Янги вазирлик маҳаллалар ободлиги, оилалар мустаҳкамлигига хизмат қилади

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Президентимизнинг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, мамлакатимизда янги давлат тузилмаси — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Адлия вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур фармон мазмун-моҳияти, янги вазирликнинг асосий вазифалари, фаолият йўналиши ва ваколатлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларига маълумот берилди. Тадбирда соҳа мутахассислари, экспертлар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан вазир лавозимига маъқулланган Раҳмат Маматов иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, янги тузилма оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Шунингдек, вазирлик жамиятимизда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилининг тўлиқ ижро этилишини таъминлайди. Бунда ободонлаштириш ишлари энг чекка ҳудудларимизга қадар жадал олиб борилади, жиноятдан холи ҳудудлар сони кўпайишига алоҳида эътибор қаратилади. Фуқаролар йиғинларининг фаолияти мунтазам қўллаб-қувватланиши натижасида иш самарадорлиги ошиши таъминланади. Бу борада соҳа ходимларига барча шарт-шароитлар яратиб берилади. Шунингдек, фуқаролар йиғинларига мавжуд ваколатларини тўла-тўкис амалга оширишда кўмаклашиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялайди. Энг маъқул ва ижобий натижасини узоқ куттирмайдиган, самарали механизм яратилишида янги тизим қатор қулайликлари ҳамда афзалликлари билан халқимиз кўнглидан муносиб жой олиши аниқ. Зеро, ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи яхлит тузилманинг ташкил этилиши, албатта, ягона мақсад йўлида, бир мушт бўлиб жипслашиш, ўзаро ҳамжиҳатликда, таъсирчан куч бўлиб ишлашимизга шарт-шароит ва имкониятлар яратади.

Қайд этиш керакки, вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳоким ўринбосари, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи эса ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ҳисобланиши белгиланди. Ушбу янги лавозимларнинг амалиётга татбиқ этилиши Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги маҳалла, қишлоқ ва овулларда аҳоли муаммоларини аниқлаш, уларни ҳал этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни ташкил этишда катта аҳамият касб этади.

Маҳалла раисининг ваколат муддати уч йилдан беш йилга узайтирилиб, унинг уч нафар ўринбосари лавозими жорий этилиши соҳа ходимларининг айни истаги ижобати бўлди, десак  муболаға бўлмайди. Шунингдек, профилактика инспекторининг маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари этиб белгиланганлиги — маҳалла ва ички ишлар органларининг узвий ҳамкорлигини мустаҳкамловчи кўприк бўлганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиздир. Натижада эса профилактик инспектори ва маҳалла раисининг 5 йил давомида бир жойда фаолият олиб бориши муаммоларни мақсадли ва манзилли, узоқ муддатли, илдизигача тўлиқ бартараф этиш имконияти яратилади.

Янги тузилмада хотин-қизлар билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Шу вақтга қадар хотин-қизлар қўмиталарида, маҳаллаларда меҳнат қилиб келаётган аёллар янги тузилмада ҳам ўз фаолиятини давом эттиради, уларнинг мавқеи, моддий шарт-шароитлари, иш ҳақи миқдорлари сезиларли оширилади.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоялашда ҳам янги вазирлик барча масъулиятни ўз зиммасига олади. Негаки, аёл, аввало, оилада эъзоз, ҳурмат топса, унинг таъсири аввало маҳалла, сўнгра бутун жамиятда сезилади. Бу эса унинг атрофидаги одамлар ҳаётига ҳам ижобий таъсир ўтказмай қолмайди. Янги вазирлик жойлардаги шу каби муаммоларни аниқлаш, тизимли равишда ҳал этиш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фуқаролар йиғинларига ҳар томонлама кўмаклашади.

Бу жараёнда одамларнинг аҳил яшаши, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар ўртасидаги маиший низоларнинг олдини олишда миллий қадрият ва анъаналаримиз, маҳаллаларда шаклланган маънавий тарбия воситаларидан унумли фойдаланилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассислар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда маҳалладаги хотин-қизлар билан қалбан яқин бўлиши, уларнинг мавжуд муаммоларига ечим топишга кўмаклашиши зарур. Зеро, аёл кишининг кайфияти, атрофдагиларга муносабати унинг оиласи хотиржамлиги ҳамда фарзандлари тарбиясига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш чораларини аёлларни қўллаб-қувватлаш ва ҳаётга бўлган муносабати ва муҳаббатини оширишдан бошлашимиз зарур. Шундагина жиноятчилик, оилавий ажримлар, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича ишларимиз ўз натижасини беради. Президентимизнинг мазкур Фармони айни жиҳатларга катта эътибор берилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Албатта, янгича тизимда мамлакатимиздаги катта ҳаётий тажриба эгалари — нуроний отахон ва онахонларимиз масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз жамоатчилик билан биргаликда маҳалла ва оилалардаги ҳар қандай муаммони ҳал қилиш, хато қилган ёшларни тўғри йўлга бошлашда бизга катта кўмак бера олади. Шу боис Фармонда акс этганидек, вазир ўринбосарларидан бири кексаларни ижтимоий рағбатлантириш, ёшларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланиши кўзда тутилди. У бир вақтнинг ўзида «Нуроний» жамғармасига раисликни ҳам бажариши белгиланди.

Маҳаллалар раисларининг обрўси, мавқеи оширилаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Чунки шу пайтга қадар улар зиммасида 200 дан зиёд вазифа сақланиб келаётган, шунча ишни бир киши бажариши мумкинми, деган савол бирон мутасаддини ташвишга солмаётганди. Сир эмас, айрим вилоятларда маҳалла ходимларини қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларига хос бўлмаган топшириқлар ижросини таъминлашга жалб этилаётгани, турли йиғилишларга чақириш ҳолатлари ҳамон давом этиб келаётганди.

Энди эса маҳалла раислари ўз ҳудудининг ҳақиқий эгасига, юз берган ҳар бир ҳолат учун бирламчи жавобгар ва масъул мутасаддига айланишади. Янги тартибга кўра, фуқаролар йиғинлари ишининг самарадорлигини юксалтириш мақсадида улар фаолиятига хос бўлмаган 50 дан ортиқ вазифа бекор қилинади. Улар эндиликда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ер участкаларини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш каби аниқ мақсадларга йўналтирилган масалалар билан шуғулланишади.

Бир сўз билан айтганда, энди маҳаллалар ўз иши билан машғул бўлади. Оддий мисол, бир оилада нотинчлик юз берса, уни бартараф этиш учун бирлашган ва аниқ тизимли, кенг ваколатли жамоа кўмаги зарур. Шу пайтгача бир нечта жамоат ташкилотларининг бир-бирини такрорловчи функциялари натижасида мавжуд муаммолар аниқланиши кечикар, бор муаммо ҳам мутасадди эгасини тополмай, одамларни сарсон қиларди. Мазкур йўналишларнинг ягона тизимга бирлашиши эса шу каби бошбошдоқликларнинг олдини олиш билан бир қаторда, натижадорликни бир неча баробарга ошириши билан ҳам аҳамиятлидир.

Умуман олганда, фармонда илгари сурилган барча ташаббуслар, жумладан, фуқаролар йиғинлари зиммасидаги ортиқча вазифаларнинг бекор қилиниши, соҳага оид янги иш ўринларининг очилиши, вертикал тизим яратилиши, раисларнинг мақомини кўтариш, уларнинг малакасини ошириш каби ўз ечимини кутаётган муҳим масалалар бўйича аниқ вазифалар қўйилгани бутун тизим вакилларини тўлқинлантириб юборди. Айниқса, ўз фаолиятига сидқидилдан ёндашиб, яхши натижаларга эришган маҳалла раислари меҳнатини муносиб тарзда рағбатлантириш йўлга қўйилиши адолатдан бўлганлигини айтиб ўтиш жоиз.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM