Қишлоғингиз тарихини биласизми?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Иштихон туманига қарашли Қулжамол қишлоғи Соғарж тепалигига туташиб кетган. Тепалик эса Пайариқ тумани ҳудудига ўтиб қолган. Катта тарихий аҳамиятга эга бўлган - Соғарж номи ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзи олимлар  "Соғарж" сўзи май солинадиган қадағ "соғар" атамасидан келиб чиққан дейишади. Дарҳақиқат, бу жой атрофида қадимдан мўл-кўл узум етиштирилиб, сифатли ичимликлар тайёрланган ва бу ичимликлар шоҳ саройларига ҳам етказиб берилган. Ўнлаб шоирлар Соғарж майларини ґз ғазалларида мадҳ этишган. Яна бир ўлкашунос олим Н.Б.Бегалиев қуйидагича фикр билдиради. Унга кўра бу сўз таркибидаги "Шоу", "Шув" компоненти суғдча "қора" маъносидаги сўз бўлиб, иккинчи қисмидаги "ғар" эса "довон", "тоғ"маъносидадир дейилади. Шунга кўра "Шовғар" сўзини "қора тоғ" деб изоҳлашган.

Кўриниб турибдики, "Шов", Сов, "Шав" элементлари ёрдамида ясалган номлар географияси кенг бўлиб, "Соғарж" номи ҳам шулар жумласидандир. Биз бу ўринда мазкур топонимнинг "Шовғарч" -"Соғиш" -"Соғиштепа" - Соғишман шаклларида ўзгариб борганлигини кузатамиз. Демак дастлаб тоғ номи бўлган "Соғарж" сўзи кейинчалик қишлоқ номига нисбатан ҳам қўлланила бошлаган. Соғарж - суғонча эканлиги ҳақида чалкам фикрлар ҳам бор. Ҳадисшунос Йўлдошхон Исаев ва тарих фанлари номзоди А.Раимқуловлар бу фикрларни нотўғри эканлигини далиллар орқали кўрсатиб беришди. 

"Қадимий Соғарж шаҳрининг локализацияси ҳақида" сарлавҳали мақолада қуйидагиларни ўқиймиз: "кейинги пайтларда бу борада тадиқод олиб борган тадқиқодчиларда бу шаҳарнинг Оқдарё туманидаги Суғончи қишлоғи ўрнида бўлганлиги ҳақидаги фикр пайдо бўла бошлади. Бунга В.Л.Вяткиннинг ўз даврида билдирган фикрлари қолаверса "      Суғончи" (Суғончи сўзи эски туркийда арпа деган маънони беради, "чи" эса сґз ясовчи қўшимчадир) сўзининг талаффуз жиҳатдан "Соғарч" атамасига яқинлиги сабаб бўлган бўлса ажаб эмас"

Мақолада яна: "... келтирилган далиллар қадимий Соғарч шаҳрининг  бизнинг кунларгача етиб келган харобалари Суғончи қишлоғи ҳудудида жойлашган "Суғончитепа" эмас, аксинча "Соғиштепа" эканлигини кўрсатади.

Бу фикрни ундаги ўрта асрлар йирик шаҳарларга хос  (Куҳандиз) арк, шаҳристон ва работларнинг мавжудлиги ҳам тасдиқлайди, деб ифодаланган". Деган ишончли фикр ҳам бор. Бундан ташқари Йўлдошхон Исаевнинг "Соғаржлик алломалар" номли мақоласида берилган маълумотларга кўра, Шайх Бурхониддин ибн Алауддин Соғаржийнинг Х асрда Сомонийлар даврида яшаганлиги авлиёликда Қутб даражасига кўтарилганлиги, бу зотнинг насл насаби Ҳазрат Умар ибн Ҳайитбой розиаллоҳу анҳуга бориб тақалиши ҳақида "Ислом энцклопидияси"дан олинган маълумотлар баён қилинади.

Шунингдек, академик Б.Валихўжаевнинг фикрига кўра Бурхониддин Соғаржийнинг XII-XIII асрларда яшаганлиги, XV асрнинг саксонинчи йилларида эса Амир Темур пирининг қабри устига гумбазли "Руҳобод" мақбарасини қурдирганлигини баён қилади. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Соғарж яқинида гавжум бозор ҳам бор эди. Қулжамол қишлоғи аҳли катта ишга қўл уриб, Соғарж атрофининг бир қисмини обод қилди. Уч хонали иморат ҳам қад ростлади. Ариқ қазилиб, турли хил дарахт кўчатлари ва гуллар ўтқазилди. Келиб-кетувчилар учун ҳордиқ чиқарадиган масканга айлантирилди. Эндиликда хоналарнинг бирида музей ташкил қилиш тараддудидалар.

Юқорида айтганимиз ўша тепаликдан сал нарида бир қишлоқ бўлиб, "ёмон Қорахони" деб аташади. Соғаржга ёндош йирикроқ қишлоғлардан яна бири Қорахони деб аталади. Бу қишлоқ Иштихон тумани. "ёмон Қорахони" эса Пайариқ тумани ҳудудида жойлашган.

"Қорахони"  номи билан аталадиган қишлоғлардан яна бири Иштихон туманининг Шейхлар қишлоғи ёнида жойлашган.

Шундан келиб чиқиб, бу ном билан аталадиган жойлар Пайариқда битта, Иштихонда иккита, шунингдек, Нурота туманида Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам бор эканлиги ҳақида маълум.

Маълумки, Қорахони уруғ номи эмас салтанат атамасидир. "Қора" атамаси ҳукмдорларнинг насабини эмас, уларнинг унвони бўлиб, "буюк", "улуғ" деган маъноларни билдирган. Қарлуқ ҳукмдорлари ўзларини "буюк ҳоқон", "улуғ ҳоқон" ёки қорахон унвонлари билан улуғлаб келганлигини ёзади Зойир Зиётов "Тўрон қавмлари" китобида. Шунингдек "Қорахонийлар" -Қарлуқ, Чигил, Яғмо, Халаж каби кўплаб қабилаларнинг бирлашувидан пайдо бўлган - дейди муаллф.

Агар қорахони атамаси салтанат номи бўлиб, унинг таркиби юқорида қайд этилган қавмлардан ташкил топган бўлса, қишлоқлар(қишловла) га қўйилган "Қорахони" атамаси қандай пайдо бўлган деган савол тўғилади. Саволга бу борада Зойир Зиётовнинг юқорида номи тилга олинган китобида қайд этилган фикрларга таяниб, шахсй мулохозаларимизни баён қиламиз. Маврауннаҳр хусусан Зарафшон водийсига келиб ўрнашган Қарлуқ, Чигил, Яғмо сингари қабилалар бу ердаги аҳолига ўзларини "Биз қорахонийлармиз",  деб таништирган, ёки маҳаллий аҳоли "Қорахонийлар келди, булар қорахонийлар" деб қарши олган бўлишлари мумкин. Шундай қилиб Қорахони атамаси ўрин-жой (қишлоқ) номига айланган бўлиши эҳтимоли бор.

Қорахони қишлоғида яшаб улғайган Даврон бобо Қодиров, Сафар бобо Файзиев, Низом бобо Бойсариев, Қаршибой бобо Зоиров, Эсиргап бобо Бобоев, Абдулқосим бобо, Қобил бобо Назаров, Аҳмад бобо Ғаниев, Жўлибой бобо, Бозорбой бобо, Қаршибой бобо Холбоев кабилар суҳбатларда "Биз хонларданмиз-Қорахонийларданмиз" дер эдилар фахрланиб.

Қорахони қишлоғининг ўртасида айланаси дўнгликлардан иборат тепалик бўлиб, "работтепа" деб атрофини эса "оқ работ" деб атайдилар.

Демак ўзларини Қорахонийлар дегувчи қабилалар биринчи бўлиб шу ерларга ўрнашган бўлишлари мумкин.

Кекса Ғазалхон Даврон Қодирий боболаримизнинг ташаббуслари билан Ғиждувонлик қорахонийлар меҳмон бўлиб келган эдилар. Улар билан борди-келдилар, меҳмондорчиликлар, доимий ёзишмалар давом этиб турган.

Диёримиздаги барча қишлоқлар қатори Қорахони ҳам Республикамиз мустақилликка эришгач обод, бой-бадавлат қишлоққа айланди. Бу қишлоқдан шоир Даврон Қодирий, ёзувчи Ўринбой Норматов (Ёдгор) лар қорахонилик бўлиб, шеърий ва насрий асарлари билан китобхонларга яхши таниш. Тиббиёт фанлари номзоди, доцент Искандар Сафаров (марҳум) кўкрак жарроҳлиги бўйича маҳоратли шифокор эди.

Ушбу мақолада биз томондан илгари сурилган фикрларга ўз мулоҳозаларимизни айрим манбааларга таянган ҳолда баён қилдик холос. Биз қаламга олган бу мавзу бошқаларни ҳам қизиқтириб қўйишига аминмиз, зеро ҳар бир инсон ўзи яшаб турган жой номини билишга қизиқиши табиий ҳол.

Манба: "Иштихон овози" газетаси

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM