Сабр ва хотиржамлик – энг яхши фазилат

Ҳозирги вақтда кўпчиликни ваҳимага солаётган касаллик “корона вирус” ҳаёт тарзимизга оз бўлсада таъсирини ўтказмоқда. Дунё бўйича тарқалган бу бало кўп инсонларни саросимага солиб қўйди. Шу сабабли савдо дўконлари ва бозорларда одамлар озиқ овқат махсулотларини эхтиёжидан ортиқ сотиб олишни бошлашди. Тўғри, бундай пайтда киши ўзини йўқотиб қўяди. Аммо, инсон ўзлигини, одамгарчилигини йўқотмаслиги лозим. Нарх наво кўтарилиб, қимматлашса имконияти бор кишилар қийналмасдан махсулот сотиб олар, лекин халқ ичида кам таъминланган, етимлар, боқувчисини йўқотган кишиларимиз бор. Ҳадиси шарифда “ Қўшниси оч була туриб, ўзи тўқ ухлаган киши хақиқий мусулмон эмас” деб марҳамат қилинган. Бошқа бир ҳадисда “ Ўзинга раво кўрган нарсангни биродаринга ҳам раво кўрмагунингча ҳақиқий мумин бўла олмайсан” дейилган.

Азизлар, ҳаётда кўп синовлар Аллоҳ таоло тамонидан бандаларига берилади. Бу вирус ҳам бир синов эканлигини унутмайлик. Дардни берган албатта унинг шифосини ҳам беради. Шундай ҳолатлар юз берганда дуо қилишлигимиз ҳақида тавсия қилинган. Жумладан, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам: “Бирор бир банда ҳар тонгда ва тунда “Бисмиллаҳиллазий лаа язурру маъасмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис самаи ва ҳувас самиъул алиим”, деб уч марта айтса. Унга бирор нарса зарар бермайди”, (Маъноси:”Шундай Аллоҳнинг исми билан бошлайманки, Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайди. У эшитувчи ва билгувчи Зотдир), дедилар.

Давлатимиз тамонидан, туманимиз мутасадди рахбарлари тамонидан ҳалқимизнинг тинчлиги, хотиржамлиги ва соғлиги учун тинимсиз хайрли ишлар олиб борилмоқда. Аҳолига керакли тушинча ва тавсиялар берилмоқда. Кези келганда биз оддий фуқоролар ҳам ўзимизнинг тартиб интизомимиз, хотиржамлигимиз ва талвасага тушмасдан ёрдам беришимиз керак. Ҳам ўзимизни ва ҳам ватандошларимизни соғлигини, аҳволини яхшилашни ўйлашимиз, унутмаслигимиз лозим. Бу кунлар ҳам инша Аллоҳ ўтиб кетади.
Иштихон туман бош имом хатиби Алижон Яқубов.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM