ИНСОН ОМИЛИСИЗ КУЗАТУВЛАР АДОЛАТЛИ ТАРТИБГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа режасига биноан ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида туман ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи Файзулла ҲАМИДОВ иштирок эди ва “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида туманда олиб борилаётган ишлар ҳақида” журналист ва блогерларга батафсиз ахборот берди.

Маълум бир мақсад билан йўлга чиққан ҳар бир киши, хоҳ ҳайдовчи ёхуд хоҳ пиёда бўлсин у йўл ҳаракати иштирокчисига айланади. Ҳаракатланаётган вақтида бирор бир нохуш ҳолатга тушмаслик эса унинг ҳушёрлиги, мавжуд йўл ҳаракати қоидаларига нечоғлик амал қилишига боғлиқ. Маълумотларга кўра, кейинги пайтда мамлакат миқёсида йўл ҳаракати иштирокчилари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисалар юз бериши сезиларли даражада ошаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Шу боисдан ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш кун тартибидаги муҳим вазифалардан бирига айланди.

-Сўнгги вақтларда давлатимиз раҳбари томонидан Ички ишлар органлари, айниқса, Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда,- дея таъкидлади Ф. Ҳамидов анжуманда,-

Жорий йилнинг 11-февраль куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган “Хавфсиз ва равон йўл” тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда эътироф этилган вазифалар юзасидан туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда туманимиз ҳудудидан ўтган барча йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситалари оқими хавфсиз ҳаракатланишини ташкиллаштириш, айниқса ўлим билан боғлиқ ҳамда болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда аниқ мақсадли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва ижрога киритилди.

Жумладан, асосий эътибор ҳайдовчи ва пиёдалар йўлларда ҳаракатланишида амалдаги қоидаларга қатъий амал қилиш, уларда ҳаракатланиш маданиятини шакллантириш, бу борадаги билим ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида туман ХТБ, ИИБ ХПБ ТП профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда 96 та умумий ўрта таълим мактаби, 2 та ИДУМ, 4 та касб-ҳунар коллежи, 5 та ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув марказларида фаолият юритаётган ўқитувчилар ҳамда ўқувчилар билан суҳбатлар ўтказилди. Иштихон шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактаби серқатнов йўл ёқасида жойлашганлиги учун ҳудудда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида ҳомий томонидан замонавий сунъий нотекислик ўрнатилди. “4 R-48” автомобиль йўлининг “Иштихон-Митан” йўналишида жойлашган 49-умумий ўрта таълим мактаби, шу йўналишнинг “Митан- Челак” йўналишида 51, 52, 59-километрларидаги аҳоли яшаш пунктларида ҳам 3 та сунъий нотекисликлар ўрнатилди ва тегишли жойларга махсус белгилар қўйилди. Туман ҳудудида қарийб 5,5 километрлик пиёдалар йўлакчалари яратилди. Туман марказидаги 4 та чорраҳага замонавий светафор қурилмаси ўрнатилган бўлиб, улардан автомобиллар ва пиёдалар ҳаракатланишини тартибга солишда фойдаланилмоқда.

Шунингдек, туманимизни кесиб ўтадиган Халқаро ва давлат аҳамиятидаги “М-37” автомобиль йўлининг тегишли километрларида тезликни ўлчовчи радар қурилмалари, “4 R-48” автомобиль йўлининг 60-километрида, яъни Иштихон “Деҳқон бозори” олдига 2 та 360 градус йўналишда қоидабузарликларни аниқловчи видеокузатув мосламаси ўрнатилган. 1 та мобиль тезликни ўлчовчи радар қурилмаси билан жиҳозланган “Cobalt” автомобили фаолият олиб юритмоқда.

Энг муҳими, эндиликда соҳада кузатувларнинг инсон омилисиз, яъни замонавий техник воситалар ёрдамида амалга оширилишига эришишимиздир. Бу қулайлик кузатувларнинг адолатли амалга оширилишига имконият яратади ва фаолиятимиз самарадорлигини оширади.

Туманимиз ҳудудида жами 1646,8 километр автомобиль йўлларидан фойдаланилади. Шундан 24 километрини Халқаро аҳамиятга эга бўлган магистраль йўл ташкил этади. Давлат аҳамиятидаги йўллар 63 километр, маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўллар 277 километр, хўжалик йўллари эса 1332,8 километрни ташкил этади.

Жорий йилнинг биринчи чорагида туманда жами 4 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги қайд қилинди. Ушбу ҳодиса оқибатида 2 нафар фуқаро ҳалоқ бўлган, 2 таси тан жароҳати олган. Албатта, бу каби кўнгилсизликлар битта бўлса ҳам кўп.

Ана шуларни эътиборга олган ҳолда, фурсатдан фойдаланиб ҳурматли юртдошларимиздан йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраймиз.

Тадбирда Ф.Ҳамидов журналист ва блогерлар томонидан Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик бўйича қонунга киритилган ўзгаришлар, марказий йўллар четида транспорт воситаларини таъқиқланган жойларга қўйиш, юк машиналари учун махсус автотураргоҳлар ташкил этиш бўйича берилган саволларига ҳам батафсил жавоб берди.

 

М.ҲАЙИТОВА,

“Иштихон овози” мухбири.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM