Конституцияга таклифим бор: Вазирларга ҳам ишончсизлик вотуми билдирилиши керак 22.06.2022 18:03 35 СИЁСАТ

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ўзбекистонда халқимиз учун янги ҳаётий мақсадларни ўзида акс эттирган янгиланган конституцияни қабул қилиш бугуннинг талаби бўлмоқда.

Никоҳ ҳақидаги модда ўзгариши керак

Конституциямизнинг 63-моддасида “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, дейилган. Ушбу моддани “Никоҳ эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, деб ўзгартиришни таклиф этамиз. Ушбу моддага ўзгартириш киритилиши натижасида Ўзбекистон Республикасида оила фақатгина аҳолининг миллий қадриятлари, дини, эътиқоди ва миллий ҳамда тарихий маданиятидан келиб чиққан ҳолда шаклланиши эьтироф этилган ҳолда, бугунги кунда бутун дунёда, шу қатори Ўзбекистон Республикасида ҳам оила қуриш борасида юзага келаётган турли хил фикрларнинг хилма-хиллигига (ғарбча плюрализмга) барҳам берилади.

Ҳокимлар сайлов орқали сайланса

Конституциямизнинг 102-моддасини қуйидаги тартиб билан ўзгартиришни вақт тақозо этмоқда. Яъни, “Вакиллик ва ижроия ҳокимиятини тегишлилигига қараб, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бошқаради. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари фуқаролар томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов хуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Ҳокимларни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан белгиланади”.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари фуқаролар томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланиши кўплаб ривожланган давлатларда амалда ҳамда бу жараён демократик жамият қуришнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, мазкур ўзгартириш билан халқ ҳокимиятчилиги тамойили ўзининг асл ифодасини топади.

Жамоат бирлашмалари фаолияти қандай чекланади?

Конституциямизнинг 62-моддасида “Жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, улар фаолиятини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиш фақат суд қарори асосидагина амалга оширилади”, деб белгиланган. Ушбу модда “Жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, улар фаолиятини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд қарори асосидагина амалга оширилади”, дея белгиланиши мақсадга мувофиқ.

Сабаби, "Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 36-моддасида нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилиши қайд этилган. Ушбу нормага асосан, Конституцияга ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларини тарқатиб юбориш, улар фаолиятини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилиши тартибини жорий қилиш лозим.

Конституциямизнинг 98-модда 12-қисми эса қуйидаги тартибда ўзгартирилиши тарафдоримиз: “Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.

Алоҳида вазирлар ва давлат қўмиталари раисларига нисбатан ҳам ишончсизлик вотуми билдирилиши мумкин. 

Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аьзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади”.

Алоҳида вазирлар ва давлат қўмиталари раисларига нисбатан ҳам ишончсизлик вотуми билдирилса, фақат ишончсизлик вотуми билдирилган вазирлар ва давлат қўмиталари раислари истеъфога чиқади. Ижроия ҳокимияти марказий органлари устидан парламент назорати кучайтирилади.

Отабек Тошниёзов,

вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Самарқанд вилоят юридик

техникуми директори.

2015-2022 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM