ГУЛЛАР ОРАСИДАГИ ГИЁҲ

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Одамлар турфа хил – кимдир эзгу ишлари билан элга хизмат қилиб, ҳурмат-эътибор шоҳсупасидан жой олади.Бошқа биров эса на ўзи ва на бошқаларга наф келтиради,балки аксинча “Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ” деганларидек ноўрин қилмиши туфайли яқинларининг дилини хира қилади.

 

Суднинг ”қора”курсисида иккинчи бор ўтириб, ўз қилмши учун жавоб берган Х.М ҳам ана шу иккинчи тоифадаги кишилардан бири. Йигит ёшида жиноят содир этиб, умрининг беш йилини жазони ўташ билан ўтказганига қарамай ёши олтмишни қоралаганда яна хатога йўл қўйди. Ўз ҳовлисининг 1 кв.метр ер майдонидаги гуллар орасига тақиқланган экин, яъни таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган саккиз туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаган. Сўнгра уни ҳовлисидаги тандирхона ва товуқ катагининг устига қуритиш учун ёйиб қўйганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, судланувчи ўзининг жиноий ҳаракатини давом эттириб, қонунга хилоф равишда экиб, етиштирган саккиз туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги ҳосилининг оғирлиги 19,1 граммга тенг бўлган бир тупини шаклини бузмаган ҳолда, қолган оғирлиги 592,4 граммга тенг бўлган етти тупини эса майдалаган ҳолда, жами оғирлиги 611,5 граммга тенг кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадида ўз уйида сақлаб келган.

 

Аммо, ҳар қандай қинғир иш барибир юзага чиқмай қолмайди.Х.Мнинг қилмиши ҳам туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўз вақтида аниқланди ва унинг жиноий ҳаракатларига чек қўйилди. Акс ҳолда бу гиёҳвандлик воситалари нафақат жиноятчининг ўзи, балки яна қанча “дўстлари”нинг соғлиги ва оиласи тинчлигини бузар, жамиятга ҳам зарар етказар эди. Қолаверса, уч нафар фарзанднинг отаси сифатида унинг бу қилмиши оиладаги вояга етмаган болалар, ўсмир ёшлар тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга оладиган бўлсак, Х.Мнинг жиноий ҳаракати оқибати нақадар оғир бўлишини тасаввур этиш қийин эмас.

 

Суд мажлисида Х.М ҳақиқатдан ҳам ўзи била туриб ҳовлисидаги гуллар орасига зарарли экин уруғини экиб парваришлаганини тан олди ва қилмишидан пушаймон эканини таъкидлади.

Албатта, фуқаро Х.М нинг жиноий ҳаракатлари суд мажлисида тегишлича баҳоланди ва унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жазо тайинланди. Лекин бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозим – агар оиладагилар, қўни-қўшни ва маҳалладошлар озгина эътиборли бўлишганида эҳтимол бу воқеа содир бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Бир инсон ўз ҳовлисидаги гуллар орасига тақиқланган экин эска-ю, буни шу хонадонда истиқомат қилаётган уй бекаси, фарзандлар эътиборсиз қолдирса, бу ўта лоқайдлик, жиноятчининг қилмишига хайриҳоҳлик эмасми? Ахир маҳаллаларда жамоатчилик назоратини кучайтириш, салбий иллатларга қарши бирлашган ҳолда иш олиб боришнинг тарғиб этилаётганидан мақсад ҳам шу эмасми? Аслида бу қилмишдан энг биринчи галда уларннг ўзлари азият чекишмайдими? Менимча, ҳар бир инсон бундай ҳолатларда масалага мана шу нуқтаи назардан ёндошса, нур устига аъло нур бўлар эди.

 

Ж.РАШИДОВ,

вилоят прокурорининг ёрдамчиси.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM