Ижтимоий тармоқларда туман ҳокимининг фуқарони калтаклаши билан боғлиқ махфий дея таъриф бериб тарқатилган видеога туман ҳокимлиги ахборот хизматининг расмий муносабати

Бу воқеа бундан икки-уч йил аввал содир бўлган. Бу масала kun.uz интернет нашри орқали ўша пайтда ойдинлик киритилган ҳолда атрофлича ёритилган эди. Айтиш мумкинки бу воқеанинг ҳеч қандай янгилик эмаслиги, ким ҳақу ким ноҳақ эканлиги барчага маълум. Бинога масаласига келсак у жуда эски бўлиб, ўтган асрнинг 70 йилларида қурилган туман маданият бўлимига қарашли бино бўлган. Ўша даврда у бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолганди(бу ҳақда тегишли идораларнинг хулосаси бор). Бундай вазиятда нима қилиш керак эди? Бизнингча бинони бузиб, халқ учун хизмат қиладиган бир муассасага айлантирилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бунёд Ўроқов эса туман ҳокимига дағдаға қилиш, уни қўрқитиш орқали бинони эгаллаб олиб, бу ерда “газакхона” ташкил қилишни мақсад қилганди. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг бу эски бино ўрнида газакхона очилгани яхшими, ёки халқ манфаатларига хизмат қиладиган бирор муассаса учун янги бино қурилганими? Ахир эски, нураб яроқсиз аҳволга келиб қолган бинода турли фавқулодда вазиятларнинг юзага келмаслигига, бу ерга келган одамларга зарар етмаслигига ким кафолат беради.

Шу каби салбий оқибатлар келиб чиқишини инобатга олган туман ҳокими бинони бузишга қарор чиқарган. Бузилиш ишлари бошланган вақтда Бунёд Ўроқов келадию, туман ҳокимини сўкиб, ҳақоратлай бошлайди. Сўкиш, ҳақоратлаш билан ўз мақсадига эриша олмаслигини тушунимб етган Б.Ўроқов камирасини ёқадию, қонунни рўкач қила бошлайди. Туман ҳокими эса шу халқ учун, шу юртнинг фарзандлари учун бу каби ҳақоратларга чидашига, тишини тишига қўйишга мажбур бўлган. Аммо Бунёд Ўроқовнинг куракда турмайдиган қилиқлари ҳар қандай одамни ҳам қуюшқондан чиқаради. Балки туман ҳокими бироз қаттиқ гапиргандир аммо калтаклашгача бормаган. Бунёд Ўроқов калтакланадиган одамга ҳечам ўхшамайди. Унинг гапларидан кўриниб турибдики агарда иложини топса туман ҳокимини калтаклашгача боради.

Муҳими бу масалада туман ҳокими ҳеч қандай шахсий манфаатдорликни кўзламаган. Эскириб қолган, фойдаланишга яроқсиз бино ўрнида халқ учун хизмат қиладиган бирор муассаса қуришни мақсад қилган. Шу мақсадда бино ўрнида сузиш ҳавзаси туман туман марказидаги эски бинонинг ўрнида қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳозир бу ерда иштихонлик 200 дан ортиқ болалар сузиш спорти билан шуғулланиб келмоқда.

Масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Туман ҳокими “тадбиркорлик ишқида куйиб-ёнаётган” Бунёд Ўроқовга туман марказидан савдо дўкони қуриш учун иккита ер жой ажратиб берган, аммо бу жойларда ҳанузгача ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб борилгани йўқ.

Бунёд Ўроқовнинг видеодаги охирги гапларига эътибор берсангиз “бу мени мулким, бунга тегиниб, битта иккитанг кетиб қолма” тарзидаги таҳдидини кўриш мумкин. Бизнингча Бунёд Ўроқовнинг шахсига ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ.

 

 

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM