Меҳнат шартномаси қандай тузилади?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ходим ва иш берувчи ўртасида бирор муаммо юзага келадиган бўлса, унга аввало, меҳнат шартномасидаги қайдлар орқали ечим топилади. Чунки, шартнома – иш берувчи ва ходим ўртасидаги энг асосий ҳужжатлардир биридир.

МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ — ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, яъни меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив хужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш бўйича қонуний ҳужжатдир. У меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни таъминлайди. Шартнома ходим ва иш берувчи ўртасида тузилади.

Хўш, кимлар ходим бўлиши мумкин? 16 ёшга етган ҳар бир фуқаро, чет йуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ходим бўлиши мумкин. Бироқ, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун — улар 15 ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бири ёки ота-она ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Ҳар бир ходим ўз меҳнати учун ҳақ олиш, ўз вақтида дам олиш,

хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда ишлаш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, касаба уюшмалари ҳамда ходимлар ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга бирлашиш, қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш, ўз меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга ходимнинг мажбуриятлари ҳам белгиланган. У ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизоми, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши, иш берувчининг мол-мулкини авайлаб асраши лозим.

Иш берувчи сифатида: 1) корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида; 2) мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар;3) ўн саккиз ёшга тўлган айрим шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда;4) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар бўлиши мумкин.

Ўз навбатида иш берувчи ҳам ходимлар меҳнатини ташкил қилиш ва уларга меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиш, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараш, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориш; қонунчилик талабларига кўра жамоа шартномаларини тузиш мажбуриятларини ўз зиммасига олади..

Тузилган даврга қараб меҳнат шартномаларининг номуайян муддатга (бу тузилган шартномаларнинг асосий тури), 5 йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга (ушбу турдаги шартномалар муддатли меҳнат шартномалари деб аталади) ва муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилади.

Меҳнат шароитларига қараб меҳнат шартномаларининг турлари:

а) оддий шароит билан. Бу одатда, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим; Б) тунги вақтда ишни бажариш шарти билан. Тунги вақти соат 22-00 дан 6-00 гача деб ҳисобланади.В) қискартирилган иш вақти билан.

Иш вақтининг қисқартирилган муддати қуйидагилар учун белгиланади: 1) 18 ёшга тўлмаган ходимлар; 2) I ва II гуруҳ ногирони бўлган ходимлар; 3) ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар; 4) алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар; 5) уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар.

 

Меҳнат шартномасининг шакли ҳукумат қарори билан тасдиқланган намунавий шартномани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.Унинг мазмуни тарафларнинг келишуви, шунингдек меҳнат қонунчилиги ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан белгиланади.Ходимлар учун меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари даражаси меҳнат шартномасини тузишда қонунчиликдаги талаблардан пасайтирилмаслиги лозим.Меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилади.Тарафларнинг манзиллари кўрсатилади. Меҳнат шартномаси ходим ва иш берувчининг имзолари билан мустаҳкамланиб, имзоланган муддати қайд этиб қўйилади. Корхона муҳри билан тасдиқланади.

Ходим ишга қабул қилиш пайтидааввало, иш берувчи билан ишчи ўртасида меҳнат шартномаси тузилади. Иш берувчининг буйруғи расмийлаштирилади ва унда асос этиб меҳнат шартномаси кўрсатилади. Ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ тузилган меҳнат шартномасининг мазмунига тўла мувофиқ равишда чиқарилиши лозим. Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади.

Меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ҳам ўз тартиби мавжуд.Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида буйруқ расмийлаштирилади; Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, тегишли моддаси (банди) далил қилиб кўрсатилади. Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан унинг касаллиги, ногиронлиги, ёшга доир пенсияга чиқиши, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юрти ёхуд таянч докторантурага ёки докторантурага қабул қилиниши ва қонун ҳужжатларига кўра муайян имтиёзлар ва афзалликлар бериладиган бошқа сабаблар туфайли бекор қилинганда буйруқда шу сабаблар кўрсатилади; Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.

Судга ва меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш муддатлари: ишга тиклаш низолари бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб 1 ой; ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича — зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб 1 йил; бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 3 ой.

Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин; Ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплашга доир низолар бўйича судга мурожаат қилиш учун муддат белгиланмайди.

Меҳнат қонунчилиги талабларини бузганлиги учун интизомий; моддий; фуқаролик ҳуқуқий; маъмурий;жиноий жавобгарлик турлари мавжуд.

Интизомий жазо сифатида ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи ёки 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима солиш ҳамда меҳнат шартномасини ходимнинг айбли ҳаракатлари натижасида бекор қилиш чоралари кўрилиши мумкин.Бошқа интизомий жазо чораларини қўлланиш тақиқланади, ҳар бир ножўя хатти-ҳаракат учун фақат 1 та интизомий жазо қўлланиши мумкин. Интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин узоғи билан 1 ой ичида қўлланилади. Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб 6 ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса, содир этилган кундан бошлаб 2 йилдан кейин жазони қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди.

 

Назокат ҚОДИРОВА,

“Мадад” ННТ Иштихон тумани

ҲМБ бош мутахассиси.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM