Хушманзара табиат, меҳмондўстлик ёқди, - дейди корейс дўстимиз

Халқимиз меҳмондўстлиги, оқибатлилиги билан танилган. Иштихон шаҳри, Ўзбекистон МФЙ даги тадбиркорлар Раҳима ва  Муҳаммадиёр Ҳакимовлар икки йилдирки Кореянинг Чонан шаҳрида истиқомат қилаётган Чан Хо ва Егай Акулина Хан оиласи билан дўстлашиб, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашмоқда. Улар айни саратон ойининг ҳароратли кунларини бизнинг юртимизда ўтказишни хоҳлашди ва ташриф буюрди. Укалари Юн Сон ҳам уларга ҳамроҳлик қилмоқда.Қуёшли мамлакат Ўзбекистон уларга жуда ёқиб қолган. Об-ҳавонинг ниҳоятда иссиқ кунларида бошқалар соя-салқин жой излашса меҳмонлар аксинча қуёш нуридан баҳраманд бўлишга интилишди.

     Асли касби таржимон бўлган Егай Акулина Хан ўзбек хонадонларидаги ҳаётга жуда қизиқади. Урф-одатларимизда ҳам ўхшашлик борлигини таъкидлашди. Миллий ўзбекона либослар, сузана, дастурхон каби қўл меҳнати сингган қуроқчилигимизга ҳавас қилди. Улардан кўргазма ташкил қилиш ниятида эканлигини билдирди ва буюртмалар билан жуда кўп рўзғорга ишлатиладиган маҳсулотлар харид қилди.

      Қуёшнинг нурини олиб шарбат энган боғлардаги олма, узум, полизларда ғарқ пишган қовун-тарвузларни кўриб юримизнинг нақадар хушҳаво, ерларимизнинг бебаҳо эканигини такрор-такрор тилга олдилар.

  • Меваларингиз жуда ширин, - дейди Егай Акулина Хан. - Қовун-тарвузларни айтмайсизми?!  Худди тўймай қоладигандек севиб истеъмол қилаяпмиз. Узумларни ҳам токдан олиб татиб кўриш бошқача. Бизни ниҳоятда катта боғларга олиб боришди, охири кўринмайдиган узумзорларни ўзимиз кўриб жуда қувондик!

    Айниқса халқимизнинг меҳмондўстлиги уларга жуда ёқди. Қайси хонадонга боришмасин қўни-қўшнилар, қариндошлар чойга таклиф қилишди, лаззатли таомлар билан сийлашганидан хурсанд бўлишди.

    Энг муҳими тадбиркор Раҳима Ҳакимова улар билан ҳамкорликда ишлашга келишди. Энди тадбиркор тиккан маҳсулотлар Кореяда ҳам машҳур бўлади. Халқимизнинг меҳмондўстлигини кўриб миннатдорчилик билдиришди. Биз ҳам улар билан эсдалик учун суратларга тушдик. Буни қарангки корейс дўстлар билан тенгдош эканмиз. Бизни ҳам меҳмонга таклиф қилишди. Ҳамиша кўзларида нур, юзларида табассум порлаб турган инсонлар билан хайрлашиш осон кечмади. Яна дийдорлашамиз деган ширин хаёллар билан бир-биримизга қўл силтадик.

                                             Г.УСМОНОВА.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM