Алексей Власов: Самарқанд – Ўзбекистоннинг ташриф қоғози

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Самарқандда ўтаётган “Валдай” мунозара клубининг X Осиё конференциясида Россия Федерацияси Президенти бошқармасининг хорижий давлатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар департаменти бошлиғи Алексей Власов ҳам иштирок этмоқда.

ЎзА мухбири Ғ.Хонназаров Алексей Власовнинг бугунги Ўзбекистон, айниқса, мамлакатимиз ёшлари ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

– Аввало, Ўзбекистонда бизга кўрсатилаётган анъанавий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу юртингизга келган ҳар бир хорижлик ҳис этадиган туйғу. Қолаверса, буюк тарихга эга афсонавий Самарқанд шаҳри ҳам бизда катта таассурот қолдирди.

Ўйлашимча, ташкилотчилар бу галги Осиё конференциясини ўтказиш учун жой танлашда кўплаб омилларни ҳисобга олган. Албатта, энг асосий омил – Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар, иқтисодиёт, хавфсизлик каби жуда муҳим соҳалар бўйича нафақат минтақа, балки Ҳамдўстлик миқёсида илғор ташаббуслар илгари сурилаётгани билан боғлиқ.

Самарқанд – Ўзбекистоннинг ташриф қоғози. Россия, Европа давлатларидан келган шерикларимиз ушбу шаҳарда мамлакатингизнинг бой тарихи ва маданиятини, Ўзбекистон нақадар тез ривожланаётганини бевосита кўриши, бетакрор миллий таомлардан баҳраманд бўлишлари шубҳасиз.

Бугунги урашувда кейинги йилларда Россия билан Ўзбекистон ўртасида жадал ривожланаётган ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш асосий масалалардан бири бўлди. Бу Россия ва Ўзбекистон фаоллик кўрсатаётган минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга ҳам бевосита алоқадор.

Икки давлат ўртасидаги алоқаларда таълим соҳасига оид дастурлар, лойиҳалар муҳим ўрин эгаллайди. Сабаби, Ўзбекистонда аҳолининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили минглаб ўғил-қизлар мактабни тугатиб, олий ўқув юртларига кириш истагини билдирмоқда. 

Сўнгги йилларда Россиянинг бир қатор олий таълим муассасалари Ўзбекистонда ўз филиалларини очгани, шу билан бирга ўқиш учун Россияга бораётган ўзбек ёшлари сафи жуда тез суръатда кенгайиб бораётгани бежиз эмас. Икки томонлама шўъба йиғилиши доирасида ижтимоий-гуманитар, маданий ва таълим соҳалари бўйича алоқаларни янада кенгайтириш атрофлича муҳокама қилинди. Энг муҳими, мулоқот давомида кўтарилган масалаларни шунчаки кўриб чиқиш эмас, балки муаммоларга биргаликда самарали ечим топиш кўзда тутилди.

Бугун Ўзбекистон Президентингиз томонидан танланган очиқлик сиёсат самарасида ташқи шерикларга бағрини тобора кенг очмоқда. Қувонарлиси, бу Россия билан муносабатларда ҳам намоён бўлмоқда.

Россия ва Ўзбекистон ёшлари иштирокидаги кўплаб фестиваллар, форумлар ўтказилиши анъанага айланди. Яқинда Москвада ташкил этилган ана шундай фестиваллардан бирида Ўзбекистон ёшлари чуқукр билимга эга, ўз олдига юксак мақсадларни қўйган тадбиркор, иқтисодчи, сиёсатчи, социолог ва бошқа турли касб соҳиблари эканига гувоҳ бўлдик. Бир сўз билан айтганда, мамлакатда инсон капитали омили кескин ўсган ва Ўзбекистон ҳам шунга мос равишда тараққий этмоқда.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM