Самарқандда кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 12 та таянч мактаб ташкил этилади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Умумтаълим мактабларида кимё ва биология фанларини ўқитиш сифати бугунги давр талабларига жавоб бермаслиги, ўқитиш методологияси ва лабораториялар маънан эскирганлиги, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш механизмлари жорий қилинмаганлиги билан боғлиқ муаммолар кўп.

Ваҳоланки, ушбу йўналишда пухта билим ва салоҳиятга эга кадрларнинг етишмаслиги ҳудудларда янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, фармацевтика, нефть, газ, кимё, тоғ-кон, озиқ-овқат саноати тармоқларини жадал ривожлантиришга салбий таъсир ўтказмасдан қолмайди. Шу нуқтаи назардан кимё ва биология фанлари бўйича таълим сифатини тубдан ошириш, умумтаълим мактабларида ушбу фанларни ўқитишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш мақсадида жорий йилнинг 12 август куни Президентимизнинг “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани соҳадаги мавжуд муаммоларнинг ечимига хизмат қилади.

Президентимизнинг ушбу қарори Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда туман ва шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарияти, масъул ходимлари, методист ва педагоглар иштирокида ўтказилган онлайн мулоқотда ўрганилди. Унда белгиланган вазифалар, чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича фикр алмашиб олинди.

Дарҳақиқат, қарорга мувофиқ, вилоятимизнинг 12 туман ва шаҳрида кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган таянч мактаблар фаолияти йўлга қўйилади. Жумладан, 2020-2021 ўқув йилида Самарқанд шаҳридаги 14-, Оқдарё туманидаги 45-умумтаълим мактаблари, 2021-2022 ўқув йилида Каттақўрғон шаҳридаги 2-, Булунғурдаги 22-, Иштихондаги 51-, Қўшработдаги 34-, Нарпайдаги 43-, Нурободдаги 10-, Тойлоқдаги 30-, Самарқанд туманидаги 33- ҳамда Каттақўрғон туманидаги 56-умумтаълим мактаблари кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган таянч мактаблар сифатида қайта ташкил этилади.

Ушбу ихтисослаштирилган таянч мактабларни белгилашда умумтаълим мактабларининг салоҳияти, ўқувчиларнинг кимё ва биология фанларига бўлган қизиқиши ва ота-оналарнинг талаблари ўрганилди. Белгиланган таянч мактабларида 3 та олий тоифали, 17 та 1-тоифали ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Мактабларнинг ўртача коэффиценти 1,3 фоизни ташкил этади. Кимё ва биология лабораториялари тўлиқ жиҳозланган ва уларнинг замонавий моддий-техника базасини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Эътиборга молик жиҳати, ташкил этилаётган мазкур ихтисослаштирилган таянч мактабларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш  мақсадида олий таълим муассасаларининг кафедралари, илмий-тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш тармоқлари жалб этилди. Хусусан, вилоятимизда ташкил этилаётган ҳар бир ихтисослаштирилган таянч мактабига Самарқанд давлат университетининг одам ва ҳайвонлар физиологияси ва биокимё, органик ва биорганик кимё, ботаника, зоология, генетика ва биотехнология, ўсимликлар физиологияси ва микробиология, ноорганик кимё ва материалшунослик кафедралари, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг микробиология, вирусология ва иммунология кафедраси бириктирилди. Бундан ташқари, хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, стажировкаларни ташкил этиш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш, ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг илғор мезонларини жорий этиш кўзда тутилган.

Ихтисослаштирилган таянч мактабларнинг ўқувчи ва ўқитувчиларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича яратилаётган имтиёзларни ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Яъни, ушбу таянч мактабларнинг директор ва ихтисослашган фан бўйича директор ўринбосарларига 2021 йил 1 январдан бошлаб, базавий тариф ставкасига нисбатан амалда белгиланган устама ҳақи миқдорини 50 фоизгача ошириш белгиланди.

Кимё ва биология фанларидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий этилади. Имтиёз бериладиган даражадаги миллий сертификатга эга умумтаълим мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаби ўқувчилари давлат олий таълим муассасасига ўқишга киришда кимё ёки биология фанидан тест синови топширишдан озод этилади ҳамда унга тегишлилигига кўра кимё ёки биология фани учун белгиланган максимал балл берилади. Шунингдек, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, кимё ва биология йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаётган ОТМ томонидан умумтаълим мактаблари битирувчилари ўртасида кимё ва биология фанлари бўйича кўп босқичли олимпиадалар ўтказилади. Эътиборлиси, ушбу олимпиадаларда 1-3 ўринларни эгаллаган ўқувчилар ОТМга имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.

 Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш йўлида қилинаётган ишларнинг кўлами кенг. Бу борадаги муаммоларни аниқ ифода этиб, унинг ҳар бир йўналишида ечимга эришиш бўйича мукаммал чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг айни пайтга қадар қабул қилган фармон ва қарорлари сингари,  “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида барча босқич ва йўналишларда аниқ вазифалар белгилаб берилган. Уларни ҳаётга татбиқ этишда биздан юқори масъулият талаб этилади.

Қўлдош САИДОВ,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM