Айрим тадбиркорлик субъектларига солиқ тўловларидан енгиллик берилди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонни имзолади.

Ушбу фармонга асосан тадбиркорлик субъектларига қатор енгилликлар берилмоқда. Жумладан, 2020 йил 1 июндан 1 сентябргача кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо мажмуалари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш жойлари, жамоат транспортлари ташкилотлари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчиларни ташиш, маиший хизмат кўрсатиш, ёпиқ жойларни ижарага бериш, шу жумладан, банкетлар ташкил этиш билан шуғулланадиган юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод этилади.

Кичик тадбиркорлик субъектларига давлат раҳбарининг 2020 йил 9 мартдаги ПФ-5969-сон ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли фармонларига мувофиқ, апрель-май ойлари учун тақдим этилган, мол-мулк ва ер солиғининг фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) суммаларидан; 2020 йил 1 январдан бошлаб 2020 йил 15 майгача бўлган муддатда ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳисобланган пеня ва жарималардан воз кечилади.

Тадбиркорлар учун товарларни (ишларни, хизматларни) олиб киришда (импорт) қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кунгача кечиктириш ҳуқуқи берилади.

2020 йил 1 майдан 1 июлгача микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача пасайтирилади. Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва юридик шахслар бундан мустасно.

Микрофирма ва кичик корхоналарнинг айланма маблағлари камайишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ қарзлари ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун пеня ва ҳисобланган жарималар бўйича қарздорликларини ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилади. Давлат солиқ хизмати органлари 2020 йил 15 май ҳолатига уларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ўтказиш ва ечиб олиш бўйича инкассо топшириқномаларини қайтариб олади. Солиқ тўловчилар 15 май ҳолатига бажарилмаган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM