Ҳужжатлар



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Фармони

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йил 10 июндаги «2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар» резолюциясига таяниб, аъзо-давлатларни 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказишни қатъий даъват этади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастурини кўллаб-қувватлашини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилсин.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси 3-иловага мувофиқ таркибда;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин, уларнинг намунавий таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб куйидагилар белгилансин:

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга ваколатли орган ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини назорат қилиш;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш, материалларни қайта ишлашни ташкил этиш ва якуний натижаларни эълон қилиш масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда иштирок этиш учун жисмоний ва юридик шахсларни уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилган холда жалб этишни ташкил этиш;

ташкилотларни уларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларга, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш ва ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга жалб қилиш масалаларини кўриб чиқиш;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларни аниқ чора-тадбирлар ва масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда ташкил этиш;

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ масалалар юзасидан, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган ҳудудий бўлинмаларини ва бу жараёнга жалб қилинган бошқа ташкилотларни моддий-техник таъминланганлигини мустаҳкамлаш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс ишлар бажарилишини назорат қилиш;

ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга жисмоний ва юридик шахсларни жалб этиш ҳамда иштирок этганларни рағбатлантириш.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсадлари, тартиби, даври ва муддатлари;

илғор хорижий амалиётда қабул қилинган замонавий технология ва услубиётлар асосида аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш;

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иштироки, уларнинг вазифалари, функциялари ҳамда жавобгарлигини кўрсатиш;

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг иштироки, улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ механизмлари ва манбаларини белгилаш;

аҳолини рўйхатга олиш якунларини амалга ошириш бўйича ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар.

6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ҳамда вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва мавзуга оид кўрсатувларни ташкил этсин.

7. Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тегишли комиссиялар раҳбарлари мазкур Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгарлиги белгилаб қўйилсин.

8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2019 йил 5 февраль,

ПФ-5655-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5655-сон Фармонига
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш

концепцияси

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсади, асосий вазифалари, босқичларини белгилайди.

2. Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади ва у келгуси 10 — 30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади, ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради. У аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш, шунингдек, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулини ишга солган ҳолда расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.

3. Аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш:

республика даражасида;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида;

туманлар ва шаҳарлар даражасида амалга оширилади.

2-боб. Аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ва асосий вазифалари

4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яхлит ва хар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ бир вақтда яшовчи шахсларнинг турли тавсифлари тўғрисида халқаро таққослана оладиган ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик услублар асосида йиғиш аҳолини рўйхатга олишнинг мақсади ҳисобланади.

5. Қуйидагилар аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

аҳоли таркибидаги глобал ўзгаришларни баҳолаш, демографик сиёсатни, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар аҳволини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун ахборотлар базасини кенгайтириш;

аҳоли пунктлари ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурлар тайёрлаш ва индикатив режалаштириш;

миллий барқарор ривожланиш мақсадларини шакллантириш ва унинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказиш;

аҳолини рўйхатга олиш даврлари оралиғида аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини юритиш, аҳоли сонининг ҳисоби ва прогнозларини амалга ошириш учун статистик базани яратиш;

ижтимоий-иқтисодий муаммолар бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш.

3-боб. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш босқичлари

6. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича халқаро тавсиялар ва хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишлари уч босқични ўз ичига олиб, уларнинг доирасида тадбирлар ҳам босқичма-босқич, ҳам бир вақтнинг ўзида ўтказилиши мумкин:

Биринчи босқичда (3 йилга яқин даврда) қуйидагилар амалга оширилади:

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услубий асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

аҳолини рўйхатга олиш дастурини, рўйхатга олиш варақалари бланкларини, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш;

синов асосида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ташкил этиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш ва унинг асосида методологик ҳужжатларни такомиллаштириш;

хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ва аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режаларини тузиш;

замонавий хариталаш технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, унинг ўтказилишини назорат қилиш, якуний натижаларни олиш ва тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш;

ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш;

рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни чоп этиш;

моддий-техника таъминоти воситаларини тайёрлаш ва (ёки) харид қилиш, шунингдек, уларни рўйхатга олиш участкаларига етказиш;

рўйхатга олиш участкаларини бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш;

рўйхатга олиш тадбирида иштирок этувчи вақтинчалик ходимларни ўқитиш;

аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишлар.

Иккинчи босқичда (10 кундан 60 кунгача бўлган даврда) бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.

Учинчи босқичда (2 йилдан 3 йилгача бўлган даврда) қуйидагилар амалга оширилади:

аҳолини рўйхатга олишга доир бирламчи материалларни маълумотларни қайта ишлаш бўйича ихтисослашган тузилмалар томонидан қабул қилиб олиш;

аҳолини рўйхатга олиш материалларини автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашга тайёрлаш;

бирламчи маълумотларни киритиш, кодлаш, назорат ва таҳрир қилиш;

аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижаларни олиш;

аҳолини рўйхатга олиш натижаларини эълон қилиш ва тарқатиш.

4-боб. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш иштирокчилари

7. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, рўйхатга олиш ишларининг ўтказилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, рўйхатга олиш натижаларини таҳлил қилиш Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилиб, улар норматив-ҳуқуқий ва услубий ҳужжатлар асосида аниқ чора-тадбирлар ва масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда тайёрлов тадбирларини ташкил этиш ва аҳолини рўйхатга олиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.

8. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат статистика қўмитаси деб юритилади) Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

9. Давлат статистика қўмитаси:

а) муҳим илмий ва олий таълим муассасалари иштирокида аҳолини рўйхатга олиш бўйича илмий-услубий ва қўлланма материаллар тайёрлайди;

б) ҳар бир аҳоли пунктида аҳолини рўйхатга олишни мувофиқлаштирувчи рўйхатга олиш участкалари мудирларини, давлат статистика органлари ходимлари орасидан супервайзерлар (назоратчи инструкторларнинг) тайинланишини таъминлайди;

в) туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда рўйхатга олувчи ходимларни ўқитишни, шунингдек, рўйхатга олиш варақаларини синов кўринишида тўлдириш бўйича амалий машғулотларни ташкил этади, кейинчалик хатоликларни таҳлил қилади ва юзага келган қийинчиликларни тушунтиради (ўқитиш ўрганилган материал тўғри ўзлаштирганлигини ва ўрганувчиларнинг ишга тайёрлик даражасини назорат қилиш билан якунланади);

г) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

моддий-техник воситаларни сотиб олиш, рўйхатга олиш натижаларини қайта ишлаш тузилмаларини машина ўқийдиган рўйхатга олиш варақаларини автоматик тарзда қайта ишлаш учун сервер ускуналари, сканерлар ва бошқа офис техникалари билан таъминлаш учун тендерлар ташкил этилишини ва ўтказилишини;

аҳолини рўйхатга олиш варақаларини киритиш ва қайта ишлаш бўйича автоматлаштирилган тизим яратилишини;

автоматлаштирилган тизимнинг шахслар ҳақида ахборот (СТИР, паспорт тизими ва ҳоказолар) олиш учун давлат органлари ахборот ресурслари билан интеграциясини;

аҳолини рўйхатга олиш натижаларини олиш бўйича дастурий воситалар тайёрланишини таъминлайди;

д) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш ҳақида аҳолини (шу жумладан SMS-хабарнома орқали) хабардор қилиш ишларини мувофиқлаштиради (аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, шиорлар чиқариш ва бошқа шу каби тадбирларни амалга ошириш).

10. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси олдиндан ва Давлат статистика қўмитасининг талабномалари бўйича босқичма-босқич равишда белгиланган тартибда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материаллар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари, маъмурий туманлар хариталари) тайёрланишини таъминлайди.

11. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг махсус қатламларини рўйхатга олинишини таъминлайди.

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги аҳолини рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни сақлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатлари қайта ишланганидан сўнг уларни доимий сақлаб туради.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинчалик бинолар ажратилишини;

аҳолини рўйхатга олиш варақалари ва бошқа ҳужжатларни вақтинчалик сақлаш учун қўриқланадиган бинолар ажратилишини;

зарур транспорт ва алоқа воситалари тақдим этилишини;

давлат кадастри ва давлат статистика органлари билан биргаликда доимий яшовчи аҳоли сонини кўрсатган ҳолда аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхати тузилишини таъминлайди.

14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган шахсларнинг хавфсизлигини ва рўйхатга олиш материалларининг сақланишини;

аҳолини рўйхатга олиш даврида аҳолини рўйхатга олишни ўтказувчи органларнинг бинолари ва юклари қўриқланишини таъминлайди;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказувчи органлар билан биргаликда зарур маълумотларни беришдан бош тортган ёки рўйхатга олувчиларнинг аҳолини рўйхатга олиш учун корхона ва ташкилотлар ҳудудига киришига тўсқинлик қилган шахсларга нисбатан маъмурий таъсир чораларини кўради.

15. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича алоҳида ишлар товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш учун белгиланган тартибда ўтказилган савдолар асосида танлаб олинган жалб этилган пудрат ташкилотлари томонидан бажарилади, уларга қуйидагилар киради:

аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш;

картографик материалларни чоп этиш;

рўйхатга олиш ҳужжатларини чоп этиш;

моддий-техник таъминлаш;

рўйхатга олиш материалларини ташиш;

технологик-лойиҳа ишларини ўтказиш ва дастурий таъминотни ишлаб чиқиш;

рўйхатга олиш варақалари маълумотларини киритиш ва автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш.

16. Зарур холларда, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш доирасидаги айрим ишлар ва тадбирларни бажаришга кўмаклашиш учун бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар қўшимча равишда жалб этилиши мумкин.

5-боб. Аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб этиладиган ходимлар тоифалари

17. Республика миқёсида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ходимлари иштирок этади, ҳудудларда ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, материалларни автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш, дастлабки якунларни сарҳисоб қилиш ва натижаларни эълон қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар статистика бўлимлари ходимлари жалб этилади.

Алоҳида даврларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қўлланма ва маълумотнома ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, аҳолини рўйхатга олишни молиявий ва моддий-техник таъминлашда ҳисоб-китобларни тайёрлаш учун қўшимча равишда шартнома асосида штатда бўлмаган юқори малакали мутахассислар вақтинчалик жалб этилади.

18. Туман ва шаҳар миқёсида рўйхатга олиш, инструкторлик, ҳисоб ва стационар участкаларда ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун тўлов-шартнома асосида ходимлар жалб этилиши мумкин.

19. Регистраторлар шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги уйларнинг тайёргарлик босқичида аввал тузилган рўйхатларини ва картографик материалларни аниқлаш (аниқ ҳудуддаги уйларнинг ҳақиқатда мавжудлигини текшириш) учун тўлов-шартнома асосида жалб этилади.

Регистраторларни давлат статистикаси органлари ва уй-жой фондидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимлари орасидан танлаб олиш туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан давлат статистикасининг ҳудудий органлари билан биргаликда ташкил этилади.

20. Давлат статистикаси органлари ходимлари, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва юқори курс талабалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари орасидан рўйхатга олиш участкалари мудирлари, инструкторлар ва рўйхатга олувчиларни танлаб олиш туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан давлат статистикасининг ҳудудий органлари билан биргаликда шартнома асосида ташкил этилади, зарур ҳолларда, бошқа тоифадаги шахслар ҳам, улар аҳоли рўйхатини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва/ёки уни ўтказишда иштирок этишга рози бўлган тақдирда, бу жараёнга жалб қилиниши мумкин.

Вақтинчалик жалб этиладиган ходимларга исмлари ёзилган нишонлар (гувоҳномалар) берилади.

Бунда ходимнинг яшаш жойи текширилаётган аҳоли пунктига қатнаш учун қулай бўлиши керак.

6-боб. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини автоматлаштириш

21. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг алоҳида босқичларини, унинг материалларини қайта ишлаш ва натижаларини эълон қилишнинг тўлиқ даврини автоматлаштириш мақсадида, зарур бўлганда, ташқи пудратчини жалб этган ҳолда, миллий ва хорижий тажрибани инобатга олиб, энг янги технологик ечимлар базасида комплекс автоматлаштирилган ахборот тизими яратилади.

22. Рўйхатга олиш варақаларидаги аҳоли тўғрисидаги шахсий маълумотлар фойдаланилиши чекланган махфий ахборот ҳисобланади, тарқатишга йўл қўйилмайди ва фақат статистик мақсадларда қайта ишланади.

23. Автоматлаштирилган ахборот тизими:

рўйхатга олиш варақаларидаги маълумотларни киритиш, тўплаш ва сақлашни;

маълумотларни қайта ишлаш, алмашиш жараёнларини ва ушбу жараённи услубий қўллаб-қувватлашни мониторинг қилишни;

манзиллар, маълумотномалар ва таснифлагичлар реестрида мавжуд бўлган маълумотларни актуал ҳолатда сақлашни;

регистраторлар учун картографик материалларни шакллантиришни;

аҳолини рўйхатга олиш бўйича ташкилий режа тузишни автоматлаштиришни;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг шахсий маълумотларини автоматик қайта ишлашни;

шахсий маълумотларни рухсатсиз кириш, ўғирлаш, бузиш ёки йўқотишлардан ҳимоя қилишни;

маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш шарти билан қўшимча сўровларни шакллантириш учун шахсий бўлмаган маълумотлар базасига айрим тадқиқотчиларнинг белгиланган тартибда киришини;

аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидан фойдаланишни бошқаришни таъминлайди.

7-боб. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш харажатларини молиявий таъминлаш

24. Аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун кўзда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.

25. Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва бошқа масъул идоралар ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек тендер савдоларини ўтказиш ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади.

26. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.

8-боб. Аҳолини рўйхатга олиш якунлари

27. Аҳолини рўйхатга олиш якунлари босқичма-босқич шакллантирилади, шу жумладан:

шаҳар ва қишлоқда рўйхатга олинган аҳоли (шу жумладан эркаклар ва аёллар) сони бўйича дастлабки натижалар рўйхатга олувчи ходимлар томонидан тайёрланган йиғма рўйхатлар натижалари асосида шаҳар ва қишлоқ аҳолисига ажратилган ҳолда тузилади;

якуний натижалар Аҳолини рўйхатга олиш натижаларини эълон қилиш дастурига асосан мавзули навбат бўйича бирламчи маълумотлар базасидан махсус график бўйича шакллантирилади;

қўшимча натижалар эълон қилинган маълумотлар миқдоридан ортиқ ҳажмдаги фойдаланувчиларнинг сўровлари бўйича (сўровлар келиб тушишига кўра) маълумотлар базаси асосида шакллантирилади.

28. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари расмий босма мавзули нашрлар кўринишида, шунингдек, электрон манбаларда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида), фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун оммабоп нашрларда (рисолалар, пресс-релизлар, атласлар, тақдимот материалларида) эълон қилинади.

29. Қайта ишланган қоғоз кўринишидаги аҳолини рўйхатга олиш варақалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда марказлашган тарзда сақланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5655-сон Фармонига
2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Бажариш муддатлари

Масъул ижрочилар

I. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар

1.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсадлари, тартиби, даври ва муддатлари;

илғор хориж амалиётида қабул қилинган замонавий технология ва услубиётлар асосида аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш;

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иштироки, уларнинг вазифалари, функциялари ҳамда жавобгарлигини кўрсатиш;

аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказишда жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг иштироки, улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ механизмлари ва манбаларини белгилаш;

аҳолини рўйхатга олишнинг якуний натижаларини амалга ошириш учун ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар.

2019 йил 1 июлга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Ходжаев), Молия вазирлиги (А. Ҳайдаров), ИИВ (П. Бобожонов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), вазирлик ва идоралар

2.

Аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услубий асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш.

2022 йил 1 октябрга қадар

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси), Давлат статистика қўмитаси

(Б. Бегалов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Ходжаев), ИИВ (Д. Назармуҳамедов), Адлия вазирлиги (М. Истамов), Молия вазирлиги (А. Ҳайдаров), вазирлик ва идоралар

3.

Аҳолини рўйхатга олиш дастурларини, рўйхатга олиш варақалари бланкларини, аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш услубиятини ишлаб чиқиш.

2022 йил 1 октябрга қадар

Республика комиссияси, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Молия вазирлиги (А. Ҳайдаров),

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Ходжаев),

вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар

4.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг (кейинги ўринларда — Давлат статистика қўмитаси) штатдан ташқари ходимлари, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган вақтинчалик ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш.

2022 йил 1 октябрга қадар

Республика комиссияси, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Ш. Кудбиев), Молия вазирлиги (А. Ҳайдаров)

II. Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш

5.

Давлат статистика қўмитаси мутахассислари учун аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш юзасидан хорижий мамлакатларга, шу жумладан ушбу масалалар юзасидан тажрибага эга бўлган МДҲ давлатларига хизмат сафарларини ташкил этиш.

2022 йил 1 сентябрга қадар

Республика Комиссияси, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), ТИВ (А. Камилов), БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Тошкентдаги ваколатхонаси, халқаро ташкилотлар

6.

Маъмурий-ҳудудий бирликлар рўйхати ва чегараларини аниқлаштириш, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари номлари, кўчалар номлари, хонадон ва уйлар рақамлари кўрсатилган кўрсаткичларнинг мавжудлигини таъминлаш.

2021 йил 1 апрелга қадар

Ергеодезкадастр давлат қўмитаси (А. Абдуллаев), туман ва шаҳар ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

7.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун иштирокчиларни картографик материаллар (схематик режа ва харита) билан таъминлаш.

2022 йил 1 июлга қадар

Ергеодезкадастр давлат қўмитаси (А. Абдуллаев)

8.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва материалларни қайта ишлаш, хусусан:

синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун ҳудудларни танлаш;

синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун ходимларни жалб қилиш;

ходимларни ўқитиш;

ходимларни рўйхатга олиш ҳужжатлари билан таъминлаш;

синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш;

дастурий таъминотни ишлаб чиқиш;

синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш материалларини қайта ишлаш ва таҳлил қилиш.

2021 йил 1 июлга қадар

Республика комиссияси, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

9.

Регистраторларни давлат статистикаси органлари ва уй-жой фондидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимлари орасидан жалб қилиш, бино ва уйлар рўйхатини тузиш тартибини ўқитиш, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги уйлар рўйхатини тузиш, регистраторлар хавфсизлигини таъминлаш.

2021 йил 1 декабрга қадар

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (М. Солиев), Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), ИИВ (Д. Назармуҳамедов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

10.

Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар даражасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг ташкилий режаларини тузиш:

туманлар кесимида рўйхатга олиш (ҳар бир аҳоли пунктини рўйхатга олиш, инструкторлик ва ҳисоб участка ҳудудларига бўлиш);

ҳар бир вақтинчалик ходимлар тоифалари бўйича талабни ҳисоб-китоб қилиш;

вақтинчалик ходимларни танлаш ва ўқитиш жадвалини ишлаб чиқиш;

рўйхатга олиш ва инструкторлик участкаларини жойлаштириш учун етарли миқдордаги биноларни аниқлаш.

2022 йил 1 июнга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

11.

Қуйидагиларни:

аҳоли тўғрисидаги маълумотларни йиғиш билан шуғулланувчи шахсларни ўқитиш;

вақтинчалик жалб этилган ходимлар билан ишлаш;

аҳолини рўйхатга олиш материалларини қайта ишлаш;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун ажратилган моддий-техника воситаларини сақлаш;

рўйхатга олиш ва бошқа ҳужжатларни сақлаш учун бинолар билан таъминлаш.

2023 йил 1 майга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

12.

Туманлар (шаҳарлар) рўйхатга олиш бўлимлари, рўйхатга олиш ва инструкторлик участкаларини транспорт воситалари билан таъминлаш.

2023 йил 1 майга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

13.

Давлат статистика қўмитаси сўровига асосан туманлар (шаҳарлар) рўйхатга олиш бўлимлари, рўйхатга олиш ва инструкторлик участкаларини белгиланган тартибда алоқа воситалари билан таъминлаш.

2023 йил 1 майга қадар

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

14.

Рўйхатга олиш ҳужжатларини чоп этиш.

2022 йил 1 июлга қадар

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

15.

Рўйхатга олиш ҳужжатларини туманлар (шаҳарлар) рўйхатга олиш бўлимлари, рўйхатга олиш ва инструкторлик участкаларига етказиб бериш.

2022 йил 1 сентябрга қадар

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (А. Шукуров),

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК (У. Хусанов),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

16.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари бўйича:

Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ходимларини;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий статистика бошқармалари ходимларини;

туман (шаҳар)лар статистика бўлимлари ходимларини ўқитиш.

2022 йил 1 сентябрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

17.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вақтинчалик жалб этилган ходимларнинг сони ва шахсий таркибини танлаш ва таркибини тасдиқлаш.

2022 йил 1 августга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

18.

Аҳолини рўйхатга олишга жалб этиладиган ходимларни ўқитишни ташкиллаштириш.

2022 йил 1 ноябрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

19.

Аҳолини рўйхатга олиш бўйича ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш, хусусан республика ва ҳудудий оммавий ахборот воситаларида (телевидение, радио, босма нашрларда) реклама компанияларини ўтказиш, ташқи ижтимоий рекламаларни жойлаштириш, кўргазмали ташвиқот воситаларини, аҳолини рўйхатга олишнинг логотипи ва шиорини, аҳолини рўйхатга олишнинг бошқа қисмларини тайёрлаш.

2024 йил 1 декабрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А. Кучимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А. Хаджаев),

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

20.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиявий таъминлаш, жумладан харажатлар сметасини тайёрлаш, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бўлган маҳсулотларни сотиб олишни амалга ошириш.

2024 йил 1 декабрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Молия вазирлиги (А. Ҳайдаров), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Ходжаев), вазирлик ва идоралар

21.

Қуйидагиларга имкон берувчи «Аҳолини рўйхатга олиш» ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш:

рўйхатга олиш варақаларидаги маълумотларни киритиш, тўплаш ва сақлаш;

маълумотларни қайта ишлаш, алмашиш жараёнларини ва ушбу жараённи услубий қўллаб-қувватлашни мониторинг қилиш;

манзиллар, маълумотномалар ва таснифлагичлар реестрида мавжуд маълумотларни актуал ҳолатда сақлаш;

регистраторлар иши учун картографик материалларни шакллантириш;

аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ташкилий режа тузишни автоматлаштириш;

аҳолини рўйхатга олишнинг шахсий маълумотларини автоматик қайта ишлашни;

шахсий маълумотларни рухсатсиз кириш, ўғирлаш, бузиш ёки йўқотишлардан ҳимоя қилишни таъминлаш;

маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш шарти билан қўшимча сўровларни шакллантириш учун шахсий бўлмаган маълумотлар базасига айрим тадқиқотчиларнинг белгиланган тартибда кириши;

аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидан фойдаланишни бошқариш.

2024 йил 1 декабрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков)

22.

Рўйхатга олувчилар томонидан аҳоли ўртасида сўров ўтказиш ва жавобларни рўйхатга олиш варақаларида қайд этиш.

2022 йил ноябрь-декабрь

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов), ИИВ (П. Бобожонов), Мудофаа вазирлиги (А. Азизов), ДХХ (И. Абдуллаев), ФВВ (Т. Худайбергенов), Миллий гвардия (Б. Ташматов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шадманов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари

23.

Рўйхатга олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш.

2022 йил ноябрь-декабрь

ИИВ (П. Бобожонов)

III. Аҳолини рўйхатга олиш якуний натижаларини чиқариш

24.

Туманлар ва шаҳарлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, бутун республика бўйича аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотларини тайёрлаш.

2023 йил 1 мартга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

25.

Маълумотларни автоматлаштирилган қайта ишлаш учун тайёрлаш, аҳолини рўйхатга олиш бирламчи маълумотларини кодлаш, киритиш, назорат қилиш ва таҳрирлаш, аҳолини рўйхатга олиш маълумотлар базасини шакллантириш.

2023 йил 1 декабрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

26.

Аҳолини рўйхатга олишнинг республика ва ҳудудлар даражасида якуний натижаларини олиш.

2024 йил 1 декабрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

27.

Аҳолини рўйхатга олиш натижаларини расмий чоп этиш, тарқатиш, ахборот билан таъминлаш ва эълон қилиш, аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотларини архивда сақлашга тайёрлаш.

2024 йил 1 декабрга қадар

Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов)

Изоҳ. Республика комиссиясининг қарорига кўра тадбирларни амалга ошириш муддатлари кўриб чиқилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5655-сон Фармонига
3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси

ТАРКИБИ

А.Н. Арипов

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Республика комиссияси раиси

А.Ж. Раматов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири, Комиссия раисининг ўринбосари

Б.А. Бегалов

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси, Комиссия раисининг ўринбосари

Ж.А. Қўчқоров

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири

Т.К. Нарбаева

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси

И.Б. Абдуллаев

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси

Б.Х. Ташматов

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони

А.А. Азизов

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири

П.Р. Бобожонов

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири

Т.А. Худайбергенов

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи

Б.А. Ходжаев

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири

А.Ҳ. Камилов

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири

Р.К. Давлетов

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири

Ш.М. Садиков

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

А.К. Шадманов

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири

Ш.М. Кудбиев

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

Б.С. Сайфуллаев

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

И.У. Маджидов

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири

Ш.Х. Шерматов

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири

М.Б. Азимов

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси

А.А. Абдуллаев

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

М.Х. Салиев

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири

С.Х. Бекенов

Ўзбекистон Республикаси инвестицияларва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари

Ш.С. Жавлонов

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси

Б.И. Хакимов

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бош директори вазифасини бажарувчи

Н.С. Тураходжаев

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази директори

У.Б. Аъламов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги бош директори

А.К. Кучимов

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори

лавозими бўйича

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори

А.Ж. Хаджаев

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажарувчи

Д.Г. Ташмухаммедова

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори

Д.Қ. Ахмедов

ТДИУ ҳузуридаги «Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш муаммолари ва илмий асослари» илмий-тадқиқот маркази директори

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги ПФ-5655-сон Фармонига
4-ИЛОВА

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Комиссия раиси

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, Комиссия раисининг ўринбосари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари бошлиқлари, Комиссия раисининг ўринбосари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва саноат бош бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири, вилоятлар маданият бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Давлат хавфсизлик хизмати бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, вилоятлар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари бошлиқлари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раислари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси марказий давлат архиви бошлиғи, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат архивлари бошлиқлари

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар телерадиокомпаниялари бошлиқлари

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

 

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.02.2019 й., 06/19/5655/2575-сон)

2015-2019 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM