“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида бўлиб ўтадиган фестивал ҳақида туман ҳокимлигининг расмий баёноти

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ҳурматли иштихонликлар, азиз ёшлар!

Жорий йил 21-июн, сешанба куни Иштихон туманида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида кенг қамровли ёшлар фестивали ўтказилади.

Мазкур фестивал эрта тонгдан, яъни соат 06-30да иштихон шаҳрига кириш қисмидан “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида оммавий юриш марафони билан бошланади. Унда туман ҳокими Фазлиддин Рўзиев, сектор раҳбарлари, тумандаги барча ташкилот ва муассасаларнинг раҳбар ҳамда ходимлари, кенг жамоатчилик фаоллари, ёшлар, кўнгиллилар иштирок этиши кўзда тутилган.

 Шундан сўнг тумандаги марказий ўйингоҳида оммавий равишда эрталабки бадантарбия машғулотлари бажарилади.

Машғулотлардан сўнг 21-сонли мусиқа ва санъат мактабида “Тасвирий санъат, рассомчилик, театр ва санъатнинг бошқа турлари” йўналишида кўргазмали кўринишлар ташкил этилади.

Шунингдек "Устозлар хиёбони"да “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида туман маҳаллаларида истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида спортнинг шашка, шахмат, воркоут, стол теннис, бадминтон, оғир атлетка, армрестлинг ва тош кўтариш турлари бўйича спорт мусобақаларини ўтказилади.

16-00дан 18-00 га қадар Ёшлар етакчиларидан ёшлар жамоаларидан иборат “Заковат” интеллектуал ўйини, "Бир нуронийга ўн нафар ёш тамойили" асосида “Уч авлод учрашуви”, “Ёшларни ишга жойлаштириш мақсадида “Меҳнат ярмаркаси” ва “Савдо ярмаркаси” ташкил этилади.

“Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик” шиори остида туман маҳаллаларида истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида “Ош чемпионати” тури бўйича мусобақаси, маҳаллаларда истиқомат қилувчи хотин-қизлар ўртасида “Ёшлар дафтари”даги тадбиркор тикувчи хотин-қизларнинг либослар намойиши каби кўплаб тадбирлар бўлиб ўтади.

Соат 18-00дан, 23-00га қадар марказий ўйингоҳда катта галаконсерт бўлиб ўтади. Концертда республикада таниқли санъаткорлар "Ситора" гуруҳи, Равшан Собиров, Ҳулкар Aбдуллаева, Сардор Тоиров, Дилшод Мирзамуродов, "Замонавий Шоу Бренд" гуруҳи ва бошқа шоу-бизнес вакиллари иштирок этишади.

 Ҳурматли юртдошлар!

Шу куни тонгги пиёда юриш марафони ва кечки галаконсерт муносабати билан жамоат тартибини сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида айрим кўчаларда авто-мототранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади. Шунингдек, тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларда тез тиббий-ёрдам кўрсатиш бригадалари навбатчилиги ташкил этилади.

Ҳурматли ёшлар, қадрли иштихонликлар!

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, ёшлар ойлиги доирасида бу каби кенг қамровли фестивал туманимизда илк бор ташкил этилмоқда. Фестивал доирасидаги тадбирларда сиз ҳам фаол иштирок этинг! Келинг, эзгу мақсадлар йўлида бирлашайлик!

Ҳурмат билан, Иштихон тумани ҳокимлиги Aхборот хизмати.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM