи Оллаёр асарларини жамлаб, ўқувчиларга еткизиш зарур.

Гулчера Усмонова

2015-2019 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM