ИНСОН ВА ТАБИАТ – БИР БУТУН ОЛАМ

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа режасига биноан ўтказилган навбатдаги матбуот анжумани ”Инсон саломатлигига таъсир этувчи хавфли омилларни бошқариш мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш борасида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар” мавзусида кечди. Анжуманда туман СЭО маркази раҳбари Набихон Зиёдуллаев журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

Инсон саломатлиги бевосита у яшаб турган макон, нафас олаётган ҳаво ва албатта, истеъмол қилинаётган сув ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига боғлиқ. Бугун бутун дунё бўйлаб соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, экологик муҳит мусаффолигини асраш, тоза ичимлик суви таъминотига эришиш каби бир-биридан муҳим масалалар кун тартибида эканлиги ҳеч биримизга сир эмас. Анжуманда туманимизда ҳам бу борада муаммолар етарли эканлиги эътироф этилди.

- Марказимиз томонидан аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланишини тўғри йўлга қўйиш доимий назорат қилиб борилаётир,- дея таъкидлади Н.Зиёдуллаев.- Албатта, бу борада ечимини кутаётган муаммолар йўқ эмас. Ҳозирги кунда туман аҳолисининг 62 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Мавжуд сув иншоотларининг аксарияти ишламайди, ишлаб турганлари ҳам таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, фақат туман марказидаги хонадонлардагина тоза ичимлик суви тармоқлари ишлаб турибди, у ҳам санитария талабларига тўла жавоб бермайди. Истеъмолчиларга етказиб берилаётган сув кўпроқ бактерицид лампа ёрдамида зарарсизлантирилмоқда.

Шунинг учун туман аҳолиси истеъмол қиладиган ичимлик суви, очиқ сув ҳавзаларининг сифати ва таркиби таркиби имкон даражасида ҳар ойда мунтазам текшириб борилмоқда. Ҳудудлаги ичимлик суви қаттиқлиги даражаси юқорилиги сабабли аҳолига уни қайнатиб ичиш тавсия этилмоқда. Масалан, Шейхларкент ва Халқобод МФЙ ҳудудидаги сув иншоотларидан олинган лаборатория намуналари текширилганда, сувнинг қаттиқлик даражаси 10-14 мг/экв эканлиги аниқланган. Амалдаги санитария меёрлари ва қоидаларига асосан бу кўрсаткич 2-10 мг/экв бўлиши белгилаб қўйилган.

Очиқ сув ҳавзалари устидан доимий лаборатория назорати ҳам жуда муҳим. Чунки, доимий назорат олиб борилмаса, Оқдарё ва Қорадарё ҳамда уларнинг кичик каналлари сувининг ифлосланиши натижасида аҳоли ва чорва моллари соғлиги, қишлоқ хўжалик экинларига таъсир кўрсатиши ва бу жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, туманимизда оқар сувга жиддий зарар етказувчи саноат корхоналари, йирик ишлаб чиқариш объектлари деярли йўқ. Аммо, аҳоли томонидан турли чиқиндилар, ахлатларнинг оқар сувга ташланишининг ўзи сувнинг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Негаки, чиқиндилар таркибида ҳар хил заҳарли химикатлар, кислоталар, тузлар ва юқумли касаллик қўзғатувчи бактерия, вирус ва паразитлар бўлиши табиий.

Ёз ойларида болаларнинг сув ҳавзаларида чўмилиши, чорва моллари ва томорқада етиштириладиган озиқ-овқат экинларининг суғорилиши гижжа ёки сув орқали ўтувчи юқумли касалликларни олиб келиши мумкин.

Аҳоли саломатлигига салбий таъсир этувчи яна бир омил – атмосферанинг ифлосланишидир. Пахта тозалаш заводи, текстиль фабрикалари, кластерлар, мармар ва тошни қайта ишловчи корхоналар, қишлоқ хўжалиги кимё ва заҳарли химикатлар билан ишлаш отраяди, чорва ва паррандачилик комплекслари, кушхоналар, темирчилик ва дурадгорлик устахоналари, автомобиллардан чиқадиган назлар аллергик ва юқори нафас йўлларининг сурункали касалликлар ва онколгик касалликларга олиб келиши мумкин.

Шунингдек, тупроқнинг ифлосланиши, аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг санитария ҳолати ҳам доимий назоратга муҳтож. Мониторинг натижасида бу борада ҳам жиддий нуқсонлар эътироф этилган. Айниқса, “Деҳқон бозорлари”да алоҳида чиқиндихоналарнинг мавжуд эмаслиги, бори ҳам санитария талабларига жавоб бермаслиги кишини ранжитади. Яна бир муҳим масалалардан бири, туман тиббиёт бирлашмасидан чиқадиган турли чиқиндилар, хусусан, туғруқхона мажмуасидан чиқаётган йўлдош чиқиндилари учун қабристондан жой ажратилмаганлиги, катта ҳажмли контейнерларнинг етишмаслигидир.

Шифохонадан чиқаётган оқава сувларни тозалаш иншооти ишламайди. Натижада, бу сув зарарсизлантирилмасдан бўлимлар ертўлалари ҳамда тармоқдаги узилиш жойларидан сизиб чиқиб атрофни ифлослантирмоқда.

Бир сўз билан айтганда, туманда санитария ҳолатини яхшилаш учун кенг қамровли чоралар кўриш тақозо этилади. Аввало, махсус чиқиндихона фаолияти яхшиланиши, катта ҳажмли контейнерлар таъминоти йўлга қўйилиши керак. Агар чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси ташкил этилса, бу муаммоларна ечим топиш осон кечади.

-Шу ўринда яна бир муҳим фикрни айтишимиз зарур,- деди суҳбат сўнгида Н.Зиёдуллаев. – Тозалик-озодаликни қарор топтириш инсонларнинг ўз саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Агар ҳар бир оила, ҳар бир шахс тозалик учун курашса, у энг аввал ўзи, оила аъзолари ва яқинлари саломатлигини асраган бўлади. Қаерда яшаш маданиятига амал қилинса, соғлом турмуш тарзи шакллантирилса, ўша жойда саломатлик мустаҳкам бўлади. Атрофимизни ўраб турган олам мусаффо бўлса, биз соғлом бўламиз.

Анжуманда, марказ томонидан амалга оширилаётган ишлар, галдаги режалар ҳақидаги саволларга батафсил жавоб олинди.

Гулзамон АКБАРОВА.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM