ИШТИХОН ТУМАНИ УЗУМЗОРЛАРИГА НИМА БЎЛГАН?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Жорий йилнинг 13 июнь куни ижтимоий тармоқларда айланиб юрган видеолавҳа  “Zarnews” расмий сайтининг Телеграмм каналида эълон қилинди. Лавҳада Иштиҳон туманининг айрим фермер хўжаликлари токзорларида номаълум касаллик қайд этилгани айтилган ҳамда мутахассис олимлар ва мутасаддилардан кўмак сўралган. 

Мазкур видеоролик ижтимоий тармоқларда эълон қилингач,  Самарқанд Ветеринария медицинаси институти доценти Қаҳрамон Хушвақтов, Иштихон туман қишлоқ ва сув хўжалик бўлими бош мутахассиси Лочин Турсунов, “Янгикент-Файз” МЧЖ раиси Абдусамад Мардиев ва бошқа мутасаддилар ҳамкорлигида Иштихон туманининг “Янгикент” МФЙ, “Чақар” массиви ҳудудидаги зарарланган токзорларда кўргазмали семинар ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, туман ҳудудидаги 30 гектарга яқин майдонлар касалликдан зарарланган.

Семинар ташкил этилишидан олдин албатта, вазият ўрганилган, экин майдонларини зарарлаган касаллик тури ва уни келтириб чиқарган омиллар, унинг профилактикаси олимлар томонидан таҳлил этилган.

Вазият бўйича СамВМИ доценти, қишлоқ хўжалик фанлари доценти Қ.Хушвақтов ҳамда Иқтисодиёт ва агротехнология факультети Агрокимё, тупроқшунослик, ўсимликлар ҳимояси ва карантини кафедраси катта ўқитувчиси Салоҳиддин Аҳмедовларнинг хулосаларини келтириб ўтамиз:

“Узумзорлар “Мильдью” (сохта ун шудринг) касаллиги билан зарарланган бўлиб, бу касаллик жорий йил мавсумда кенг тарқалди. Бу касаллик билан токнинг барча ер устки яшил органлари – барглари, ёш бир йиллик новдалари, гуллари, ғўра мевалари, мева бандлари ва мевалари касалланади ва бу ҳудудда ҳам шундай бўлган. Бу ўта зарали касаллик бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида кўп тарихга эга эмас, нисбатан ёш касаллик. Касалликни Plasmopara viticola замбуруғи қўзғатади. Касаллик қўзғатувчиси 1870 йилда Америкадан ток қаламчалари ва кўчатлари билан Европага келтирилган. 1878 йилда Францияда, 1880 йилда Болқон ярим ороли мамлакатларида ва Молдовада, Кавказда, 1882 йилда Қримда учраганлиги аниқланган. Ҳозирга қадар Марказий Осиё мамлакатлари учун ташқи карантин объекти бўлиб ҳисобланар эди. Касаллик қўзғатувчиси космополит, барча узум экиладиган мамлакатларда учрайди. Марказий Осиёда баъзи йиллари Туркманистонда учрайди. Ўзбекистонда сохта ун-шудринг узумда биринчи марта Сирдарё вилоятида 1993 йилда қайд этилган. Кейинги йилларда (2001-2003) касаллик Тошкент, Сирдарё, Самарқанд ва Навоий вилоятларида, баъзан катта майдонларда кузатилмоқда. Фақатгина бир йиллик, ёш яшил новдалар касалланади.

Ушбу касалликни қўзғатувчи замбуруғ фақат токни зарарлайди.

Касаллик ташқи омиллар шароитида, яъни ёғингарлик меъёридан ортиб кетганда, пасттекисликларда (Чуқурликларда) ҳаво циркуляцияси яхши бўлмаган, намгарчилик тўпланиб қоладиган ҳудудларда пайдо бўлади. (шунингдек, кузда хомток ўтказилмаганда ёки ток новдалари кўтарилмаганда ҳам )

Қуруқ ва иссиқ шароитда (30 даражадан ортиқ иссиқда) касалликнинг ривожланиши тўхтайди, аммо Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғ олди зонасида август ойларида шудринг туша бошлаши билан касаллик яна қайтадан ривожланиб кетиши ҳам мумкин”.

Хулосаларда келтирилишича, олимлар томонидан бу касалликка қарши кураш чоралари, унинг профилактикаси, айни вазиятда ток новдаларига қандай кимёвий ишлов бериш, озуқавий препаратлар билан парваришлаш бўйича керакли тавсия ва йўлланмалар берилган. Фермер хўжаликларини зарур кимёвий дори воситалари билан таъминлаш борасида мутасаддилар билан келишиб олинган. 

Лавҳа эълон қилинган кундан буён деярли 20 кундан ортиқроқ вақт ўтди. 

Миришкорлар учун ёзнинг ҳар бир куни ғанимат!

Бу вақт давомида вазият қайси томонга ўзгарди?

Деҳқонлар олимлар берган тавсиялар асосида касалликни бартараф эта олишдими?

 Ҳалқимизнинг ризқи бўлган узумзор ҳосили сақлаб қолиндими?

Биз вазиятни назорат қилиб турган туман мутасаддилари - қишлоқ ва сув хўжалик бўлими бош мутахассиси Лочин Турсунов, “Янгикент-Файз” МЧЖ раиси Абдусамад Мардиевлар билан телефон орқали мулоқотда бўлдик.

“- Туманимиз ҳудудидаги 6 та фермер хўжаликларининг узумзор майдонларида зарарланиш ҳолатлари қайд этилган эди, жами 30 гектар майдондаги токзорлар касалланган. Карантин даврига тўғри келганлиги учун, вазият бироз мураккаблашиб кетди. Мутахассислар ва олимларимизнинг тавсияси асосида барча, агротехник тадбирлар амалга оширилди, зарурий чоралар кўрилди ва айни дамда вазият яхши томонга ўзгарди, деб айта оламиз. Зарарланган майдонлардаги касаллик бартараф этилди. Эътибор қилган бўлсангиз, барча майдонларда эмас, асосан чуқурликларда жойлашган ҳудудларда касаллик авж олиб кетди. Зарурий кимёвий дори воситалари ва озуқавий препаратлар билан парваришлаш натижасида деҳқонларимиз бу касалликни енгдилар. ”

- Ҳосилчи, ҳосил нима бўлди, у сақлаб қолиндими? Деҳқонлар жорий йилда Давлат режасини бажара оладиларми?  

     - Афсуски, 70-80 фоиз ҳосилдан айрилдик. Текисликлардаги майдонларда жойлашган токзорларимизда бу касаллик умуман қайд этилмаган, бор умидимиз ана шу майдонлардан.  Энди кузги профилактик тадбирларни кучайтиришга тўғри келади. Табиат инжиқликларини шу йўл билан енгиш мумкин. Сентябрь ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб, токзорларда кузги кўмиш ишлари бошланади. Барча - ички ва ташқи омиллар ҳисобга олинган ҳолда, бу тадбирни ўтказиш режасини ишлаб чиқдик, -дейди МЧЖ раҳбари Абдусамад Мардиев.

Мутасаддилар айни дамда ғалла майдонларида ўрим-йиғим ишларида иштирок этаётганини таъкидладилар. Мавсум бошланганига бир неча (3 кун) кун бўлган,  иш жуда қизғин давом этмоқда.  Далаларда ҳосил чўғи жуда мўл. 

Ғалладан мўл ҳосил олишимиз тайин, негаки ёғингарчилик мўл бўлди!

Табиат ишларига баъзан лол қолмай иложинг йўқ! 

Гулчеҳра Бердиёрова тайёрлади

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM