Самарқанд мадрасалари узоқ ва яқин хориждаги таълим тизимига андаза берган, намуна бўлган

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Дунёда қадим тарихга эга университетлар бармоқ билан санарли. Уларнинг аксарияти Европада жойлашган. Ўзбекистон илм-маорифи тарихи Ғарбникидан сира кам бўлмаса-да, бироқ Улуғбек олий мактаби вориси – Самарқанд давлат университети каби шонли тарихга эга бўлган олий таълим муассасалари негадир қадимий университетлар рўйхатида келтирилмайди.

Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби кўплаб даҳоларни етиштирган Ўзбекистоннинг қадимги университетлари тарихи солномаси асоссиз тарзда анчайин камтарин келтирилади. Бу ҳол ўтмишда кўплаб буюк олиму фузалоси бўлган юртнинг ўзида олийгоҳ бўлмагандек, алломалари эса чет элда ўқиб келишгану сўнг ўз юртида оламшумул кашфиётлар қилгандек тасаввур уйғотади. Ваҳоланки, уларнинг барчаси шу заминда таълим олган, тиббиёту алгебрани шу юртда кашф қилишган эди.

СамДУ ректори, профессор Р.Холмуродовнинг Самарқанд давлат университети тарихини Улуғбек мадрасаси ташкил этилиши билан боғлаш ҳақидаги “Самарқанд университети қачон ташкил топган?” сарлавҳали (2019 йил 22 февраль) мақоласини ўқиб, шундай тасаввурлар кўнгилдан ўтди.

Ҳақиқатдан ҳам мақолада кўтарилган мавзу жуда долзарб. Бунга қўшимча тарзда яна бир нарсани келтириб ўтмоқчимиз. Агар Европанинг кўҳна университетлари ўтмишда асосан ўз юртида шуҳрат қозонган бўлса, Самарқанд давлат университети ўтмишдоши бўлган Улуғбек олий мадрасаси, олимлари, таълим жараёни, илмий муҳити узоқ хорижда ҳам машҳур бўлган. Бу муҳитдан маърифатланган зиёлилар хорижда Мовароуннаҳр мадрасаларига монанд илм ўчоқлари очган, Самарқанд илмий муҳитини сингдириб, улкан кашфиётларга, ижтимоий тараққиётга сабабчи бўлган. Шундай ҳолат Хитойнинг ўрта аср тарихида ҳам юз берган.

Мирзо Бобур қариндошлари, Мовароуннаҳр илмий-маънавий муҳитининг ҳавосини олган Султон Саидхон (1487–1533 йиллар), ўғиллари Абдурашидхон (1510–1569 йиллар), Абдукаримхон (1529–1591 йиллар) каби зиёли хонлар Хитойнинг шимоли-шарқий ҳудудида ҳукмронлик қилган даврларда турли соҳаларда қатор ислоҳотлар ўтказиш билан бирга, Улуғбек олий мадрасаси илмий муҳити ва таълим тизимини ҳам ҳаётга жорий қилишга эришган.

Бу жараён самарасида қисқа вақтда Шинжонда ўзига хос маданий ренессанс даври бошланди, маърифий-адабий муҳит мисли кўрилмаган даражада юксалди. Ўша давр тарихий манбаларида ободончилик, маърифатпарварлик, илм ривожига муносабат ва ҳомийлик Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги ва Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги фаолиятига қиёсланди.

Қашқардаги Ҳоқония мадрасаси, Ёркентдаги Хон кутубхона, Хонлик мадраса, Муҳаммадхон мадрасаси кабиларнинг шуҳрати қўшни давлатларга ҳам ёйилди. Қисқа вақтда Ёркентнинг ўзида 10 га яқин мадраса фаолият бошлади. Улуғбек мадрасаси нусхасида тикланган Рашидия мадрасаси бош олийгоҳ мақомини олди.

Улуғбек олий мадрасасига ворис сифатида Хитойда фаолият юритган ушбу мадрасаларда география, биология, математика, фалсафа, медицина, шариат ва диншуносликка оид асарлар, араб, форс, урду, туркий, чин тиллари, шунингдек, хаттотлик, мусиқашунослик ва матншуносликка оид фанлар ўқитилар, Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Фаридиддин Аттор каби мутафаккирларнинг асарлари ўрганиларди. Айнан шунинг таъсирида Шинжон ҳудудида фан ва маданият соҳасида катта силжишлар юз берди.

Бу мадрасаларда машҳур олим, “Девони Қодирхон” муаллифи, Алишер Навоий ғазалларига мусиқа басталаб, шашмақомга монанд “Висол”, деб номланувчи мақом турини ижод қилган шоир ва мусиқашунос Юсуф Қодирхон Ёркандий, шунингдек, Аёзий, Мавлоно Хулқий, Нафисий, Мирзо Мирак Чалиший каби шоир ва мусиқачилар илм олди. Ҳанифий, Ҳўпиқий, Мулла Ҳотиф, Бобо хўжа Охун Хўтандий, Охун Мулла Шоҳ хўжа, Мулла Ҳабиб, Муҳаммад Эмин Зеҳний, Мирза Шоҳ хўжа, Мулла Жуний хўжа, Мулла Фозил каби мадраса кўрган қатор шоир ва адиблар авлоди етишиб чиқди.

Таниқли шоир ва мутафаккир Муҳаммад бинни Абдулла Хароботий (1638–1730 йиллар) Оқсув шаҳридаги олий мадрасада мударрислик қилиш билан бирга, имом ва муршид сифатида ҳам фаолият олиб борди. Ҳукмдор Абдурашидхон эса нафақат султонлик қилди, балки қариндошлари Бобуршоҳ ва Ҳусайн Бойқарога тақлидан ижодкор сифатида ҳам ажойиб асарлар битди.

Бу фактлар Самарқанд ва Бухоро мадрасаларининг нафақат Туркистон минтақасида, балки узоқ ва яқин хориждаги таълим тизимига ҳам ўзининг баракали таъсирини ўтказган. Улар бошқа мамлакатлардаги мадрасалар учун андаза вазифасини бажарганлигини кўрсатади.

Айтиш лозимки, нафақат Мовароуннаҳрда, балки чет элдаги олий таълим ривожига ҳам улкан ҳисса қўшган Мирзо Улуғбек олий мадрасаси фаолияти тўхтаган ва тугаган эмас. Самарқандда илм-маърифат жараёнида ҳеч қачон узилиш юз бермаган. Ўз вақтида Шарқда илму маърифат маркази бўлган бу улуғ даргоҳ бугун Самарқанд давлат университети кўринишида яшамоқда, зиё, маърифат маскани сифатида фаолият олиб бормоқда. Биз профессор Рустам Холмуродовнинг мамлакатимиз олий таълим тизими бошланишини ўрта аср уйғониш даври мадрасалари тарихи билан боғлаш хусусидаги ўринли ва мантиқли таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Самарқанд давлат университети солномаси олий мадрасалар давридан бошлангани ва унга 1420 йили Мирзо Улуғбек асос солгани расмий қайд қилинса, ҳар томонлама тўғри бўди.

Эркин МУСУРМОНОВ,

филология фанлари номзоди, доцент.

Zarnews.uz

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM