Марказий ҳарбий округининг Фориш тоғ полигонида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғин бошланди.
Йиғинда Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ва туман ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар раҳбарлари мамлакат мудофаасини ташкиллаштириш доирасида юклатилган вазифалар бажарилишининг самарадорлигини ошириш учун бевосита ҳарбий хизмат муҳитида бўлган ҳолда иштирок этишмоқда. 25 ноябрга қадар давом этадиган йиғин давомида иштирокчилар жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият бўйича таҳлилий маълумотлар, Қуролли Кучларни ривожлантиришда ҳарбий-маъмурий секторларнинг фаолияти ва роли билан танишишади. Шунингдек, машғулотлар давомида алоқа, тактик-тиббий, ҳарбий спорт йўналишларида ўзларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашади. Энг муҳими, иштирокчилар оператив сафарбарлик, ахлоқий-руҳий, тактик тайёргарликлардан ўтиш орқали замонавий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлардан атрофлича бохабар бўлиб боришади.
Иштихон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати