Маҳаллий давлат ҳокимияти

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ТЎҒРИСИДА

I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти

Олдинги таҳрирга қаранг.

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир.

(1-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 августдаги ЎРҚ-439-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 914-модда)

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси бўлиб, айни бир вақтда тегишли ҳудуддаги вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқаради. Вилоят ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордирлар. Туман, шаҳар ҳокими юқори турувчи ҳоким ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким вилоят, туман ва шаҳар учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифалари амалга оширилишини, жойларда қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган ҳужжатлар, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар қарорларининг ижросини, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолини вилоят, туман ва шаҳарни бошқаришга жалб этишни таъминлайди.