Иштихон тумани ҳокими Негматов Шуҳрат Худойбердиевичнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган тадбирда сўзлаган Н У Т Қ И

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ассалому алайкум ҳаёт синовларини ортда қолдирган  кекса отахон ва онахонлар, бахт, иқбол, эрк ҳадя этган Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйига ташриф буюрган азиз меҳмонлар!

Сизлар билан энг улуғ, энг азиз байрам юрт мустақиллиги ва Билимлар куни арафасида дийдорлашиб турибмиз. Юртимизнинг барча ҳудудларида байрам ҳозирлиги жўшқинлик, ғайрат билан олиб борилди. Кенг куламли бунёдкорлик ва ободончилик ишлари бажарилди. Бугун барчамизнинг нигоҳларимизда табассум, шодлик ҳисларини англаш қийин эмас.

Мустақиллигининг 25 йиллигини зўр хурсандчилик билан қарши олмоқдамиз. Ўзбекистонликман деган инсоннинг тилида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним  сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган ажойиб сўзлар баралла  янграмоқда. Чунки, бу юрт  шунга лойиқдир, бу Ватан ҳақида фахр, ғурур билан сўзламоқ жоиз. Фикримизни  янада теранроқ англаш учун ҳар бир инсон аввало  ўзи меҳнат қилаётган жамоаси, ҳаёт кечираётган ҳудуди ва оиласидаги ўзгаришларни  бир бора кўз олдига келтириши лозим. Шунда бугунги кунга минг бора шукроналар айтади ва тинч, осойишта кечаётган  кунларимизнинг  нақадар қадрли эканлигига амин бўлади.

Муҳтарам юртбошимиз “Ўзбекистон фуқаролари ўзининг салоҳияти ва  куч-қудратини англаб, истиқболига ишониб, Ҳумо қўши каби қанотларини  кенг ёзиб, янги буюк парвозлар  сари интилмоқда” деганларида қанчалик ҳақиқатни айтганлигини барчамиз  кўриб турибмиз.

Бутун дунё ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётган “ўзбек модели” замирида  инсон ва унинг манфаатлари  устуворлиги ўз исботини топаётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Инсон манфаатларини таъминлаш эса, аввало, унинг тинч ҳамда осойишта ҳаёт кечиришдек олий ҳуқуқини руёбга чиқариш, жамиятда барқарорликни сақлаш, миллати, ирқи, дини ижтимоий келиб чиқишидан  катъий назар, ҳар бир шахснинг муносиб яшаши учун  барча шароитни яратишни тақозо қилади. Минг бора шукурки мамлакатимизда барча миллатлар худди бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирмоқда.

Айнан тинчлик ва барқарорлик эзгу орзу-умидларимиз гарови, узоқни кўзлаб олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг туб негизидир. Аниқроқ қилиб айтганда боболарнинг дилидаги армонлари ушалди, оналаримизнинг дуолари ижобат бўлди. Биз фахр, ғурур билан “Ким эдигу ким бўлдик”  деган сўзларни  тилга оламиз. Чунки, бунда ўтмишга бир лаҳза назар ташлаш ва истиқлол, бахт, тўла кунларимизга шукроналик ифодаланади.

Мустақиллик  йилларида туманимизда ҳам  қувончли ютуқларга эришдик деб фахр билан айтамиз. Тўйга муносиб туёналар ҳозирланди. Сарҳисоблар шуни кўрсатмоқдаки туманда саноат салоҳияти ошмоқда, тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Боғларимиздаги  меваларимизнинг харидорлари кўп. Қозоғистон, Россия каби қўшни мамлакатлар билан узум экспорт қилиш ҳақида шартномалар имзоланди.

Назаримда “Суви зар, тупроғи олтин” деган таърифлар худди бизнинг заминимизга қарата айтилгандек. Ерга нимаики экиб, меҳнат қилсак ҳосили билан сийлайди. Ғалла ва пахта етиштириш борасида анча тажриба тўпладик. Айниқса қатор йиллар юртбошимизнинг қутловларига сазовор бўлганлигимиз барчамизни тўлқинлантирди. Хонадонларимизнинг фаровонлиги, дастурхонларимизнинг тўкинлиги албатта  халқимизнинг ҳалол меҳнатлари туфайлидир.

Деҳқонлар тили билан айтганда  йил-йилни такрорламайди. Баҳор жуда инжиқ келди. Шундай бўлса-да давлатга 223 тонна пилла топшириб, йиллик режа бажарилди. Мавжуд 7640 гектар майдондаги ғалла агротехника қоидалари асосида парваришланди. Узлуксиз ёққан ёмғир деҳқонларимиз тажриба ва маҳоратини синовдан ўттказди. Қабул манзилгоҳларига  режадаги 17568 тонна ўрнига 20950 тонна сара дон топширишга муваффақ бўлдик. Бу 119 фоизни ташкил этади.

Фермер хўжаликлари кўп тармоқли хўжаликларга айлантирилмоқда. Кейинги йилларда балиқчилик, паррандачилик каби ноёб соҳаларда кенг эътибор қаратилмоқда.

Табиат синовларини ортда қолдириб мўл ҳосил етиштиришга интилаётган Сулаймон Ғаниев, Яхшибой Ҳасанов, Аброр Раббимов, Ботирхон Тожиев каби тажрибали, ишбилармон фермерларимиз билан фахрланамиз. Улар ҳар қандай шароитда ҳам  сўзларининг устидан чиқадилар деб ишонамиз.

Шаҳримиз қиёфаси таниб бўлмас даражада кўркам тусга кирди. Истироҳат боғи сўлим дам олиш масканига айлантирилди. Турли рангларда осмон узра товланаётган фаввора гуё бахт, иқболимизни тараннум этаётгандек. Кичкинтойлар кўзни қувонтирадиган  ўйингоҳлардаги атракционларда  болалик гаштини сурмоқда. Ҳар йили 80 дан ортиқ ёш оила барча қулайликларга эга бўлган  намунавий лойиҳада қурилаётган янги уйларга кўчиб ўтиб бахтли ҳаёт кечирмоқда, ўтган йили 64 хонадонга мўлжалланган “Камолот” уйлари  истеъдодли ёшларга берилганлиги  қувонч. Мустақиллик йилларида энг чекка ҳудудларда ҳам касб-ҳунар коллежлари қурилди.  Шу йил 4416 нафар ёшлар касб-ҳунар коллежларини  тугатиб, ўзлари танлаган соҳаларда иш бошладилар. Чунки, ёшларимиз бу масканаларда ўқиш билан биргаликда ҳунар  ҳам ўрганишаётир.

Айни вақтда туманимизда 232 минг аҳоли ҳаёт кечираётган бўлса, уларнинг 12 минг 300 нафари ҳаёт синовларини ортда қолдирган отахон ва онахонлардир. Туманимизда 13 нафар 100 ёшдан ошган кексаларимиз  дориломон кунларга шукроналар айтиб, фарзандлари даврасида даврон суриб яшамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги ҳузуридаги  бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси  Иштихон туман бўлими барча  қулайликларга эга бўлган янги бинода иш олиб бормоқда. Кўркам, икки қаватли бинода жами 22 та яъни кутиш зали, архив, маънавият хоналари  мавжуд. Ушбу бино қурилишига  Давлат бюджети  ҳисобидан  961 миллион 698 минг сўм маблағ ажратилди ва  қисқа вақтда қурилиб фойдаланишга топширилди.

Туманда 91 та умумтаълим мактаблари, 22 та мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Мустақилликнинг 
25 йиллик шодиёналари давом этаётган кунларда янгидан қурилаётган 6 та умумтаълим мактаби, 4 та спорт зали фойдаланишга топширилади ўқувчиларнинг шодлигига яна шодлик  қўшилади. Ғамхўрликларга ёшларимиз ижобий ютуқлар билан жавоб қайтармоқдалар.

Бразилиянинг Рио-де-Жонейро шаҳрида бўлиб ўтаётган ХХХI ёзги олимпиада қатнашчиси Сардор Дўстмуродов асли Иштихон заминида камолга етди. 33-умумтаълим мактабида таҳсил олди. Олимпия захиралари коллежида ўз маҳоратини оширди.Айни вақтда  Бухоро Давлат университетида  ўқимоқда. Ёш спортчига ҳали зафарлар олдинда. Вақт ўтиб юрт довруғини оламга таратишига, Ўзбекистон байроғини баланд кутаришига ишонамиз. 2-ихтисослашган Давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари  Сардорбек Омонов билимлар беллашувининг Республика босқичи  ғолиби, Фурқат Низомов фан олимпиадаси ғолиби, 41-умумтаълим мактаби битирувчиси Шоҳиста Расуловалар иқтисодий билимлар асослари фанидан олимпиада ғолиби бўлдилар. Бундай ёшлар фахр, ғурурдир.

Туман тиббиёт бирлашмаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. Марказий шифохонанинг барча бўлимлари қайта таъмирланди ва беморларга барча қулайликлар яратилди. Реабилитация бўлими халқимизга хизмат қилмоқда, янги замонавий  аппаратлар ёрдамида хасталик  жуда тез аниқланади ва бу беморнинг қисқа вақтда соғайиб кетиши учун  имкониятдир. Демоқчиманки  тиббий хизмат сифати  янада яхшиланди.     

Ҳа, азизлар икки дарё оралиғида жойлашган бу юртда ўтган чорак асрнинг ҳар бир куни мангуликка дахлдордир. Кейинги йилларда қад ростлаган  кўркам, замонавий тураржой бинолари, боғлар, ободончилик ишлари, шаҳримиздаги янгиланишлар истиқлол берган бахт, иқболдан далолатдир. Сўзимни тугатар эканман барча иштихонликларни мустақиллигининг 25 йиллиги  “Энг  улуғ, энг азиз” байрам билан чин дилдан қутлайман. Соғлик, омонлик, оилаларингизга осойишталик, ишларингизга ривож тилаб қоламан!

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM