Иштихон туманида Халқаро хотин-қизлар байрами кўтаринки руҳда нишолланди

Бугун Иштихон туманида 8- март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан байрам тадбирлари ташкил этилди. Куннинг биринчи ярмида туман марказидаги мусиқа ва санъат мактабида концерт дастури намойиш қилинди. Байрам тадбирида туман ҳокими Шуҳрат Негматов иштирок этиб, хотин-қизларни байрам билан табриклади. Шундан сўнг халқимиз севган санъаткорлар Эркин Комилов ҳамда Ёдгор Саъдиев табриклари эса байрам тадбирига ўзгача шукуҳ олиб кирди.

Куннинг икиинчи ярмида эса тумандаги ижтимоий ҳимояга мухтож оилалар хотин-қизлари, узоқ йиллар ўзларининг самаралаи меҳнатлари билан ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилган онахонлар ҳамда бугунги кунда халқ таълими, банк соҳаси, ҳуқуқ тизими ва бошқа бир қанча соҳаларда ўзларининг меҳнати, фидокорлиги билан элимизга хизмат қилиб келаётган хотин-қизлар учун дастурхон ёзилиб, байрам тадбири бир пиёла чой устида давом этди. Тадбир сўнгида байрам иштирокчилари бўлган аёлларимизга туман ҳокимлигини эсдалик совғалари топширилди.

Йиллар давомида олиб борилган ислоҳотлар, замон билан ҳамнафас қонунларнинг қабул қилиниши натижасида туманимизда ҳам гендер тенглигини таъминлаш борасида кўзга кўринадиган ишлар амалга оширилди. Натижада эса туманимизда раҳбар хотин-қизлар сони ортиб борди. Ҳозирда халқ таълими, мактабгача таълим ташкилоти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида раҳбар хотин-қизларнинг сони анчагина салмоқни ташкил этмоқда. Жумладан, туман кенгашидаги 30 нафар депутатлик ўрнининг 9 нафари аёллар эканлиги фикримизнинг исботи бўла олади.

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш орқали уларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини ошириш, оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш учун иш ўринларини яратиш лозим бўлади. Ўтган 2019 йилда туманимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 1,5 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди. Бу ерда меҳнат қилиб келаётган хотин-қизларимиз бугунги кунда меҳнат қилиб, оиласининг фаровонлигини таъминлаб келишмоқда.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2020 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM