ОРТИҚЧА ВАҲИМАГА БЕРИЛМАНГ!

Ҳурматли юртдошлар! Маълумки, 16 мартдан бошлаб Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши профилактика мақсадида карантин ҳолати эълон қилинди.
Аммо, бу одамлар орасида асоссиз ваҳима ва шов-шувлар тарқалишига сабаб бўлмаслиги керак. Аҳоли саломатлигини сақлаш, зарур ҳолатларда юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, халқимизни озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсаслар билан таъминлаш масаласи тўла назоратга олинган.
Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етарли даражада мавжуд ва бу масалада хавотирланишга мутлақо асос йўқ. Карантин ҳолатида ҳам бозор, савдо марказлари, умумий овқатланиш шахобчалари фаолияти тўхтатилмайди. Аҳоли одатдагидек ўз эҳтиёжига қараб, керакли маҳсулотларни харид қилиши мумкин. Айни пайтда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Иштихон тумани бўлими ходимлари билан биргаликда бозорларимиз тўкин-сочинлиги, маҳсулотларимиз етарли даражада эканлиги, бу масалада ортиқча ваҳимага ўрин йўқлиги фуқароларга тушунтирилмоқда.
Айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан нархларнинг асосиз оширилишига йўл қўймаслик мақсадида Давлат солиқ инспекцияси томонидан махсус ишчи гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди.
Агарда нархларнинг асоссиз оширилиши ҳолатлари шоҳиди бўлсангиз, зудлик билан солиқ хизмати органлари ходимларига хабар беришингиз мумкин.
Азиз юртдошлар! Ортиқча ваҳима ва шов-шувларга асло ҳожат йўқ эканлигини унутманг!
Иштихон туман Давлат солиқ инспекциси.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM