Одам савдоси – қуллик балоси

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ҳозирги кунда одам савдоси жаҳон миқёсидаги долзарб муаммолардан бирига айланиб улгурди, оқибатда кўплаб инсонлар жабр чекмоқда, шу боис жойларда ана шу таҳликали иллатга қарши кураш мақсадида фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза этиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Одам савдоси, аввало, инсон эркинлиги, тенглиги ва шахсий дахлсизлигига жиддий путур етказади, уни тур¬ли хўрлик ва камситишларга дучор этади. Бу жиноий фаолият ортида аслида мажбурий меҳнат, қуллик ва фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаш каби қабиҳ иллатлар туради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили 2 миллион 700 мингга яқин киши одам савдосининг қурбони бўлмоқда.

Одам савдоси билан шуғулланувчилар жиноий ҳаракатларини сир тутиб, қурбонларининг номини имкон қадар эътибордан четда сақлашга уринади. Шу мақсадда улар одамларни хорижга ноқонуний йўллар, катта маошни ваъда қилиш, алдов ва ишонтириш йўли билан олиб чиқади, ҳатто шахси билан боғлиқ ҳужжатларни қалбакилаштиришга ҳам уринади.

Муқаддас динимиз барча инсонларга ирқи, насаби, миллати, бойлиги, мансаби ва жамиятдаги тутган ўрнидан қатъи назар, ҳамманинг ҳурлигини қадрлашга, ҳурмат-эътибор кўрсатишга буюради. Мусаффо динимиз илк даврлариданоқ қулчиликни, одам савдосини қаттиқ қоралади. Қул озод қилишни жамият ҳаётидаги етук фазилат сифатида майдонга олиб чиқди, уни ҳатто ибодат даражасига кўтарди.

Истиқлол йилларида чуқур иқтисодий ислоҳотлар, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида катта ўзгаришлар амалга оширилди. Қисқа муддат ичида халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг чуқур билим олишлари, турли касб-ҳунарларни ўрганишлари, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар очилди.

Минг афсус, айрим юртдошларимиз жон койитмай, осонгина мўмай даромад топиш йўлларини излай бошлашди. Улар нима қилиб бўлса-да, кўпроқ пул топиш, мўмай даромад орттириш мақсадида ноқонуний, ҳалокатли, келажаги йўқ ишларга қўл уришяпти. Қонуний йўл билан эмас, одам савдоси орқали бойишни кўзлаётган айрим кимсалар алдовига учиб, хориждаги иш ва яшаш шароитларини ўрганмай, давлатлараро шартномалар асосида иш юритувчи расмий идораларни четлаб, оғир аҳволда қолишяпти. Тўғри, жаҳон тажрибасида бир юртдаги ишчиларнинг бошқа юртда ишлаб, пул топишлари тақиқланмаган. Лекин буни расмий йўл билан, барча ҳуқуқ ва эркинликлар дахлсизлиги таъминланган ҳолда амалга ошириш керак. Иш ахтариб, норасмий йўл билан кетаётганларнинг на саломатликлари, на ҳуқуқ-эркинликлари, на меҳнатларига ҳақ тўлаш, на энг азиз ҳаётлари ҳақида қайғурадиган шахс ё ташкилот йўқ, бир товламачининг ёлғон ваъдасига алданиб, жўнашяпти. Борган жойларида меҳнат қилиб ҳақини ололмаётганлар, касал бўлиб, даволанишга пул ахтараётганлар, ҳатто уйга қайтай деса, йўлкирасини тополмаётганлар қанча.

Ўзбекистонда сўнгги уч йилда жами 114 нафар бола чақалоқ савдосидан жабрланган, уларнинг деярли 90 фоизи – 1 ёшгача бўлган болалардир.

2017–2020 йиллардаги ҳолатлар таҳлилига кўра, ўз чақалоғини сотган аёлларнинг 31 фоизи бу ишга оғир ижтимоий-иқтисодий вазият туфайли, 17 фоизи ҳомилани яширишга ҳаракат қилгани учун, 52 фоизи эса моддий манфаат топиш йўлида қўл урган.

Бу ҳақда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинган.

Ўзбекистонда одам савдоси жиноятлари охирги 5 йилда 6 бараварга камайган, лекин унинг таркибида чақалоқ ва болалар савдоси салмоғи ҳар йили сурункали равишда ошиб бормоқда.

«Дунё бўйича одам савдоси қурбонларининг 30 фоизи болалар ҳисобланади. Ўзбекистонда эса 2018 йилда одам савдоси жиноятлари ичида чақалоқ савдосининг улуши 28 фоизни, 2019 йилда 44 фоизни ташкил этган.

Сўнгги уч йилда чақалоқ савдосидан жами 114 нафар бола жабрланиб, уларнинг асосий қисми, яъни 89 фоизи 1 ёшгача бўлган болалар ҳисобланади.

Чақалоқ сотиб олувчи шахслар билан ўтказилган суҳбат натижаларига кўра, улар бу ишга фарзанди бўлмаганлиги, оиласини сақлаб қолиш чораси сифатида қўл урган ҳамда бола ўз ақлини таниб олмасдан, кичиклигида асраб олиши кераклигини билдиришган.

Чақалоқ савдосида тиббиёт ходимлари ҳам иштирок этишмоқда, 2019 йилда бу жиноятларнинг 12,2 фоизи уларнинг воситачилигида амалга оширилган, туғуруқхоналарда чақалоқ савдосини амалга ошириш мақсадида аёлларнинг ҳомиладорлигини яшириш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш, фарзандини ўлди деб сохталаштириш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам аниқланмоқда.

Янги туғилган чақалоғини сотмоқчи бўлган аёлларнинг 75 фоизи оилавий, ҳудудий поликлиника рўйхатидан ўтмагани аниқланган.

 

Ҳамза Ярашов,

Самарқанд вилоят судининг судьяси.

Камолиддин Пансатов,

Жиноят ишлари бўйича Иштихон

туман судининг раиси.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM