ИИБ ходими чўкаётган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

2020 йил 3 май куни соат 8:30 да Вобкент туманида яшовчи 39 ёшли аёл ўз жонига қасд қилиш мақсадида туман ҳудудидан оқиб ўтувчи “Зарафшон” дарёсига ўзини ташлаган.

Маҳалла раисининг хабарига асосан зудлик билан ҳудудий профилактика инспектори майор А.Аблоқулов ва Вобкент тумани ИИБ 5-сон ички ишлар бўлинмаси бошлиғи, капитан Ҳ.Ҳожиевлар ҳодиса жойига етиб келишган. Бунгача аёл тахминан 50 метрлар сув оқими бўйлаб оқиб, кўп сув ютиши натижасида юзага қалқиб чиққан.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, капитан Ҳ.Ҳожиев аёлнинг аҳволини (тирик ёки ўликлигини) ўйлаб ўтирмасдан дарҳол хизмат кийимини ечган ҳолда сувга сакраган ва аёлни сувдан ташқарига олиб чиққан. Капитан Ҳ.Ҳожиевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида нафас йўллари сув билан тўлган аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Маълум бўлишича, аёл руҳий хасталикка чалинган бўлиб, диспансер ҳисобида туради, оиласи, 2 нафар фарзанди бор. Ҳозирда саломатлиги яхши ва шифокорлар назоратида.

Баҳорнинг айни кунлари, қолаверса, эрта тонгда сувнинг совуқлигига қарамай, ИИБ ходими ўз ҳаётини хавф остида қолдирган ҳолда деярли ҳаётдан узилган аёлни қутқарганини жасорат деб аташ мумкин, назаримизда.

Zarnews.uz

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM