Оммавий ахборот воситалари

                                 “Иштихон овози” газетаси тарихи ҳақида

     Иштихон туманида чоп этилаётган “Иштихон овози” газетасининг тарихи узоқ. Қарши олаётган 2019 йилда газетанинг 85 йиллиги нишонланиш арафасида. Ўтган давр мангулик олдида денгиздан томчидек гап. Аммо ўша давр газета учун чинакам ҳаёт мактаби бўлди. Газета дастлаб алимсоқдан қолган услубда Самарқандда чоп этилган. Газета ҳамма вақт ҳам эзгулик жарчиси бўлиб келган.

    Газетанинг биринчи сони  1934 йилда  собиқ Митан райони партия қўмитаси ва туман Кенгаши органи сифатида “Сталин йўлидан” номи билан чиққан. Аммо газетанинг дастлабки сонлари сақлаб қолинмаган. 1935 йилнинг 12 февралида чиққан 7-сонининг фотонусхаси бор.Шу далилнинг ўзиёқ газетанинг ёшини белгилайди. Йиллар ўтиб “Октябрь йўлидан” номи билан ҳам чоп этилди.

       Газетанинг дастлабки муҳаррирларидан икки-уч кишининг номлари аниқланган. Улар  Зарипов, Даминов, Султоновлар эди. Қолганлари қатағонга учраб номлари ҳам ўчиб кетган. Иккинчи жаҳон уруши даврида эса  муҳаррир ва таҳририят ходимлари  фронтга кетганлиги сабабли газета фаолияти тўхтаб қолган. 1950-60 йилларда  газетага Ж.Қодиров, Т.Алимов, Н.Зайниев, А.Сайфуллаевлар муҳаррирлик қилишган. М.Наврўзов, Н.Рўзиев, Н.Бегимов каби журналистлар масъул котиб вазифасида ишлаган.

    1963 йилдан Иштихонда “Колхоз ҳаёти” деб номланган газета таъсис этилди. Тажрибали журналист Н.Бегимов муҳаррир этиб тайинланди. Газета туман босмахонасида “А3” форматда чоп этила бошлади. Истеъдодли ижодкорлар Раҳимжон Сатторов, Мамараҳим Мардиев, Ибодхон Баҳодиров,  Рашид Тайлоқовлар газета ишига жалб қилинди. 10 йил Н.Бегимов муҳаррирлик қилди.

     Зайниддин Баҳриддинов 1965 йилда газета таҳририятига ишга келди ва 1973 йилдан шоир ва ёзувчи Зайниддин Баҳриддинов газетага муҳаррирлик қилиб келди. Ўша йиллар ҳафтасига туман босмахонасида 3 марта газета чиқиб турди. Ёш ижодкорларга эътибор қаратилди.

Шуни таъкидлаш ўринлики туман газетаси таҳририяти ижодкорларни ҳаёт сари йўлловчи ижод масканидир. Бугунги кунда республикамизда ҳурмат ва эътиборга  сазавор бўлган Олқор Дамин (охирати обод бўлсин), Йўлдош Эшбек, Рауф Субхон, адиба Шаҳодат Исахонова, ўшоир ва журналистлар Тўлқин Эшбек, Ориф Тўхташ, адиб ва олим Зрйир Зиёдовларнинг илк ижод намуналари туман газетасида чоп этилган.

       Айни вақтда кексаалик гаштини сўраётган Ўта Муҳаммадиев, Пардабой Олтибоев,Рўзимурод Ўролов, Ҳабибулла Оқпўлатовлар умрини газета ишига бахшида этган инсонлардир.

      2015 йилдан буён газета “А 4” форматда, рангли тасвирда “Шердор плюс полиграф” МЧЖ босмахонасида чоп этилмоқда.

      2018 йил   мустақиллик байрами арафасида “Иштихон овози” газетаси  вилоят ҳокимлигининг Дипломи ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.

 

“ИШТИХОН ОВОЗИ” ГАЗЕТАСИ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ

Газетанинг  биринчи сони 1934-йилда собиқ Митан райони партия қўмитаси ва туман кенгаши органи сифатида  “Сталин йўлидан” номи билан нашр этила бошлаган. Газетанинг дастлабки сонларининг асл нусхаси сақланмаган. Аммо фотонусхалари мавжуд.

Давр талабидан келиб чиқиб газета “Сталин йўлидан”,  “Октябр ғалабаси”, “Колхоз хаёти” каби  турли номлар билан чоп этиб келинган. 1991-йилнинг сентябридан газета “Иштихон овози” номи билан нашр этила бошланган. У ҳар бир даврнинг  ўзига хос солномачиси бўлиб қолди. Бу газетанинг  сарғайиб кетган эски тахламларини варақласак, туман газетаси ҳар доим илм-маърифат, маданият ва эзгулик тарғиботчиси бўлиб келганлигининг гувоҳи бўламиз.

Таҳририятда ишлаган журналистлар орасида 30-йиллар қатоғонига учраган, уруш йиллари фашизмга қарши жангларда жон берган кишилар бор.

Саксон йилдан зиёд вақтнинг турли даврларида таҳририятда Х.Зарипов, Л.Даминов, А.Бозоров, Ж.Қодиров, Н.Зайниев, Н.Бегимов, З.Баҳриддиновлар муҳаррирлик қилишган. Ҳозирги кунда газетага Гулчехра Усмонова муҳаррирлик қилмоқда.

Айни кунда туман газетасининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни беқиёс. Ижодкорларимиз ўз мақолаларида туман аҳли эришган меҳнат ютуқлари ҳақида муфассал сўз юритиб, муаммоларни биргаликда бартараф этиш йўллари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирмоқдалар. Газета туман ҳаётининг ёрқин кўзгуси сифатида ўз ўқувчиларига эга. Туман ҳокимлиги ўз нашри бўлган “Иштихон овози” газетасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Юклаб олиш (PDF)</