Зиёратгоҳлар

ПОЛВОН ОТА ЗИЁРАТГОҲИ

Иштихон тумани Митан қўрғонида жойлашган “Полвон Ота” жоме масжиди зиёратгоҳ-қадамжо ҳисобланади. Эски масжиднинг қачон қурилганлиги маълум эмас. Ҳозирги биноси 1989-1990 йилларда ҳашар йўли билан барпо этилган.

Масжиднинг шимол тарафида “Полвон Ота” (Аҳмад Замжий) мақбараси жойлашган. Мақбара эскидан мавжуд бўлиб, олдинги ҳолати кичик ва пасткам иккита бинодан иборат чилла хона ва мақбарадан ташкил топган эди. Бу иморат ҳам 2001-2002 йилларда бузиб ташланиб, пишиқ ғиштдан ёруғ ва кўркам қилиб қайта қурилган.

“Полвон Ота” (Аҳмад Замжий) ким бўлгани ва қачон, қаерда туғилиб, вафот этгани номаълум.

Мазкур мақбара маҳаллий халқ томонидан эъзозланиб, зиёрат қилинади. Масжиднинг ўзида “Полвони Аҳмад Замжий дафтари соний” номли эски ўзбек ёзувидаги китоб сақланиб, унда асосан жангнома воқеалари баён этилган.

Аҳмад Замжий Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳ)нинг ўғли Муҳаммад Ҳанафийнинг набираси бўлган. Абу Муслим Кутайба билан замондош бўлиб, жангларда елкадош бўлгани айтилади.

Қабри Митан қўрғонидан ташқари Хивада ҳам борлиги, Аҳмад Абдол деб аталиши ривоят қилинади. Вафотидан сўнг жасади турли шаҳар шоҳлари томонидан талаш бўлганлиги учун васиятига биноан етти дона  тобут ясатилиб етти томонга бериб юборилади ва тобут очилганда ҳаммасида жасадлари борлиги маълум бўлади. Халқ томонидан айтилган қисқача маълумот шулардан иборат бўлиб, аниқ, илмий асосланган маълумот мавжуд эмас.