Шуҳрат Негматов: “Миллий ғурурни сақлаб қолайлик!”

1989 йил 21 октябрь – она тилимизга давлат тили мақоми берилган кун сифатида тарих зарварақларига бир умрга муҳрланган кун.
ЮНЕСКО малумотларига қараганда тарихда одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 минггача бўлган экан. Бугунги кунда эса сайёрамизда 6 мингдан ортиқ тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида. Бу тарихий ҳодисанинг аҳамияти шундаки, тилимиз айни шу кундан бошлаб яна бир бор қаддини ростлаб олди. Бугунги кунда тилимиз ўша йўқолиб кетаётган тиллар эмас, ривожланиб, такомиллашиб бораётган тиллар қаторида турибди.
Тарихдан маълумки, она тилимиз шу кунга қадар заҳматкаш халқимиз каби турли кўргуликларни, йўқотиш ва топишларни бошидан кечириб келди. 14-15 асрларга келиб тилимизни мавқие анчайин пасайиб кетганди. Яратилган асарларнинг аксарияти форс-тожик тилида ёзиларди. Шундай вазиятда тилимиз тарихи саҳнасига буюк бобомиз Алишер Навоий кириб келди ва тилимизнинг имкониятлари қанчалик кенг эканлигини исботлаб берди. У ўзининг Хамсасини туркий тилда ёзиб бутун дунёни лол қолдирди. Шунингдек, А.Навоий “Муҳокаматул луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) асарида тилимизнинг сўз бойлигини исботлаб берди.
Шундан сўнг, тилимизда буюк асарлар яратила бошлади. Адабиётимиз янги жанрлар билан бойиб борди. Тилимиз такомиллашиб, унинг янгидан янги қирралари очилиб борди. Шу тариқа миллат сифатидаги энг муҳим кўзгуни сақлаб қолдик.
Абдурауф Фитрат ўзининг “Тилимиз” номли мақоласида тилмизни энг бой ва унинг имкониятларидан кам фойдаланиладиган тил дея тарифлаган эди. Унинг қарашлари бугунги кун учун айтилгандай гўё. Чунки, бугунги кунга келиб она тилимиз қолиб кўпинча бошқа тиллардан фойдаланиш урф бўлиб қолди. Оддий бир мисол, кўчага чиқсангиз баннерларнинг кўпчилиги хорижий тиллардаги сўзлар билан бежаб ташланган. Катта-катта савдо марказлари, ўқув марказларидан тортиб, кичик хизмат кўрсатиш марказигача номланиш хорижий тилда. Энг ёмони баъзи чет тилидаги сўзларнинг маъносига ҳам эътибор қаратиб ўтирмай катта қилиб, ёзиб қўйиш ҳолатларини қандай таърифлашни билмайди инсон.
Шундай пайтда инсон ёдига миллий ғурур масаласи келади. Миллатнинг миллатлигини кўрсатувчи асосий кўзгуси тил экан уни асраб-авайлашимиз, унга нисбатан ҳурматда бўлишимиз керак. Бежизга тил онага қиёсланмайди. Чунки у ҳамма нарса берадию аммо ҳеч нима талаб қилмайди. Ҳеч нима талаб қилмас экан деб уни топтаб ташлаш ўзини ҳурмат қилган инсоннинг иши эмас.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM