1922 йил Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида туғилган Бобораҳим Абдуллаев 1941 йил Иккинчи жаҳон урушига кетган эди.
Уруш тугагач, унинг бедарак йўқолганлиги тасдиқланганди. Бироқ 2020 йил октябрь ойида Санкт-Петербургнинг «Линия фронта» қидирув отряди томонидан Ленинград вилояти, Кировск тумани, Молодсово қишлоғи яқинида Иккинчи жаҳон урушида вафот этган аскарларни қидирув ишлари олиб борилиши натижасида бир аскарнинг жасади қолдиқлари ёнидан топилган ҳужжати ва медалонига кўра Бобораҳим Абдуллаев эканлиги тасдиқланди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
Она ватанига келтирилган ўзбек ўғлонининг хоки Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги бошчилигида ва Каттақўрғон туман ҳокимлиги, фахрийлар, ёшлар ва марҳумнинг яқинлари иштирокида ўзи туғилиб ўсган Энам яхши қишлоғининг халқ қабристонига мусулмонлар удумига кўра қайта дафн этилди.