ДТМ бу йилги тест синовларида баллар нима учун юқори эканига изоҳ берди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Давлат тест маркази жорий йилда максимал балл олган абитуриентлар сони кўпайганлиги мавзусида расмий баёнот берди.

«2020-2021 ўқув йилида ўтказилган давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1 240 614 (95,1 %) нафар абитуриент иштирок этди. Улар орасида максимал балл (189 балл) олганлар ҳам кўп кузатилди. Буни баъзи ижтимоий тармоқларда бир ёқлама талқин қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шулардан келиб чиққан ҳолда ҳолатга аниқлик киритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Бўлиб ўтган тест синовлари натижаларини таҳлил қилиш давомида максимал балл олган абитуриентлар сони аввалги йилларга қараганда кўпайганлиги аниқланди. Бунинг бир неча сабаблари бор. Маълумки, мамлакатимизда пандемия шароитида жорий этилган карантин чекловлари даврида бошқа соҳалар каби таълимда ҳам, жумладан, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул тест синовларига тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва абитуриентларнинг пухта тайёргарлик кўришларида мураккаб вазиятлар юзага келди.

Ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ва абитуриентларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз раҳбарлигида Aдминистрация ва Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган бир қатор йиғилишларда кириш имтиҳонларини соддалаштириш бўйича топшириқлар берилди ҳамда муҳим қарорлар қабул қилинди. Шулардан келиб чиқиб, кириш имтиҳонлари жараёнида абитуриентлар учун янада кенг имкониятлар яратилди. Уларга тўхталиб ўтамиз:

➖ 2019 йилдан бошлаб умумтаълим фанларидан тест саволлари тўплами нашр этилди ва ушбу тўпламда ишлатилган саволлар базасининг 20 фоизидан кўпроғи кириш тест жараёнларида фойдаланилди;

➖ телеграм тармоғида e-sinov тизимидан абитуриентларга бепул фойдаланиш имконияти яратилди (тест синовларига қадар 1,4 миллиондан ортиқ абитуриент ушбу хизматдан бепул фойдаланди);

➖ тест топшириқлари соддалаштирилди. Бунда авваллари қўлланилган 4-даража қийинликдаги (энг қийин) саволлар умуман олиб ташланди. Бу йил улар ишлатилмади, 3-даражали саволлар сони камайтирилди ва 1-даражали саволлар сони тегишли равишда оширилди (12 та савол – 1 даражали, 12 та савол – 2 даражали, 6 та савол – 3 даражали). Шунингдек, барча умумтаълим фанлари бўйича назарий саволларнинг сони кўпайтирилди. Ўқув-лаборатория машғулотларига оид, расмли, харитали ва жадвалли тест топшириқлари сони оширилди;

➖ миллий ва халқаро сертификатларнинг тегишли даражасига, пандемия даврида ишлаб чиқилган IELTS Indicator сертификатига эга бўлган абитуриентлар учун ҳам максимал балл бериш белгиланди;

➖ Халқ таълими вазирлиги ва Давлат тест маркази томонидан абитуриентларнинг тест синовларига пухта тайёргарлик кўришлари учун “Онлайн репетитор” теледастурлари мунтазам эфирга узатилди;

➖ жорий йил учун истисно тариқасида тест синови топшириладиган 5 та фандан 2 та мутахассислик фани қолдирилди;

➖ Ҳар бир тўғри деб топилган жавобга балл бериш тизими ўзгартирилиб, биринчи ва иккинчи фан учун мос равишда 3,2 ҳамда 3,1 баллдан берилди. Олдинги йиллардаги каби 1,1 балл бериш қўлланилмади;

➖ Тест синовларини топшириш учун ажратилган вақт меъёри оширилиб, амалдаги тартибда кўрсатилган 2 соат ўрнига 3 соат этиб белгиланди.

Тест синови қанчалик мураккаб жараён бўлмасин, қайд этилган ўзгариш ва тақдим этилган имкониятлар абитуриентларнинг юқори натижага эришишига асосий сабаб бўлиб хизмат қилди», дейилади ДТМ баёнотида.

Zarnews.uz

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM