Президент Фармонида бир қатор енгилликлар назарда тутилмоқда

“Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. “Фармон нотариал хизмат кўрсатишнинг сифат жиҳатдан юқори, тезкор бўлиши фуқароларда ишончни мустаҳкамлайди”, деб хабар бермоқда ҳуқуқий ахборот канали.

Фармонда қуйидагилар назарда тутилган:

Биринчидан, 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилади. Бу ўзгариш аҳолининг нотариал идорада навбат кутиб қолиши ва идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олади.

Нотариал палата ташкил этилади ва унга барча нотариуслар аъзо бўлади.

Иккинчидан, мол-мулклар билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда ҳам бир қатор талаблар бекор қилинади.

Хусусан, 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмайди.

Учинчидан, бир қатор нотариал ҳаракатларни мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда.

Хусусан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинади.

2020 йил 1 январдан бошлаб корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, бирламчи бозорда мол-мулкни лизингга бериш ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM